Шарқда азал-азалдан аёл зотига юксак даражада ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб келинган. Аёл нафақат она, уй бекаси, севимли ёр, опа ёки сингил, у жамиятнинг тиргаги, жамоа ва ташкилотларда етакчи маслаҳатчи, меҳрибон устоз ҳамдир.

Дарҳақиқат, аёлнинг жамиятдаги ўрни янада мустаҳкамланиб бормоқда. Аёлларимиз нафақат оилада, балки ўзларининг меҳнат фаолиятлари давомида юксак натижаларни қўлга киритиб келмоқдалар.

"Йил аёли” миллий танлови эса аёлларимизга ўз иқтидор ва қобилиятларини намойиш этиш имконини бераётгани учун ҳам иштирокчилар сафи йилдан-йилга кенгайиб бормоқда.

Куни кеча мазкур танловнинг Навоий вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Насиба Содиқова ва бошқалар мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий мавқеини мустаҳкамлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидладилар.

Танлов иштирокчилари томонидан тайёрланган кўргазмалар, видеороликлар, белгиланган шартлар бўйича ўзига хос чиқишлар намойиш этилди.

Якуний натижаларга кўра, туманимиздаги 20-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Раъно Одилова "Ёш авлодни тарбиялашда технология дарсларида ўргатиладиган миллий ҳунармандчилик турларининг аҳамияти” лойиҳасини муваффақиятли тақдим этиб, "Жонкуяр устоз” номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритди.

Раъно Одилова "Йил аёли-2018” миллий танловининг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Норбегим БУРАНОВА, туман ҳокимлиги етакчи мутахассиси.

Фикр билдириш