1111.jpg

Бир  банданинг  ой  юзли  олти  қизи  бор  экан

Бойлиги  бисёр  экан-у, бир  ўғилга  зор  экан.

Эй , Худойим  йўлингга  қилдимку  хайру-эҳсон,

Нега  ўғил  бермайсан  дея  қилармиш  исён.

Хўрламиш  аёлини  ҳар  сафар  қилиб  таҳқир,

Тан  олмасмиш  қизларин  ҳадя  этганин  тақдир.

Олтинчи  қиз  туғилгач, ичиб  олибди  роса,

Аламдан  синдирибди  бир  неча  чойнак-коса.

Маст  ҳолида  уйида  тарашадек  қотибди,

Тушида  бир  Азроил  тепкилаб  уйғотибди.

Эй, ношукур  тур  энди, етар  шунча  ётганинг,

Аллоҳга  исён  қилиб, гуноҳларга  ботганинг.

Фариштадек  қизларни  қадрига  сен  етмадинг,

Аллоҳнинг  инъомини  тўғри  қабул  этмадинг.

Борар  жойинг  дўзахдир, ҳаромдир  сенга  жаннат,

Гарданингга  илинди  кечилмас  тавқу-лаънат.

Деди: -қара  дўзахнинг  етти  дарвозаси  бор,

Майли  қайсидан  кирсанг, ўзингдадир  ихтиёр.

Банда  юрди  ноилож  биринчи  эшик  томон,

Эшикни  ланг  очдилар  икки  қўриқчи  посбон.

Ё, Оллоҳ  шундаймикан  умрнинг  интиҳоси,

Дўзахдан  ўрлар  кўкка  гуноҳкорлар  нидоси.

Шу  замон  дарвозада  икки  қулочин  ёзиб,

Йўлин  тўсди  отасин  банданинг  катта  қизи.

Деди: -ота  сиз  битта,  бизлар  олтита  қизмиз,

Сиз  учун  дўзахга  ҳам  кирамиз  ҳар  биримиз.

Аллоҳим билгучидир, ривоятда демишлар,

Ҳур қизларни дўзахга қабул қилмас эмишлар.

Қўлтиғидан  олишиб  бечорани  икковлон,

Судрадилар  бандани  иккинчи  эшик  томон.

Ланг  очсалар  эшикни  фиғон  кўкка  ўралар,

Гуноҳкорлар  дўзахда  қийноқ  ила  сўралар.

Во  ажаб,  нени  кўрар  банданинг  икки  кўзи,

Эшикни  тўсиб  турар  унинг  иккинчи  қизи.

Туғилдим  мен  отажон  жигарингиз  қонидан,

Ўтказмайман  мен  сизни  ҳатто  дўзах  ёнидан.

Учинчи  дарвозада  турарди  учинчи  қиз,

Киритмайман  отажон  сизни  дўзахга  ҳаргиз,

Биласизку  отажон  сизни  қандай  суяман,

Ўрнингизга  минг  бора  мен  дўзахда  куяман.

Не  қиларин  билмайин  посбонлар  талвасада,

Ё,  тавба  қизлар  бунча  меҳрибон  бўлмасада.

Олти  дарвозани  ҳам  қўриқлашиб  олти  қиз,

Отасини  дўзахга  киритмадилар  ҳаргиз.

Отанинг  надоматдан  ёшланди  икки  кўзи,

Еттинчи  дарвозага  йўқ-ку  еттинчи  қизи.

Еттинчи  дарвозага  судради  икки  посбон,

Энди  сени  дўзахга  тиқамиз  деди  шодон.

Ютаман  деб  дарвоза  оғзини  очиб  турар,

Даҳшатдан  бечорани  юраги  гуп-гуп  урар.

Танасида  ҳис  қилди  банда  дўзах  ўтини,

Яхшиямки  вақтида  уйғотворди  хотини.

Шундан  бери  хотинин  атрофида  гиргиттон,

Билолмай  сабабини  хотин  ҳам  лол-у, ҳайрон.

Қизларимнинг  қадрига  етмабман-ку  мен  аҳмоқ,

Хотинжон  бўла қолсин  яна  битта  қизалоқ.

Эр-хотин  ҳеч  туймаган  муҳаббатни  туйдилар,

Еттинчи  қизига  ҳам  тамал  тошин  қўйдилар.

Майли  ўғил, қиз  бўлсин  барчаси  фарзандингиз,

Ўғил  суянчиқ  бўлса,  қизингиз  жаннатингиз.

 

Раббимқул   Шопўлатов,

фахрий ижодкор. 

Фикр билдириш