Оила гўзал турмуш қуриш, бахтли – саодатли яшаш, ибратли умр ўтказиш учун берилган инъом. Турмуш барпо этилгандан сўнг, ҳар бир ёш қалбида олам-олам қувонч, орзу истаклар пайдо бўлади. Ушбу орзуларнинг энг буюки ота-она бўлмоқ. Қобил фарзандларни дунёга келтириб, уларга яхши тарбия бериб, комил инсон қилиб тарбияламоқдир.

Бунинг учун энг аввало яратганга шукроналик қилиб, оила хотиржамлигини йўлга қўйиш муҳим саналади. Оила хотиржам бўлган жойда фарзандлар баркамол вояга етади.

Афсуски, кейинги вақтларда оилаларда турли сабабларга кўра келишмовчиликлар туфайли ажримларнинг сони ортмоқда. Бу келишмовчиликлар оқибатида оила, деб аталмиш муқаддас даргоҳ парчаланиб етим болалар сони ортиб бормоқда. Оиладаги келишмовчиликлар болаларга ҳам маънан ҳам руҳан таъсир қилади.

Келишмовчиликлар ва муаммоларнинг аксарияти эр-хотин ва кўпинча қайнона-қайнота ўртасида келиб чиқмоқда. Бу муаммоларнинг аксарият қисми етарлича ҳурмат кўрсатмаслик, моддий манфаат, айниқса бизда кўпроқ учрайдиган тўқлиққа шўхлик ҳамда оилада учинчи кишининг аралашуви ҳисобланади.

Айрим ёшлар сабр – қаноатдан узоқ. Дабдабали ҳаётга ўч, худбин бўлиб улғаймоқда. Буюк ва муқаддас қадриятларга эътиборсиз қарашмоқда. Пул ҳамма нарсани ҳал қила олмаслигини, юксак инсоний қадриятларга зарурат борлигини ёшларга яхшилаб тушунтириш лозим.

Инсон ҳаётда турли қийинчиликларга дуч келиши мумкин. Афсуски, турмуш қурганига қарамай, ўз вазифасига масъулиятсиз ёки фарзандли бўлишига қарамай ота-оналик бурчини бажара олмаётган инсонлар орамизда учраб туради. Ҳатто, бир неча йил яхши ҳаёт кечириб, сўнг кичик бир муаммо сабаб турмушлари бузилган инсонлар бор. Бундай ота-оналар ўз турмушларини йўқотиш билан бирга фарзандларини келажагини ҳам йўққа чиқармоқдалар.

Биз кўпинча келишмовчиликлар ва муаммоларнинг аксарияти эр-хотин ва асосан қайнона-келин ўртасида келиб чиқмоқда деб ўйласак, ҳозирги вақтда айрим оилаларда эркакларнинг ўз ўринларини аёлларга топшириб қўяётганларини гувоҳи бўлмоқдамиз. Бундай оилаларни биз соғлом оила деб атай олмаймиз. Шу ўринда биз кўпроқ эркакларни оиладаги ўрнини жонлантиришимиз, уларни маънавиятини юксалтиришимиз лозим бўлади. Чунки, эркак киши ҳамма вақт аёл зотидан бир поғона устун туради!.

"Нега бири иккинчисидан юқори мавқеда туриши керак?!”.

"Ҳақлар тенг бўлганда жанжал чиқади”, деган эди бир мутафаккир.

Оилада чиқаётган жанжалларнинг асосий қисми икки тарафнинг ҳам айтганини қилдиришга уриниши туфайли юзага келади. Аслида жанжал узаймаслиги учун хотин киши тилини қисқа қилиб, бўлаётган гапларга нуқта қўйиши керак. Оилада бир кишини бошлиқ дейдиган бўлсак, у ҳам бўлса оиланинг устуни бўлмиш эркак киши бўлиши лозим.

Пайғамбаримиз Алайҳиссалом суюкли қизлари Фотима онамизни турмушга узатаётганларида шундай ўгит берганлар: "Қизим, сен эрингга жория бўлки, у ҳам сенга қул бўлсин!”.

Ҳозирги айрим аёллар жория бўлмасдан қул эрларга эга бўлишмоқчи.

Аёллар қадим-қадимдан меҳр-муҳаббат садоқат рамзи бўлиб, оилада чиройли муроса илмига амал қилганлар. Бугунги кунда биз ҳам аёлларимиздан мана шу гўзал фазилатларни кутиб оламиз.

Мубина КАМОЛОВА, "Оила” маркази туман бўлими раҳбари,

Шаҳодат ШАРИПОВА, "Оила” маркази туман бўлими мутахассиси.

Фикр билдириш