Мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда автомобиль транспорти муҳим ўрин тутади. Бугунги кунда ҳаётни транспорт воситаларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Чунки соҳанинг заҳматли ходимлари халқ хўжалик юкларини белгиланган манзилларга етказиб бериб, ишлаб чиқариш жараёнлари ва бунёдкорлик ишлари маромини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Шунингдек, одамларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилиш ҳам транспортчилар зиммасида.

Шимолий кон бошқармаси тасарруфидаги Автомобиль транспорти бошқармаси ва 1- сонли автобаза ишчи-хизматчилари, муҳандис-техник ходимлари шаънига илиқ сўзлар айтсак арзийди.

placeholder_article_economics_1_0.jpg

Автомобиль транспорти бошқармаси жамоаси "Шарқий” ва "Дауғизтау” конларидан қазиб чиқарилаётган тоғ жинсларини омборларга етказиб беради. Тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш учун қайта ишланадиган руда бу ердан темир йўл транспорти орқали 3- гидрометаллургия заводига жўнатилади.

1-сонли автобаза жамоаси Шимолий кон бошқармаси бўлинмалари ишчи-хизматчиларининг ишга бориб-келишида транспорт хизмати кўрсатишдан ташқари корхонага тегишли моддий-товар бойликларни юртимизнинг турли бурчакларига ташиш билан ҳам шуғулланадилар. Мазкур автокорхоналар парки дунёнинг етакчи компанияларида ишлаб чиқарилган энг сўнгги русумдаги оғир бульдозерлар, катта ҳажмдаги тоғ-кони автоағдаргичлари, юк ортувчи ўзиюрар машиналар, автобуслар, енгил автомобиллар ва бошқа замонавий техника воситалари билан тўлдириб борилмоқда.

Йил бошидан буён Автомобиль транспорти бошқармасига 90 тонна юк ташиш қувватига эга бўлган "БелАЗ – 75581” русумли 18та автоағдаргич, иккита К-702 русумли, битта Т-35-01 русумли бульдозер, МАN русумидаги ёқилғи ташишга мўлжалланган автомобиль келтирилди. Двигателларни таъмирлаш цехи реконструкция қилиниб, автомобилларнинг ёнилғи тизимини таъмирлаш ва қайта текширувдан ўтказиш стендлари билан қуроллантирилди.

Эндиликда, ҳар қандай техника воситасининг двигатели "Навоий машинасозлик заводи” ишлаб чиқариш бирлашмасига юборилмасдан, бевосита шу ернинг ўзида сифатли таъмирланади. Демак, катта миқдордаги маблағ иқтисод қилинади.

Бундан ташқари, эҳтиёт қисмлар сақланадиган янги омборхона барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Яқин келгусида улкан ҳажмли автошиналарни таъмирлаш устахонасини ишга тушириш мўлжалланаяпти. Бугунги кунда устахона учун зарур дастгоҳларни етказиб бериш юзасидан шартномалар тузилган.

Транспорт бошқармасида меҳнат интизомини мустаҳкамлаш, иқтисодий самарадорликка эришишни кўзлаб инновацион лойиҳалар дадил қўлланилмоқда. Тоғ-кон механизмлари ва транспорт воситаларида марказлашган назорат тизимининг жорий этилганлиги спутник радиотўлқинларидан фойдаланиб, объектнинг ҳаракат йўналишини юқори даражада аниқлаш ва пировардида ёқилғи-энергия ресурсларини тежаш имконини бераяпти.

Кон бошқармаси транспорт корхоналарида кўплаб ўз касбининг фидойилари меҳнат қилишади. Автомобиль транспорти бошқармаси бошлиғи Ахат Қурбонов, автоколонна бошлиқлари Мирзо Камолов, Ғулом Рўзиев, йўл қурилиш механизмлари участкаси бошлиғи Нодиржон Ниёзов, ҳалол меҳнатлари эвазига "Кончилик шуҳрати” кўкрак нишонига сазовор бўлган чилангарлар Ҳазратқул Турғунов, Пётр Коптев, Учқун Собиров, Владимир Наврўзов, 1- сонли автобазанинг тажрибали ҳайдовчилари Абдулла Қаҳҳоров, Ҳотам Маттаров, Нурилло Чўлиев, Бердуман Калменов, корхона раҳбари Сейдали Омаров, бош муҳандис Баҳодиржон Ахунов, чилангарлар Ҳусан Ҳожиев, Нурказбек Таурбеков, токарь Габит Жиянқуловлар шулар жумласидандир. Ҳар иккала корхонанинг жонкуяр транспортчилари барча имкониятлардан унумли фойдаланиб, йилни яхши кўрсаткичлар билан якунлаш мақсадида астойдил меҳнат қилмоқдалар.

Лайло КАРИМОВА, Шимолий кон бошқармаси матбуот хизмати.

Фикр билдириш