Ёмғир... Осмон кўз ёши - ёмғир шаррос қуярди. У дарахт баргларини аёвсиз тўкар, одамлар эса шалаббо бўлмаслик учун пана жой излаб қочардилар. Йўлакларда эса аллақачон бебош ёмғирдан халқачалар юзага келган. Юрган, югурган киши борки, кўлоблардан айланиб – сакраб ўтар эди.

Одамлар ивиб кетишдан ҳадиксираганми, атрофда уларнинг шовқини деярли эшитилмайди. Фақат... фақат соябон кўтариб, ғамгин нигоҳларини бир нуқтага тикканча хаёл уммонига ғарқ бўлган йигитгина ёмғирни писанд этмай турарди. У гоҳ қўлидаги соатга гоҳ йўлга қарар эди. Шу ҳолида кимнингдир ташрифига интизорлигини сезиш қийин эмасди.

Йигит узоқ кутди. Нималардир хаёлини олди. Сўнг чўнтагидан бир дона сариқ атиргулни олиб, йўлакдаги ўриндиқ устига қўйди. Ва у кетди...

Кимсасиз кўчанинг четларидаги дарахтлар бош чайқар, гўё "кетма" дея пойига баргларини аямай сочарди.

Йигит кетгач, орадан оз фурсат ўтиб, ўриндиқ ёнига бир қиз шошганича етиб келди. Қўнғироқ сочлари ёмғирдан ивиган. Гўзал чеҳрасига янада жозиба бахш этиб турган узун сочларидан ёмғир сувлари сирғалиб тушар эди. Катта-катта қаро кўзлар эса совуқданми, йиғиданми қизариб кетган.

Маҳзун нигоҳлари кимнидир қидирди. Ногоҳ кўзи ўриндиқдаги атиргулга тушдию, уни шошиб қўлига олди. Гулни бағрига босиб унсиз йиғлади. Бир муддат шу алфозда турди-да, сўнгра атиргулни жойига қўйди.

У ташлаб кетди. Ўзига аталган гулни - ҳадяни.

Кетаётган қиз ортига қаради. Гўё, "кечир" дедию, кўз ёшларми, ёмғирми ювган юзини рўмолчага босди. Сўнгра кўлобларни босганча югуриб кетди.

Ёмғир остида қолган сариқ атиргул эса икки қалбнинг айро тақдири гувоҳига айланганди.

Фарида Нурмуродова.

Фикр билдириш