Мен бу тун ёлғизликнинг сарҳадларида жуда ёмон ухладим, сиз томон талпина-талпина охириорзулари саробга айланган юраккинамни қучоқлаб...

Мен бу тун ёвузликнинг хилқатларида ёмон-ёмон ухладим, жисмим руҳларида аллақандай қора шарпалар изғиб юрди...

Мен бу тун куйган муҳаббатнинг бистарларида тўлғона-тўлғона ёмон ухладим, оқ ниятли мунисгинамнинг поймоналарини рўмол билан ўраб...

Мен бу тун осмоннинг бир парчасидан ортган кўзларимниошкор этиб қўйган, хиёнаткор сўзларимни кечиролмадим.

Мен бу тун ҳамма-ҳаммани оппоқ дея ўйлаган ўйларимни кечиролмадим.

Мен бу тун яхшиликнинг, муҳаббатнинг уруғлари эндигина жунбушга келаётган қалбимни жароҳатлаб қўйган, сиз қароқчиникечиролмадим.

Онажоним! Не-не орзу-умидлар билан шаҳарга ўқишга жўнатган ғўр қизингизни сиз кечира олармикинсиз? 45 даража ҳароратда кетмон чопиб ширин хаёлларга чўмасиз.

... Насиб бўлса 5 йил нима, ғир этиб ўтади кетади. Нигора катта ўқитувчи бўлиб қишлоғимизга қайтади. Ана ундан кейин обрў-эътиборли хонадонга келин қилиб узатаман. Шундай орзу-умидлар биланэгатнинг адоғига қарайсиз, эгат ҳам сизнинг орзу-умидларингиз каби поёни йўқдек, узундан-узоқ.

Эҳ, меҳрибонгинам, қизингизнинг муҳаббат даштларида яккаш адашганини сиз билмайсиз. Ахир менинг бахтим деб сиғинганим олчоқ бўлиб чиқди онажон! Менинг умрим, дея топинганим сароб бўлиб чиқди онажон!.

...Нега? Нега, энди Шуҳрат ака ўзларини мендан олиб қочадилар? Мен йўқлаб борганимда ҳам аввалгидек қарши олмайдилар. Олдинлари бирга дарс қиламиз, деяхоналарига ўзлари таклиф қилардилар. Энди -чи?. Сезаяпман, борганимни ёқтирмайдилар ҳам.

Ана шундай мудҳиш хаёллар исканжасидан қутула олмай юрган кунларимнинг бирида уни факультетда учратиб қолдим, салом-аликдан сўнг: "Нигора, бугун ўқишларингиз тугагандан кейин хонамга ўтинг, гап бор” деди. Икки-уч қадам ташлагандан сўнг, ортига ўгирилиб: "Ўшандаги ахмоқлигим учун мени кечиринг” дея узун каридор бўйлаб, тез-тез юриб кетди.

На қувонишимни биламан, на хафа бўлишни. Демак, ўша кунги ишидан хижолат чекиб юрган эканда, энди "узр сўрамоқчи”, деган хаёлга бордим.

Мана, 901-хона. Эшикни Шуҳрат аканинг ҳамхонаси Мухтор ака очдилар.

- Э, келинг Нигорахон, - дея ичкарига таклиф қилди, у.

- Шуҳрат ака, ... – гапим оғзимда қолди.

- Ҳозиргина пастга тушиб кетувди, ҳали-замон келиб қолар, - деди-да, қўярда-қўймай хонага таклиф қилди.

Беихтиёр хонага кирдим. Миямда ҳар хил ўй-фикрлар ғалаён қилмоқда. Ихтиёрсиз, бир алфозда ўтирганимга, Мухтор аканинг ғалати қарашларига юрагим музлаб кетди. У киши ўқишларим ҳақида суриштирар яна нималар ҳақидадир савол берар, мен эса тўғрироғи эшитмасдим. 10 дақиқа кутдим келмаяптилар, 15 дақиқа ўтди, йўқ. Энди кетмоқчи бўлиб ўрнимдан қўзғалган эдимки:

- Қаёққа отландингиз Нигорахон, Шуҳрат акангиз бўлмасалар мана биз бор, - деди-да, мен томон кела бошлади.

Бунақа бўлишини сира кутмаган эдим, довдираб қолдим. Ўзимни эшикка урдим. Афсуски, эшик ҳам қулфланган эди. У қачон, қай маҳал кўзимни шамғалат қилиб эшикни қулфлашга улгурибди? Ҳозир ҳам ўйлаб ўйимга етолмайман. Худди, шу пайт мен очолмаган эшик очилиб, Шуҳрат ака кириб келдилар. "Хиёнат” устида қўлга тушгандек, хона ўртасида, сочларим тўзғиган кўйи туриб қолдим. Тушунтирмоқчи бўлиб, энди оғиз жуфтлаган эдим ҳамки, юзимга шапалоқ тортиб юбордилар. Зарб билан бошим деворга урилди, урилди-ю кўзим очилгандай бўлди. Буларнинг ҳаммаси мендан қутилиш учун Шуҳрат аканинг "сценарийси” бўйича"саҳналаштирилган” ва жуда муваффақиятли чиққан "ўйин” эди...

Мунисгинам! Онажоним, бу ёруғ дунёда ҳеч кимга керак бўлмасликдан ортиқ бахтсизлик йўқ экан. Юзингизга оёқ қўйганман, энди сизга ҳам...

...Сиз худди ушбу тун, ҳув хилватда яна кимнингдир қўлини маънили қисдингиз, унинг боши астагина қуйи эгилди.

Сиз бу тун яна бир гўзал қизга муҳаббатга йўғрилган сўзлар айтдингиз, у эса инкорданмас меҳру-вафодан сўзлади.

Сиз-муҳаббат ва бахт ўғриси ушбу тун яна...

Нигоранинг сўзларини оққа кўчирган Райҳон Қодирова.

Фикр билдириш