Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган "Ўзбекистон ёшлари – янги замон бунёдкорлари” шиори остидаги ёшлар фестивалитуманимизда 24-29 ноябрь кунлари бўлиб ўтмоқда.

Фестиваль доирасидан ўрин олган "Ёшлар билан очиқ мулоқот”, "Муваффақиятга эришиш сирлари”, "Конституция ҳафталиги”, "Фарзандлик бурчим”, "Болалар китоби”, "Ёшлар нашрлари куни” сингари йигирмадан зиёд йирик лойиҳаларда Учқудуқ тумани ёшларининг ислоҳотларга даҳлдорлик туйғусини шакллантириш ижтимоий фаоллигини оширишдекмуҳим вазифалар кўзланган.

Тадбир доирасида ўтказилган "Депутат ва ёшлар” учрашуви туманимиздаги 5-сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлиб ўтди. Учрашувда таълим муассасаси ўқувчилари, ёш устозлари иштирок этди.

Халқ депутатлари Учқудуқ туман Кенгаши депутатлари Р.Қодирова, Н.Нажмиддинова, Н.Амонова, О.Тилавов, Д.Ғиёсова ҳамда С.Сайфиддиновлар билан ёшларнинг мулоқотидаПрезидентимиз раҳнамолигида ёшларнинг пухта билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқариши учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар хусусида сўз юритилди.

Шунингдек, "Ўзбекистон Республикасида депутатларнинг мақоми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида белгилаб берилган ҳуқуқий нормалар, депутатнинг сайловчилар олдидаги мажбуриятлари ва вазифалари ҳақида атрофлича маълумот ва тушунчалар берилди.

Тадбирда мактаб ўқувчи-ёшлари ўзларини қизиқтирган савол, таклиф ва мулоҳазалари билан халқ вакилларига мурожаат қилдилар. Жумладан, мактабнинг 8-А синф ўқувчиси Суҳроб Алимов мактаб олдидан ўтган катта асвальт йўлида пиёдалар ўтиш учун махсус йўлакчалар чизиш, автомашиналар тезлигини меъёрлаштириш мақсадида устунчалар қўйиш таклифини билдирди.

11-А синф ўқувчиси Сабина Иброҳимова мактаб янгидан қуриб, куни кеча фойдаланишга топширилганлиги боис, кутубхонамизда бадиий адабиётлар сони етарли эмас. Шу масалада амалий ёрдам берсангиз, дея таклиф берди. Ушбу масалага шу ернинг ўзида жавоб қайтарган депутатлар яқин кунларда мактаб кутубхонаси қўшимча яна 100 дона бадиий адабиётлар билан таъминланишини айтдилар.

9-А синф ўқувчиси Феруза Амонова Йўлчилар овул фуқаролар йиғинида бирорта ҳам дорихона фаолият юритмаслиги бу ерда яшаётган аҳолига ноқулайликлар туғдираётгани юзасидан мурожаат қилди.

"Депутат ва ёшлар” учрашувида ўқувчи-ёшлар томонидан билдирилган таклиф, мурожаатлар соҳа мутасаддиларига манзилли етказилди ва қисқа фурсатларда ижро этилиши юзасидан Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси Учқудуқ туман Кенгаши депутатлик гуруҳи томонидан назоратга олинди.

Фикр билдириш