Навоий кон металлургия комбинати Шимолий кон бошқармаси 3-гидрометаллургия заводининг бунёд этилиши истиқлол шаро-фати, бунёдкор меҳнаткаш халқимиз фидоийлигининг амалдаги ифодаси, дейиш мумкин.

Ҳозирда корхонада маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини йилдан-йилга ошириш йўлида дадил қадамлар ташланмоқда. Бу борада, муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан белгилаб берилган Навоий кон металлургиякомбинатини 2026 йилгача ривожлантириш дастури завод учун улкан имкониятлар эшигини очмоқда. Ушбу дастур асосида 2017 йилда «Кокпатас ва Даугизтау конларининг ишланиши қийин бўлган рудалардан олтин ажратиб олиш технологиясини такомиллаштириш» инвестицион лойиҳасини амалга ошириш ишлари ўтган йилнинг сентябридан бошлаб юборилди.

Мазкур минерал хом-ашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш давлат дастурига мувофиқ, «Ўзгеорангметлити» институти лойиҳаси асосида 70 млн. Евро маблағга барпо этилаётган цехда сорбциялаш жараёни чиқиндиларини юқори самарали куйдириш назарда тутилмоқда. Жорий йил охиригача фойдаланишга топшириш мўлжалланаётганцехда 100 ортиқ иш ўрни яратилади.

Заводимиз аҳил жамоаси ташаббуси билан барча участкаларда ободончиликка алоҳида эътибор қаратилган. Ўз кучи, ўз ғоялари билан корхона ҳовлисидаҳар бир цех олдида бунёд этилган фавворалар заводга кўрк, салобат бериб турибди. Шу йилда қурилиши тугалланмаган бинода спорт зали очишни мўлжаллаганмиз. Негаки, йигит-қизларимизни ҳақли равишда спортсевар жамоа деб аташ мумкин. Байрамлар, саналар арафасида ўтказилаётган спорт мусобақаларида кўпинча завод жамоасининг қўли баланд келмоқда.

Китоб мутолаасига эътибор, бу ерда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг адабиётга китобга бўлган меҳрини янада ошириш мақсадида мўъжазгина кутубхона ташкил этдик. «Бир ишчига – бир китоб» акциясида 1700 донадан ортиқ бадиий, сиёсий, техник адабиётлар йиғилди. Ҳозирда кутубхонага қўйилган китоблар қўлма-қўл бўлиб мутолаа қилинмоқда.

Ҳа, китоб ҳамма даврларда ҳам инсон маънавиятини юксалтириш, тафаккурини бойитиш, уни комилликка етаклашда муҳим ўрин тутган. Ва, ҳозир ҳам бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолаверади.

3-гидрометаллургия заводида меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар, муҳандис-техниклар борки, улар ўзларининг самарали фаолиятлари билан жамоанинг фахрига айланганлар.Улар орасида 2 нафар «Шуҳрат» медали, 3 нафар «НКМК фахрийси», 17 нафар «Кончилик шуҳрати» кўкрак нишони соҳиблари бор. Учинчи даражали «Кончилик шуҳрати» кўкрак нишони соҳиблари – бош энергетик Фахриддин Бўриев, завод марказий лабораторияси бошлиғи Дилфуза Шарафутдинова, директор ўринбосари Рустам Ирназаров, цех бошлиғи Комилжон Тошпўлатов, бош механик Исмат Шамсиддинов, иккинчи даражали «Кончилик шуҳрати» кўкрак нишони билан тақдирланган тегирмон машинисти Шерали Ҳақназаров, директор ўринбосари Алимхан Муратов, «Кончилик шуҳрати» кўкрак нишонининг тўла кавалерлари: электрогазпайвандловчи Шамсиддин Муҳаммедов,чилангар-таъмирловчи Науризжан Жорабеков, майдалаш, янчиш, саралаш машинаси машинисти Байназар Қуанбаевлар шулар жумласидандир.

Яқинда нишонланган касб байрами муносабати билан қуюлтириш, саноат оқаваларини зарарсизлантириш ва реагентлар тайёрлаш цехи бошлиғи Маҳмуд Нурматов учинчи даражали «Кончилик шуҳрати» кўкрак нишони билан мукофотланди.

Албатта, корхона истиқболи бу ерда меҳнат қилаётган ёшларнинг билим салоҳиятига кўп жиҳатдан боғлиқ. Бош муҳандис Шуҳрат Нарбадалов, 1 цех катта устаси Юнусжон Ашуров, 2 цех механиги Зоҳиддин Ғаниев, 3 цех аппарачилари Жамбул Рангов, Шодиёр Жуманов, 4 цех чилангар – созловчиси Фарруҳ Зокиров, флотация цехи бошлиғи Бегзод Ҳусанов, биооксидлаш цехи участка бошлиғи Матёқуб Рўзиев, марказий компрессор станцияси ва айланма сув таъминоти станцияси участкасининг назорат-ўлчов асбоблари ва автоматика бўйича чилангари Элёр Шарипов, фильтрлаш, қуритиш ва куйдириш бўлинмаси технологи Ҳамза Саидовлар ана шундай билимли, салоҳиятли, фидойи ёшлардан. Улар ёш бўлишига қарамай бугун ўзлари ҳам устоз. Ўз билим ва тажрибаларини ёшларрга қунт билан ўргатмоқдалар. Бу эса олтин корхонанинг порлоқ келажагидан дарак бериб, ҳали улар ошиб ўтадиган довону, забт этадиган марралар янада юксак эканлигидан далолатдир.

Қаҳрамон ҒАФУРОВ, Шимолий кон бошқармаси 3-гидрометаллургия заводи директори, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати, ЎзЛиДеП аъзоси.

Фикр билдириш