Юртимизда ёшларни билимли, ватанпарвар, юксак маънавиятли этиб тарбиялаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Навқирон авлод диний экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олишга қаратилган қатор чора-тадбирлар, тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилаётир.

  Ана шундай тадбирлардан бири Шимолий кон бошқармаси геотехнологик конида бўлиб ўтди. ШКБ ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти ташаббуси билан ташкил этилган давра суҳбати «Ёшларнинг ёшларга даъвати!» деб номланди.

  Давра суҳбатида А.Турдиев, У.Бадалов, Ж.Каримов, Б.Қулмуродов, И.Бўронов, О.Аҳмедов, О.Тилавов ҳамда К.Мукаррамовалар иштирок этиб, учрашувдан мақсад ғаразли кучлар ўз ғояларини турли йўллар, хусусан, интернет орқали тарғиб этишга ҳаракат қилаётгани боис ёшларимизда интернетдан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантиришдан иборат эканлигини алоҳида таъкидладилар.

  Шунингдек, тадбирда ёшларни ёт таҳдидлардан ҳимоя қилиш, уларда юрт равнақига дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш, интернет тармоғида диний экстремизм мафкураси тарқалишининг олдини олиш борасидаги долзарб вазифалар хусусида фикр юритилди. Бу борадаги ишларга ҳисса қўшиш ҳар бир юртдошимизнинг бурчи экани таъкидланди.

  - Кишилик жамияти ривожига таҳдид солаётган муаммолардан бири диний экстремизм ва терроризмдир, ­ дейди Шимолий кон бошқармаси бошланғич ёшлар иттифоқи ташкилоти етакчиси Умрзоқ Бадалов. - ­ Турли нотинч мамлакатларда сизнинг тенгдошларингиз соғ-саломат ўқишига, ишига бориб-келишни, орзу қилади. Ота-оналари ҳам бугун фарзандимни саломат ҳолда кўра оламанми, деган умид билан яшайди. Шукурки, бизда ундай хавотир йўқ. Биз барча эришилаётган ютуқлар замирида тинчлик деб аталган улуғ неъмат ётганини яхши англаймиз ва уни асраб-авайлаш Ватани тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшаётган биз ёшларнинг ҳам бурчимиз.

  - Фильм намойиши биз ёшларни янада огоҳ бўлишга ундади, - дейди геотехнологик кони участка геологи Жасур Саидов. – Ўз дунёқарашига эга бўлган фильм қаҳрамонининг ҳам диний экстремизм таъсирига тушиб қолгани барча иллатларга қарши иммунитетни янада оширишимиз лозимлигидан далолат беради. Биз ёшлар турли ёт оқимлар тажовузига қарши маънавий даражамиз, билим савиямиз ва юртимизга бўлган чексиз муҳаббатимиз билан жавоб берамиз ва бор куч-ғайратимизни Ватанимиз равнақи йўлида сафарбар этамиз.

Алишер НИЯЗОВ, Шимолий кон бошқармаси геотехнологик кон бошланғич ёшлар иттифоқи ташкилоти етакчиси.

Фикр билдириш