Ҳеч бир болакай йўқки ёшлигидан ихтирочилик билан шуғулланмаган, яхши маънодаги "бузғунчиликлар” қилмаган бўлса. Овоз чиқариб юрган нарсанинг қандай қилиб ҳаракатланаётгани доим ўғил болалар учун қизиқ туюлади. Ана шу қизиқиш кун келиб катта ихтироларга сабаб бўлиши ҳеч гап эмас. Буни қаҳрамонимиз мисолида кўришимиз мумкин.

ЭЛЕКТР ТОКИСИЗ ҚУВВАТЛАНТИРАДИ

33_1.jpg

Акмал Ҳамроев Шимолий кон бошқармаси автомобиль транспорти бошқармаси корхонасида автоэлектр бўлиб ишлайди. Оддий ишчи чекида кўплаб инновациялар бор. Учқудуқ кончилик касб-ҳунар коллежида ўқиб юрган пайтларидаёқ, яратган қувватлагичи бугун ҳам кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда. Бу мослама қўл ёрдамида ҳаракатланганлиги боис электр энергиясиз уяли алоқа телефонини қувватлантиради. Бундай ихтиро айниқса, чўл, тоғ ҳудудларида яшовчи аҳоли ва яна саёҳатни севувчилар учун энг яхши восита десак адашмаймиз.

СМС: УЙДАГИ ФАЛОКАТЛАРДАН ОГОҲ ЭТАДИ

  Ҳа, тўғри ўқидингиз. Кейинги пайтларда биз интернет тармоғида ўқиётган шов-шувли воқеалар сабаб уйимизни "қаровсиз” ташлаб кетишга қўрқадиган бўлиб қолдик. "Газнинг сизиб чиқиши”, "сув тошиши”, булар кўп қаватли уйлар аҳолисининг кунлик "ваҳималари”.

Акмалнинг ўз "ақлли вентилятор”ини яратишига сабаб бўлган воқеа бор. ...

  Газ кечаси ҳамма ухлаганида сизиб чиққани учун ундан қутулишнинг иложи топилмайди. Қўшнилар заҳрланишади. Доимо симни - симга улаб бир янгилик топадиган Акмал бундан таъсирланиб, ўз билганларига таяниб "ақлли вентилятор” яратди.

Мазкур мослама хонада газ ҳиди чиқиши билан автоматик тарзда ишга тушади-ю, тинимсиз "Диққат газ, эҳтиёт бўлинг!” дея баланд овоз билан қичқира бошлайди.

  Ихтиронинг яна бир яхши томони сиз уйингизда бўлмасангиз, уй ҳавоси газ билан заҳарланганлиги ҳақида телефонингизга СМС хабар боради.

  Акмал Ҳамроев Шимолий кон бошқармасида фаолият юритаётганлиги сабаб унинг яратган мосламасига корхона ёнғин хавфсизлиги бўлими ходимлари қизиқиб қолишди. Соҳа мутахассисларининг берган маслаҳатлари билан ихтирочининг "ақлли вентилятор”ига яна бир вазифа юклатилди. Мослама энди нафақат газ ҳиди балки ёнғин тутуни ҳақида ҳам хабардор қилади.

  - Ҳар ишнинг ўз устаси билан ҳамкорлик қилган яхши экан-дейди Акмал. – Ўт ўчирувчилар билан суҳбатлашганимда уларга ёнғин содир бўлганда хонани тутундан тозалаб берадиган мослама жуда зарурлигини айтишди. Ҳозир шу ихтиро устида ишлаяпман. Энг асосийси менинг ишланмаларим кимгадир ёрдам берса, бўлгани.

ТЕЖАМКОР "ЖЎМРАК”, РОБОТ "ЧАНГЮТГИЧ”!

  Акмалнинг яна бир ишланмаси бизда кўпроқ қизиқиш уйғотди. Бу сувни тежаш мақсадида яратилган "жўмрак”. У инсон қўлининг тафтини сезгандагина сув узатишни бошлайди. "Жўмрак”да ўрнатилган "узатгич” сув тошганда ёки бўлмаса қувурлар ёрилганиги ҳақидаги хабарни узатади.

  "Робот чангютгич” эса инсон ёрдамисиз уйларни, юмшоқ мебелларни тозалайди. Унинг ақллилиги шундаки, олдидан чиққан тўсиқларни бемалол айланиб ўта олади. Энди сиз, роботга буйруқ бериб бемалол кетаверишингиз мумкин.

ҲАММАСИ ЭНДИ БОШЛАНДИ

  Мустақиллик билан тенгдош бўлган Акмал Учқудуқда туғилган. Бу она замин қаърида минглаб маъданлар яширингани каби келажак билан ҳамнафас юрувчи минглаб авлод, сарбон билан йўлга отланмоқда.

  Мақолани тугатар чоғимда Акмал Ҳамроев қўнғироқ қилиб қолди. У мен билан суҳбат жараёнида айтолмаган бир сўзини мақолада айтиб ўтишимни чин дилдан илтимос қилди. Мен эса ваъдамда туриб, сўнгги сўз ўрнида Акмалнинг фикрларини сизга ҳам илинмоқчиман.

  "Мен 10 ёшимдан буён ихтиролар қиламан. Ихтироларимни тан олмасликларидан қўрқиб ҳеч кимга кўрсатмаганман. Энди эса қўрқмайман. Чунки менга ишонадиган Президентим бор!” деганида Акмал Ҳамроев қанчалар ҳақ эди.

  Ҳа, давлатимиз раҳбари қайд этганидек, бугун биз давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилашга қаратилган инновацион ривожланиш йўлига ўтмоқдамиз. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки замон шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги даврда янги фикр, янги ғояга, инновацияга таянган давлат ютади.

Лайло КАРИМОВА,

"Орион” телестудияси раҳбари.

Фикр билдириш