"Чемпионнинг онаси”, қулоққа жуда ёқимли эшитиладиган бундай таърифни ўз исмига ҳам қўшиб айтилишини хоҳламайдиган она бўлмаса керак. Лекин биргина хоҳиш, истак билан муродга етиб бўлганида эди…

Бундай мақомга эришишни истаган она спортчи ўғли ёки қизи билан спортнинг машаққатли йўлларида қадам-бақадам одимлаши, ғалаба нашидасини ҳам, мағлубият аламини ҳам у билан бирга тотиши, олис юртларга беллашувларга кетганида юрагига тош солиб, йўлига кўз тикиши, бир сўз билан айтганда, спорт одами бўлиши керак. Бу эса ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Қай бир она бундай юмушлар учун фурсат топа олади? Яна кимлардир фарзандини ширин уйқусидан эрта уйғотишга кўзи қиймайди, машғулотларнинг машаққатидан аяйди…

placeholder_article_culture_2_0.jpg

16 ёшидан спортнинг оғир атлетика тури билан шуғулланиб келаётган Учқудуқлик Ҳусниддин Бўриевнинг онаси Бувсара опа Қўлдошева ана шундай сермашаққат йўлни чидам билан босиб ўтиб келаётган волидалардан бири. Ўғли етти карра Ўзбекистон, икки карра жаҳон чемпиони, икки карра Марказий Осиё чемпиони бўлганида, бир неча Халқаро мусобақаларда шоҳсупанинг юқори поғонасини забт этганида онаизорнинг чеккан заҳматлари, машаққатлари бир зумда унут бўлган бўлса, ажабмас. Бувсара опа бугун: "Чемпионнинг онаси”, деган мартабага эришиб, ўғли билан бирга ғалабалар нашидасидан баҳраманд бўляпти.

- Ҳусниддин жуда шўх, ўжар, серҳаракат бола бўлгани учун ҳам унинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, қувватини тўғри йўналтириш мақсадида 16 ёшида Учқудуқ шаҳридаги "Лочин” спорт мажмуасидаги оғир атлетика тўгарагига олиб борганман.

 

Ўғлимнинг хоҳиш-истаги, танловини қўллаб-қувватласам-да, оналигимга бориб, спортнинг айнан шу – жуда кўп жисмоний ҳаракат талаб қилинадиган, шунингдек, жароҳатланиш эҳтимолидан ҳам ҳоли бўлмаган турини танлагани учун ич-ичимдан хавотирланиб юрардим.

Машғулотларда маҳорат ошириб, беллашувларда тажриба орттирган Ҳусниддиннинг биринчи марта 18 ёшида Литва давлатининг Каунасе шаҳрида бўлиб ўтган пауэрлифтинг бўйича жаҳон чемпионатида 59 кг. вазн тоифасида уч кураш бўйича 110 кг. оғирликда тош кўтариб фахрли 2-ўринни эгаллади.

"Инсон умри давомида нимагаки эришса, ўз меҳнати, интилиши туфайли эришади”, дейишади. Биз бу фикрга, "Агар уни юртдошлари, ота-онаси дуо қилиб турса, саодатли манзилларга бешак етади”, дея қўшимча қилган бўлардик. Ҳусниддинни ҳам дуолар қўллади: элликка яқин давлатда бўлиб ўтган спорт мусоқабақаларида иштирок этиб, ўттиздан зиёд ғалаба билан қайтди.

Жумладан, 2012 йил март, апрель ойларида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган пауэрлифтинг бўйича Ўзбекистон чемпионатида 53 кг. вазн тоифасида уч кураш бўйича умумий 437,5 кг. вазндаги тошни кўтариб 1-ўринни эгаллади. Шу йилнинг июнь, июль ойларида Тошкент шаҳрида пауэрлифтинг бўйича бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида 66 кг. вазн тоифасида уч кураш бўйича умумий 512,5 кг. оғирликдаги тошни кўтариб, 1-ўринни эгаллади. 2013 йил 20 майдан 25 майгача Литва давлатининг Каунасе шаҳрида бўлиб ўтган пауэрлифтинг бўйича жаҳон чемпионатида 59 кг. вазн тоифасида фахрли 2-ўринни эгаллади. Шу йилнинг июнь ойида Россия Федерацияси Суздаль шаҳрида бўлиб ўтган пауэрлифтинг бўйича жаҳон чемпионатида 53 кг. вазнда уч курашда 412,5 кг оғирликда тош кўтариб фахрли 2-ўринни эгаллади.

Жанубий Африка республикасининг Йоханесбург шаҳрида пауэрлифтинг бўйича 2014 йилнинг июнь ойида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 53 кг. вазн тоифасида умумий 437,5 кг оғирликда тош кўтариб фахрли 2-ўринни эгаллади. 2015 йил апрель ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган пауэрлифтинг бўйича Ўзбекистон чемпионатида 59 кг. ва 66 кг. вазн тоифаларида тенгсиз бўлиб фахрли 1-ўринни эгаллади. 2015 йилнинг декабрь ойида Тошкент шаҳрида пауэрлифтинг бўйича Осиё чемпионатида 59 кг. вазн тоифасида уч курашда 467,5 кг. оғирликда тош кўтариб 1-ўрин соҳиби бўлди. 2017 йил апрель ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган пауэрлифтинг бўйича Ўзбекистон чемпионатида уч курашда 525 кг. оғирликда тош кўтариб 1-ўринга сазовор бўлди. 2018 йилнинг март ойида шаҳримизда бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида 66 кг. вазнда уч кураш бўйича умумий ҳисобда 555 кг. вазнда тош кўтариб фахрли 1- ўринни эгаллаб, Ўзбекистон рекордини янгилашга эришди.

Спортдаги улкан ютуқлари учун Ҳусниддин Бўриевга 2013 йилда Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан "Спорт устаси” унвони берилган.

Соғлом, баркамол фарзандлар она меҳри, меҳнатининг маҳсулидир. Шундай экан, ўзбекистонлик спортчиларнинг, демакки, Ўзбекистоннинг кўксига қадалаётган медалларда оналарнинг ҳам ҳиссалари бор. Халқаро майдонлардан юртига йилма-йил, ойма-ой ғалаба билан қайтаётган Ҳусниддин Бўриевдек чемпион йигитларимизнинг энг аввало, оналарига таъзим қилайлик!

Фарруҳ Абдимуминов, 

Шимолий кон бошқармаси бошланғич ёшлар иттифоқи ташкилоти аъзоси.

Фикр билдириш