Шивалаб-шивалаб ёғаётган ёмғир қизнинг чиройли юзидан оқиб тушади. Бундан унинг узун тўлқинсимон сочлари янада жозибали кўринади. Икки ёни теракзор бўлган кўчадан юриб кетаётган қиз азбаройи ёмғирни яхши кўрганидан ёмғирпўшини сумкасидан олмаган. Қиз терак тагидаги харсангтош устига ўтириб олганча икки қўлини катта очиб ёмғирни қучмоққа шайланган эди. Олис-олислардан қушлар чуғури қулоққа чалинади. Ниҳоят, қуёш ожизгина булутлар тўдасини ёриб, ўз рухсорини кўрсатади. Осмонда пайдо бўлган камалакнинг юзи унинг турфа ранг нурларида чўмилаётган бу гўзалнинг ҳусни олдида нақадар ғариб бўлиб кўринади.

placeholder_article_education_3_0.jpg

Камалак рангига, қушлар қўшиғига маҳлиё бўлиб турган қиз узоқдан жуда таниш, жондек қадрдон овозни эшитади. Аммо бир лаҳза овоз қаердан келаётганини англолмай туриб қолади. Нега бунчалар ҳазин, нега бунчалар аламли бу овоз? Қанийди ҳозир бу овознинг кимлигини эслай олганида эди...

Сочлари елкалари оша тўлқинланиб турган қиз ниҳоят ўзида журъат топиб ўрнидан туради-да, овоз келган томонга шошилгача югуриб кетди. Югуради, югураверади. Нафаси бўғзига тиқилиб қолса-да, югуришдан тўхтагани йўқ. Осмонга бўй чўзган теракзор йўл тугайди ҳамки маҳзун овоз соҳибини тополмайди.

...Шундагина бу овоз тоғлар бағридан қайтган акс-садо эканлигини тушуниб етади. Англагани сайин овоз баландроқ эшитилади. Тўлқинсимон сочли қиз чор-атрофга югуриб, ўша нотаниш қадрдонини излайди. Ниҳоят, чарчаб йиқилади. Отасини товонидан, онасининг юрагидан оққан қонга чайилган лолақилғалдоқлар қоплаган далада ётиб, юлдузларга кўзи тушади.

Кўкнинг бир четини ёритиб турган қуёш қаёққадир ғойиб бўлмоқда эди. Бутун оламга тун чўккач, юлдузлар ҳам бирин-кетин сўниб, ҳаммаёқ, қоп-қоронғу бўлиб қолади. Таниш, лекин ҳазин чорлаш овози қаерлардандир эшитилиб турарди. Ниҳоят, узоқдан овоз соҳиби кўринади...

Ўрнидан туриб ўша ёққа югурмоқчи бўлади, аммо, аммо... Ўрнидан туролмайди.

"Гавҳар, хола - она мақомидадир. Сен холангни ранжитдинг” деганича, сочлари орқасини тўлдирган, тақимини ўпган ниҳоятда чиройли қиз теракзор бўйлаб юриб кетди...

Феруза пастликка қулаб кетаётганди. Чўчиб уйғонди. Анча пайтгача ўзига келолмай, кўрган туши таъсиридан чиқолмай узоқ ётди. Қанча вақт шу алпозда ётгани аниқ эсида йўқ. Яна кўзи илинибди...

Таниш, лекин ҳазин овоз энди яқинлашмоқда. Тақимини ўпган қалин сочлари силкинган қиз у томон одимлайди. Уни яқиндан кўргачгина, кимлигини эслади: "опам”!. Онгу-шуурида айтилган шу биргина сўз ниҳоятда узоқдан эшитилаётганди, гўё. Нур унинг ёнгинасига келганида эса атроф ёришиб, Ферузанинг кўзлари қамашиб кетди.

"Мени эсла, мени унутма-а-а-а!” Тоғлар бағридан қайтган акс-садо узоқлаша-узоқлаша охири эшитилмай қолди.

Фарида НОРМУРОДОВА.

Фикр билдириш