Тил – миллатнинг фахри, ғурури! Тил – ўзаро муомала, алоқа воситаси, тафаккур қуролидир. Айни чоғда орзу-умидларимиз, истиқлолимиз унда бўй кўрсатадиган, қалбимиз ойнаси ҳамдир.  Шунинг учун ҳам мустақилликка илк қадамлар ташланаётган даврдаёқ, 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. 

IMG_0784.jpg

Ушбу сана мамлакатимиз, юртдошларимиз ҳаётидаги унутилмас, тарихий воқеага айланди. Шу билан бир пайтда тилимизнинг ижтимоий мавқеини янада мустаҳкамлаш, юксалтириш учун ҳам беқиёс имконият яратилди. Ҳар йили 21 октябрь юртимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун сифатида кенг нишонланади.
Жорий йил  4 октябрдаги  Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганлигининг ўттиз йиллигини муносиб нишонлашга қаратилган қарор, бу борадаги ишларни янги юқори босқичга кўтарди, дейиш мумкин.

IMG_0802.jpg

Ватанимиз мустақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, халқимиз, аввало ёш авлодни миллий қадриятларимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда ўзбек тилининг аҳамиятини тобора юксалтиришга хизмат қиладиган мазкур қарор доирасида Учқудуқ туманида ҳам бир талай ишлар амалга оширилмоқда. Корхона-ташкилотларда,  ўқув муассасаларида  очиқ дарслар, ноанъанавий машғулотлар ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар, ижодий танловлар ўтказилмоқда.

IMG_0848.jpg

Ана шундай тадбирлардан  бири “Учқудуқ” маданият уйида “Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан она тилим!” мавзусида ўтказилди. Унда корхона-ташкилот мутасаддилари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда  таълим муассасалари ўқувчи-ёшлари иштирок этди.
Тадбирда халқимиз айниқса, ёшлар онгида миллий ўзликни англаш,  улар қалбида ўз Ватани билан фахрланиш туйғуларини мустаҳкамлаш, тил халқнинг маънавият кўзгуси, тафаккур хазинаси маҳсули эканлиги хусусида сўз юритилди.
Туман миқёсида ўтказилган тадбирда 99818 – рақамли ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиларининг кўргазмали чиқишлари, улар томонидан ифодали ёд айтилган шеърлар барчага бирдек манзур бўлди.
Айниқса, туманимиздаги 10-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари томонидан тил, ватан, истиқлол ҳақида айтилган шеърлар, ҳикматли сўзлар иштирокчиларда катта таассуротлар қолдирди.

IMG_0987.jpg

Мумтоз адабиётимизнинг  А.Навоий, А.Авлоний, Чўлпон,  Увайсий, Зебунисо, Зулфия, М.Юсуф ва бошқа атоқли вакиллари сиймоларини гавдалантирган ўқитувчи ва педагоглар  улар қаламига мансуб шеърлар, асарларидан парчалар ўқидилар.
Шунингдек, тадбирда туман ҳокими Соли Хамроев сўзга чиқиб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг  30 йиллиги муносабати билан туман аҳлини, ўқувчи-ёшларни байрам билан қутлади.
Байрам тадбирида туман ҳокимлиги томонидан “Она тилим жаранги тутсин, дунёни!” мавзусида эълон қилинган иншолар ва шеърлар танлови ғолиб ва совриндорлари  қимматбаҳо планшет совғалари ва дипломлар билан тақдирландилар. Унга кўра иншолар танловида 20-мактаб ўқувчиси Ясмина Қўлдошева, 9-мактаб ўқувчиси Жаннур Амангелдиева ҳамда шеърлар танловида  9-мактаб ўқитувчиси Қайрат Ахметов, 7-мактаб ўқувчиси Азиз Содиқов совриндор бўлдилар.

IMG_1022.jpg

Шунингдек,  20-мактаб ўқувчиси  Нафиса Умрзоқова, 18-мактаб ўқувчиси  Моҳинур Насимова, 5-мактаб ўқувчиси Гулнур Ҳусанова, 10-мактаб ўқувчиси Мухлиса Абдурасулова, 20-мактаб ўқувчиси Гуллола Касимоваларнинг ижодий ишлари рағбатлантирилди.
“Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан она тилим!” мавзусида ўтказилган  маънавий-маърифий тадбирида “Учқудуқ” ва “Қизилқум”  маданият уйи бадиий жамоаларининг ҳамда 10-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби тарбияланувчиларининг чиқишлари барчага кўтаринки кайфият улашди.
Ҳа, инсон ўз фикрини тил орқали бошқаларга етказади, ифода этади, тушунтиради. Тил орқали илм олади, она тилимиз орқали миллий қадриятларимизни англаб етамиз. Демак, давлат тилига ҳурматда бўлиш, унинг бой имкониятларидан фойдаланиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз бўлиши шарт. Зеро, тил бор экан миллат барҳаёт, унинг истиқболи нурли ва чароғондир!

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

Add new comment