Сиёсий партиялар қонунчилкка асосан муайян ҳуқуқларга эга бўлиб, уларни ичида энг муҳимларидан бири бу – қонунда белгилаб қўйилган тартибда давлат ҳокимияти органлари сайловларида иштирок этиш ҳисобланади.
Сайлов сиёсий партиялар учун ҳокимиятга эга бўлиш, давлат ҳокимияти органларини шакллантиришда иштирок этиш, ўз вакиллари орқали давлат ва жамоат ишларини идора этишда қатнашиш,  жамият муайян қисмининг сиёсий иродасини рўёбга чиқариш, мамлакат ички 
ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, сайлаб қўйиладиган давлат органларидаги ўз вакиллари орқали тегишли қарорларни тайёрлашда иштирок этиш ва ниҳоят уставда назарда тутилган фаолиятини давлат томонидан молиялаштириш имкониятини беради.
Миллий сайлов қонунчилигимизда сиёсий партияларнинг сайлов жараёнидаги барча иштироки эркин, мустақил, тенг ва адолатли шароитларда таъминланиши учун зарур қонуний кафолатлар белгиланган.

720_440_80_df2f8293a8744cfdda3e699006b2e92f.jpg

Сайлов кодексининг янгиликларидан бири бу – сиёсий майдон тўлиқ сиёсий партияларга берилиши, Экологик ҳаракатга қўйилган квота чиқариб ташлангани, ҳалқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан номзод кўрсатиш ҳуқуқининг чиқариб юборилганида намоён бўлади. Эндиликда сиёсий партиялар Қонунчилик палатасига бўлиб ўтадиган сайловда 135 эмас, балки тўлиқ 150 та сайлов округида номзодларини кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Бундай янгиликлар сиёсий майдонда партияларнинг янада ўзини намоён қилишига, кўппартиявийликни ва партиялараро рақобатни ривожлантиришга, парламентда кўпроқ ўрин олишига имконият яратади.
Сайлов кодексда сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқлари ҳам кенгайтирилди. Эндиликда ваколатли вакил сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Аввалги қонунларда унинг фақат сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқигина қайд этилиб, шунингдек партия ваколатли вакилни ўз аъзолари орасидангина тайинлаши белгиланган эди.
Партиялар сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда аввалги қонунлар бўйича фақат биттадан кузатувчи бериши мумкин бўлган бўлса, Сайлов кодексда биттадан бўлишга оид чеклов чиқариб ташланди. Бу ҳам очиқлик, ошкораликни, жамоатчилик назоратини оширишга хизмат қилади.
Қонунчилигимизга асосан партиялар номзодларни ўзлари мустақил, демократик асосларда танлайдилар. Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида сайланади. Сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган ва ўзининг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи камида қирқ минг сайловчининг имзосини тўплаган тақдирдагина депутатликка номзодлар кўрсатиши мумкин. Бундай талаб бежизга ўрнатилмаган. Ҳар қандай демократик сайловнинг муҳим шарти бу – сиёсий партиялар ўртасидаги ҳақиқий рақобат муҳити ҳисобланади. Бунга эса партия сайловгача бўлган муайян давр мобайнида шаклланиб, мамлакатнинг турли ҳудудларида ижтимоий қўллаб-қувватловига эга бўлгандагина эришиш мумкин.

Депутатликка номзодлар кўрсатиш сиёсий партияларнинг юқори органлари томонидан амалга оширилиб, номзодларни танлаш тартиби сиёсий партиялар томонидан мустақил белгиланади. Сиёсий партиялар ўз партияси аъзоларини ёки партиясизларни депутатликка номзод этиб кўрсатишга ваколатлидир. Ҳеч ким уларнинг номзодларни танлаш ишига аралаша олмайди. Сиёсий партия у ёки бу шахсни номзод этиб кўрсатиш тўғрисидаги ўз қарорини сайловга кечи билан ўн беш кун қолганида бекор қилиш ҳуқуқига эга, бу шахс тегишли сайлов комиссияси томонидан номзодлик мақомидан маҳрум этилиши мумкин. Сиёсий партия номзодлар кўрсатиш муддати тугагунига қадар тегишли сайлов комиссиясига янги номзодни рўйхатга олиш тўғрисида таклиф киритиши мумкин. Барча партиялар учун тенг шароит таъминланади. Сайлов комиссиялари сиёсий партияларга сайлов кампаниясини ўтказиш учун тенг шарт-шароитларни, сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш учун ажратилган бюджет маблағларининг адолатли тақсимланишини, овоз беришнинг ва сайлов якунларини чиқаришнинг ҳалол бўлишини таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўради.
Ташвиқот мақсадида оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш тартиби, ҳажми ва вақти ҳам сиёсий партиялар билан келишилган ҳолда тегишли сайлов комиссияси томонидан белгиланади.
Сиёсий партияларга босма, кўргазмали, аудиовизуал материалларни, фонограммаларни, босма маҳсулотнинг электрон шаклларини ва бошқа ташвиқот материалларини монеликсиз чиқариш ҳамда тарқатиш, сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали ташвиқот учун тенг шароитлар яратилади. Сайловчилар билан учрашувлар сиёсий партиялар томонидан мустақил равишда ўтказилади.
Сиёсий партияларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловда, маҳаллий Кенгашларга сайловда иштирок этишини молиялаштириш белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ана шу мақсадлар учун ажратиладиган маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялар органлари сайлов комиссияларининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида юқори турувчи сайлов комиссиясига ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқлари қонунчилик билан кафолатлаб қўйилган.
Хулоса ўрнида қайд этиш жоизки, бўлажак сайловларда фуқароларимизнинг сиёсий партияларга талаби юқори, сиёсий партиялар ўртасидаги рақобат ҳар қачонгидан кўра кескин шароитда ўтиши билан аввалги сайловлардан мутлақо фарқ қилади.
Зеро, бугунги сайловчи бундан беш йил аввалги сайловчидан ўзининг ижтимоий-сиёсий онгу, тафаккури билан фарқ қилади. Шунингдек мамлакатимизда демократик жараёнлар янги босқичга кўтарилган, оммавий ахборот воситаларининг янада эркинлашган, блогерлик фаолияти кенг ривожланаётган, ижтимоий тармоқлар таъсири кучайган, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига янада кенг уйғунлашаётган шароитда фақатгина кучли сиёсий партияларгина муносиб ўринни эгаллайдилар ҳамда Ҳукуматни шакллантиришда иштирок эта оладилар.

Норбиби ШОДИЕВА,
жиноят ишлари бўйича Навоий вилояят суди бош мутахассиси.

Add new comment