Ҳарбий хизмат ҳар бир йигит кишининг бурчи саналади. Юртимизда балоғатга етган йигит киши борки, уларнинг барчаси ўз бурчини ўташни – ҳарбий хизматга боришни истайди. Ҳарбий хизматни ўтаганларнинг аксарияти эса ҳарбий таълимга ихтисослаштирилган олий ўқув юрти талабаси бўлишни орзу қилади. 14 январь – “Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан юртимизда мавжуд ҳарбий билим юртлари  бу ихтисослашган ОТМ-да ўқиш шартлари ҳақида батафсил маълумот берамиз.

6b1cf8fa36c4b8ec6f8df37b1bf4575a.jpg

Юртимизда қуйидаги ҳарбий билим юртлари мавжуд

Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги олий ҳарбий таълим муассасалари:

*Ўзбекистон Республикаси  Қуролли Кучлар академияси;

*Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти;

*Чирчиқ олий танк қўмондонлик- муҳандислик билим юрти;

*Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юрти;

*Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти;

*Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот-технологиялари университетининг махсус факультети.

Ички ишлар вазирлиги:

*Ички ишлар вазирлиги Академияси;

*Ҳарбий-техника институти;

*Ёнғин хавфсизлиги институти;

Миллий хавфсизлик хизмати:

*Миллий хавфсизлик хизмати институти;

Давлат божхона қўмитаси:

*Олий ҳарбий божхона институти

Шунингдек, ҳарбий врач бўлишни истаганлар учун Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги ҳарбий-тиббиёт факультетида таҳсил олишлари мумкин.

Ҳарбий ОТМлари қайси йўналишдаги мутахассисларни тайёрлайди?

Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртида талабаларни қуйидаги мутахассисликлар бўйича тайёрлайди.

* мотоўқчи ва чегара қўшинлари тактик қўмондонлиги;

* қўшинлар разветкаси тактик қўмондонлиги;

* радиоэлектрон разветка ва кураш бўлинмалари командирлари.

Чирчиқ Олий танк қўмондонлик муҳандислик билим юртида:

*танк қўшинлари тактик қўмондонлиги;

*ҳаво-десант қўшинлари тактик қўмондонлиги;

* терроризмга қарши курашиш бўлинмалари тактик қўмондонлиги;

* махсус операциялар кучлари бўлинмалари тактик қўмондонлиги;

* зенит-ракета қўшинлари тактик қўмондонлик – муҳандислиги;

* танк қўшинлари тактик муҳандислиги бўйича талабалар таҳсил олишади.

Саматқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юрти:

*автомобиль бўлинмалари тактик қўмондонлик-муҳандислиги;

*артиллерия тактик қўмондонлиги;

*муҳандислик қўшинлари тактик қўмондонлиги;

*кимёвий қўшинлар тактик қўмондонлиги;

*ракета-артиллерия қуроллари ва ўқ-дорилари тактик муҳандислиги;

*фронторти таъминоти тактик қўмондонлиги.

Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти:

*ҳаво ҳужумидан мудофаа ва ҳарбий ҳаво кучлари вертолёт авиацияси;

*учиш аппаратлари ва двигателларини ишлатиш;

*авиация қуролларини ишлатиш;

*авиация жиҳозларини ишлатиш;

*учиш аппаратлари радиоэлектрон жиҳозларини ишлатиш.

Муҳаммад – ал Ҳоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялар университетининг махсус факультети:

* радиокоммуникация тизимлари тактик қўмондонлик муҳандислиги;

* телекоммуникация тизимлари тактик қўмондонлик муҳандислиги;

* ахборот хавфсизлиги ва ахборот технологиялари тактик қўмондонлик муҳандислиги;

* радиоэлектрон разведка ва кураш тактик қўмондонлик муҳандислиги;

* радиотехник қўшинларини ҳаво ҳужумидан мудофаа тактик қўмондонлик муҳандислиги;

* зенит – ракета қўшинларини ҳаво ҳужумидан мудофаа тактик қўмондонлик муҳандислиги;

* криптографик  ҳимоя ва махфий режим тактик қўмондонлик муҳандислиги.

Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги ҳарбий тиббиёт факультети:

(Ушбу ҳарбий тиббиёт факультетига  Тошкент тиббиёт академиясининг даволаш факультети 5 –курсни битирган талабалар қабул қилинади.)

*ҳарбий врачлик мутахассислигига талабаларни тайёрлайди.

Қандай саралаб олинади?

Мудофаа вазирлиги томонидан вазирликнинг олий ҳарбий таълим муассасаларига номзодларни танлаш ягона танлов асосида, кириш тест синовлари натижалари бўйича тўпланган балларга мувофиқ амалга оширилади.

Қўмондонлик тактик мото-ўқчи ва чегара бўлинмалари (чегара гуруҳлари) ва ҳарбий ҳаво кучлари (авиация турлари)нинг ҳарбий мутахассисликлари бундан мустасно.

Керакли ҳужжатлар рўйхати

Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги олий таълим муассасасига ўқишга кириш истагини билдирган шахслар ўқишга кириш йилининг 1 апрелигача яшаш жойидаги туман ёки шаҳар мудофаа ишлари бўлимига (муддатли ва шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар 1 апрелигача қисм командирларининг номига билдирги)  ариза берадилар.

* Аризада (билдиргида) фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили  ва ойи, турар жойининг манзилгоҳи, ҳарбий билим юртининг номланиши кўрсатилади;

* таржимоий ҳоли;

* иш жойи ёки ўқиш жойидан тафсивнома;

* ўрта маълумоти ҳақидаги  ҳужжат нусхаси;

* учта фотосурат (бош кийимсиз 4,5х6 см ўлчовда) илова қилинади.

Паспорт, ҳарбий гувоҳнома ёки ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги  гувоҳнома, ўрта маълумот ҳақидаги ҳужжатнинг асл нусхаси  номзод томонидан олий ҳарбий таълим муассасасининг қабул комиссиясига кўрсатилади.

Ҳарбий хизматга лойиқлик

Тиббий кўрик, касбий-руҳий ва жисмоний тайёргарлик бўйича  танлов Мудофаа вазирлигининг қабул комиссияси томонидан ўтказилади. Жисмоний қобилиятларининг баҳоси қуйидаги параметлар бўйича аниқланади.

- куч (турникда тортилиш 8-12 марта);

- чидамлилик (кросс-3 000 м, 12.40-14.00 мин.);

- тезлик (югуриш – 100 м, 14.00-15.00 сек.).

Абитуриентлар тиббий кўрик, касбий-руҳий ва жисмоний танловлардан ўтганларидан сўнг 10 июль куни белгиланган фанлар бўйича Давлат тест синовини топширадилар.

Кимлар курсант бўлишлари мумкин?

Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги билим юртларига ўқишга Ўзбекистон Республикасининг қуйидаги фуқаролари қабул қилинадилар: ўн етти ёшдан йигирма бир ёшгача бўлган, шу жумладан, ўқишга қабул қилинган йили ўн етти ёшга тўладиган фуқаролар, шунингдек, ҳарбий таълим муассасаларида ўқиш истагини билдирган, офицерлар таркиби ҳарбий унвонига  эга бўлмаган, ўн саккиз ёшдан йигирма беш ёшгача бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий хизматга мажбурлар.

ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ АКАДЕМИЯСИДА ЎҚИШ УЧУН

Ички ишлар вазирлиги Академиясига ўқишга қиришни истаган йигитларимиз учун ОТМга қабул қилиниш, таълим шакллари, шунингдек, мутахассисликлар ҳақида маълумот бериб ўтамиз.

ИИВ Академиясига кимлар қабул қилинади?

Академияга ёши ўн саккиздан кичик ва йигирма бешдан катта бўлмаган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ҳамда ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчилари танлов асосида ўқишга қабул қилинади.

Эслатма: 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб Академия кундузги таълим шаклига қабул фақат Ички ишлар вазирлиги академик лицейлари, ҳарбий академик лицейлар битирувчилари, шунингдек, ички ишлар органлари ходимлари таркибидан амалга оширилади.

Ҳужжатлар қаерда ва қачондан қабул қилинади?

ИИВ Академиясига ўқишга кириш учун номзодларнинг аризалари (Академияга ўқишга кириш учун номзод ички ишлар органи ходими бўлган тақдирда, уларнинг билдиргилари) қабул йилидан олдинги йилнинг 15 ноябридан қабул йилининг 15 февралига қадар номзод доимий яшаш жойидаги тегишли ички ишлар органларида қабул қилинади.

Шунингдек, Академияга ўқишга қабул қилиш танлов, тенг ҳуқуқлилик ва қабул қилишнинг ягона қоидалари принциплари асосида қуйидаги 3 босқичда ташкил этилади:

-дастлабки танлов;

-махсус касбий танлов;

-якка тартибдаги якуний суҳбат.

Қандай ҳужжатлар зарур?

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

*ариза берувчининг паспорти нусхаси

*туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома нусхаси, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома алмаштирилган ёхуд фамилияси, исми, отасининг исми ва бошқа маълумотлар ўзгартирилган бўлса, бу ҳақда ФХДЁ органининг маълумотномаси;

*ариза берувчининг яқин қариндошлари паспорти, никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома, никоҳдан ажралганлик ҳақидаги гувоҳнома, ногиронлик (агар мавжуд бўлса) қариндошларининг ўлими ҳақидаги гувоҳномалари нусхалари;

*Академияга ўқишга киришда имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхаси;

*3х4 сантиметр ўлчамдаги 6 та фотосурат (бош кийимсиз) ҳамда 9х12 сантиметр ўлчамдаги 2 та фотосурат (бош кийимсиз);

*номзод томонидан қўлда ва компьютерда ёзилган таржимаи ҳол;

*анкета (сўровнома)

*ўқиш, иш (агар ўқиётган ёки ишлаётган бўлса) ва яшаш жойидан тавсифнома ҳамда маълумотнома (яшаш жойидан берилган маълумотномада номзоднинг оила аъзолари кўрсатилади);

*ариза берувчининг маълумоти тўғрисидаги ҳужжатлар нусхаси ҳамда уларнинг баҳолар кўрсатилган иловаси нусхаси;

*ҳарбий хизматга чақирилувчининг қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси ёки ҳарбий гувоҳномаси;

*доимий рўйхатда турган жойидан белгиланган намунадаги соғлиғининг ҳолати ҳақидаги маълумотнома (бўй-басти кўрсатилган);

*меҳнат дафтарчаси нусхаси (агар мавжуд бўлса);

*олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга киришга номзоднинг ота-онаси розилик хати.

Аризани қабул қилган ички ишлар органи ходими ушбу бандда кўрсатилган ҳужжатларнинг аслини текшириб олади. Ишчи гуруҳ томонидан хизмат ўташ хусусиятидан келиб чиқиб, шунингдек, айрим ҳужатларга аниқлик киритиш мақсадида тегишли муассасасидан қўшимча ҳужжат ёхуд маълумотлар талаб қилиб олиниши мумкин.

ИИВ Академияси кундузги таълим шаклига қабул қандай амалга оширилади?

Академия кундузги таълим шаклига қабул махсус касбий танлов ва якка тартибдаги суҳбат орқали кириш тест синовларисиз амалга оширилади.

Академияга ўқишга қабул қилиш танлов, тенг ҳуқуқлилик ва қабул қилишнинг ягона қоидалари принциплари асосида қуйидаги босқичларда ташкил этилади: дастлабки танлов; махсус касбий танлов; якка тартибдаги якуний суҳбат.

Кундузги таълим шаклини тамомлаганлар қаерда ишлаши мумкин?

ИИВ Академиясининг кундузги таълим шаклини тамомлаган мутахассислар ўз мутахассисликлари бўйича ички ишлар органларининг офицерлик лавозимларида ишлайди.

ИИВ Академиясида курсантларнинг ўқишлари учун яратилган шарт-шароитлар

Курсантларга ўрнатилган тартибда стипендия тўланади ва моддий таъминоти белгиланади. Бунда курсантлар ётоқхона, уч маҳал иссиқ овқат ва хизмат кийими билан бепул таъминланади.

ИИВ Академиясида курсантлар бошқа фуқаролик олий таълим муассасаларидан фарқли равишда курсантлар тўлиқ давлат таъминотида бўлади ҳамда шартнома пулини тўламайди.

Add new comment