Ҳозирги кунимизда соғлиқни сақлаш, хасталикка чалинмаслик учун бадантарбия қанчалик аҳамиятли эканини ҳамма тушуниб етган. Каттаю кичик иложи борича бадантарбияга эътибор беришга ҳаракат қилади. Ҳамма кучли, бақувват, эпчил, соғлом ва хасталикларга чидамли бўлишни хоҳлайди. Бунинг учун эса бадантарбия билан шуғулланиш лозим. Шунинг учун ҳам ота-оналарга болаларининг жисмоний тарбиясига алоҳида эътибор бериш вазифаси юклатилган.

ыфВ (1).jpg

Пайғамбаримиз (с.а.в.) нинг бу ҳақдаги баъзи ҳадиси шарифларини ўргансак, масалани тўғри тушунишимизга ёрдам бўлади. Набий (с.а.в.) ёш авлоднинг соғлом бўлиб ўсишини таъминлаш борасида ота-оналарни фарзандларини бадантарбия билан шуғуллантиришга тарғиб қилганлар. Имом Аҳмад ва имом Абу Довуд Оиша розияллоҳу анҳодан келтирган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан мусобақалашган эдилар, мен у зотдан ўзиб кетдим. Бир муддатдан сўнг, менинг гўштим оғирлашганда яна мен билан мусобақалашиб, мендан ўзиб кетдилар ва: «Ҳалиги билан биру бир», дедилар». Қаранг, Пайғамбаримиз (с.а.в.) турмуш ўртоқлари Оиша онамиз розияллоҳу анҳо билан югуриш мусобақаси ўтказган эканлар. Биринчи югуриш мусобақаси ўтказилган пайтда Пайғамбаримиз (с.а.в.) нинг ёшлари эллик учдан ўтган эди. У зот Оиша онамиздан ўзиб кетган кейинги югуриш мусобақасида эса у зотнинг ёшлари ундан ҳам катта бўлган. Бу оилавий равишда бадантарбия билан шуғулланишдир. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кучли мўмин Аллоҳнинг ҳузурида кучсиз, заифҳол мўминдан яхшироқ ва маҳбуброқдир ва ҳар бирида яхшилик бор», дедилар». Яъни ҳар бир мўминда яхшилик бор, лекин шу яхшиларнинг ичида Аллоҳга энг маҳбуброғи ким дейилса, кучли мўмин бўлар экан. Кучли бўлиш учун эса бадантарбия билан машғул бўлиш, жисмоний жиҳатдан соғлом ва кучли бўлиш учун эса зарур бўлган машқларни давомли равишда бажариб юрмоқ лозим бўлади. Бир ҳадиси шарифда у зот спорт турларини фарзандларимизга ўргатишни буюриб: «Болаларингизга сувда сузишни, камонда отишни ва от минишни ўргатинглар», деганлар. Мўмин-мусулмон ота-оналар болаларига шунга ўхшаган нарсаларни ўргатиб боришлари тавсия қилинган.

Абдижалол ТУРДИЕВ,

“Қизилқум” жомеъ-масжиди бош имом-хатиби.

Add new comment