Олим бўлиб, одам бўлмаган собиқ курсдошим Рустамга очиқ хат!

Ўша САНАМ ни кўндириш СИЗга осон бўлмади. У ҳақда битган ўнлаб, юзлаб битикларингиз жавобсиз қолди. Ахийри, муғомбирлик йўлига ўтдингиз ва осонлик билан сиз гўзал санамга эришдингиз. “Агар, ошиқларинг ўн мингта бўлса, билгинки, уларнинг сардори менмен...” дея давраларнинг тўри сизга мунтазир бўлган ажойиб кунларнинг бирида тўйингиз бўлиб ўтди. Орадан икки ой ўтар-ўтмас Аллоҳ сизларни ўғил билан сийлади. Ўғлингизни еру кўкка ишонмадингиз. Ҳатто уни парвариш қилиш учун вақтигизни аямадингиз, онангизни ҳам кўмакка чақирдингиз.

photo_2020-06-12_12-45-05.jpg

Ўзингиз севган санамингизни ўқишни давом эттириши учун имкон яратиб, елиб югурдингиз. Кунлар бирма-бир ўтаверди. Оппоқ тонглар рўшноликка чўлғониб отаверди. Сизларнинг севгидан бунёд бўлган ошёнингизга ҳамманинг ҳаваси келарди. Сизлар севги фидоийси эдингиз, назаримизда. Биз курсдош 18 қиз ҳам сиздек бир сўзли, вафоли ёримиз бўлишини юракдан-да, орзу қилардик. Лекин, шамолдек ўтган йиллар сизга ҳақиқий баҳони берди. “Муҳаббат солган иморат вайрона” бўлди, тилларда достон бўлган севгига дарз етди. Кун келиб тағин Санам фарзандли бўлди. Қизингиз олам юзини кўрганида минг афсуски, сиз ўзга ёр оғушида эдингиз. Во, ажаб! Ишонмайман, тўғриси ишонгим келмайди. Сиздаги севги наҳотки ёлғон эди?! Ғурур, йигитлик ор-номус бошқаларга нисбатан сизда ҳавас қилгулик эди. Хаёллар мени ўз гирдобига олади. Эсингизда бўлса, ўғлингизни туғилган кунида, сиз Санамга атаб шеър айтдингиз. “Менга Алпомишдек ўғил туғиб берган аёлни киприкларим орасида сақлайман”, деганингизда хонани гулдурос қарсаклар садоси қуршаб олганди. Биз сизга ишонгандик, севгингиз ростлигига, поклигига имон келтиргандик. Орадан ўн етти йил ўтиб, кунларнинг бирида Санам қизингиз билан кириб келди уйимга. Ҳайратдан қотиб қолдим. Гўё икки томчи сувдек, сизга ўхшарди қизингиз. Тилим калимага келмай зўрға кўришдим. Биласизми, бундай ўхшашликни биринчи маротаба кўришим эди. “Отамни фақат суратларидан танийман, ўзини ҳеч кўрмаганман...”. Қизингизнинг оғзидан сўз эмас, оловлар учди шу лаҳзада. Кўзларида соғинч, куйик юрагида армон ўти ёнди шу оқшом гўё. –Сиз отамни яхши одам дейсиз, агарда яхши бўлганида бизлардан бир хабар оларди-да! Ўзим бирор марта бўлсин кўрмаган отамни соғинаман. Ҳатто тушларимда кўриб тураман. “Қиз бола бировнинг хасми” дейдилар. Балки, тўғридир! Лекин мен онамнинг олдидан жилгим йўқ. Нега десангиз, отамга ўхшаган олим бўлиб, одам бўлмаган инсонларга дуч келишдан қўрқаман. Тўғрисини айтсам, отамнинг биз гуноҳсиз гуноҳкорларга кўрсатган “каромати” боис бутун эркак зотига бўлган ишончим йўқолган. Ҳа, отам бугун олиму-фузало. Лекин, толибу илмларга: “Дилим бошқаю, тилим бошқа” деб айтсалармикан? Қолаверса, ўз оиласида бахтини топмаган инсон, кейин топгани, биринчи бахти – оиласидек бўлармикан? Йўқ! Минг афсуски, йўқ. Отам ҳақида эшитгим келмайди. Отам яхши одам эмас. Отам аблаҳ, одам!... Шафқатсиз тақдир, алдамчи дунё! Бу қизнинг айби нимада? Қайси гуноҳи учун унинг пешонасига тирик етим тамғасини босдинг? Ўзимга сиғмайман, дунёга сиғмайман. Рўпарамдаги куйик кўнгил, масъум чеҳра ҳеч кўз ўнгимдан кетмайди. Узоқлардан бир сас эшитилади: ...Тонглар отаверар қонга беланиб, Балки унут бўлар айрилиқ шоми. Инсонлар бир-бирин юрса эъзозлаб, Ҳеч қачон тўлмайди муҳаббат жоми!

Нурия ПЎЛАТОВА.

Add new comment