Ўзбек адабиётининг намоёндаларидан бири, беқиёс адиб Абдулла Қодирийнинг ҳаётида ижоддан ташқари муҳаббат ҳам бўлганми? Отабек ва Кумуш, Анвар ва Раъно каби адабий қаҳрамонларнинг исмларини, ҳар “айтган” сўзларини юракларга ошно қилган инсон ишқ отлиғ соҳир туйғуни бошидан кечирмаганига ишониш қийин. Қуйидаги ҳикоя адибнинг меҳр ва фидоийлик, садоқатга йўғрилган муҳаббати ҳақида.

photo_2020-07-15_10-57-15.jpg

Бу эзгу туйғуга мушарраф бўлган инсоннинг исми Раҳбарой бўлиб, у Расулмуҳаммад исмли савдогар кишининг қизи эди. Бўлажак адиб рус-тузем мактабини битириб, тирикчилик сабаб Расулмуҳаммадбойнинг қўл остида иш бошқарувчи бўлиб ишлай бошлайди. Бой ота инсофли, зиёлипарвар киши бўлиб, унинг дўконларида замонасининг илғор фикрли кишиларини учратиш мумкин эди. Ушбу фазилатлари бойнинг бу пайтга келиб, анча танилиб қолган адибни куёв қилишига бир сабаб бўлган бўлса, ажабмас. Хуллас, икки томоннинг розилиги билан тўй тараддуди бошлланади. Куёвнинг уйидагилар келинни тезроқ тушириб олишни исташарди. Бой ота хонадонида эса бир эмас, иккита тўй бўлиши кутилаётганди – ўғилни уйлантириш керак. Шу масалада бироз муаммо бўлди: “Аввал қизимизни узатиб, кейин ўғлимизни уйлантирамизми ёки аксинча? Охири аввал ўғилни уйлантириб олиб, кейин қизни узатиш маъқул кўринди. Ахир, жигарининг тўйида Раҳбарой онасига жуда зарур дастёр суянчиқ. Уни бир-икки ҳафтадан кейин узатишади. Куёв томон озроқ кутиб туришар. Айнан тўй куни фалокат рўй берди – югуриб – елиб хизмат қилиб юрган Раҳбаройнинг устига суви қайнаб турган самовар ағдарилиб кетди. Оёқлари қаттиқ куйган экан, табибга мурожаат қилишди. Шу кўйи Раҳбарой ётиб қолди. Ота-она дилбандининг дардида бир куйса, энди нима бўлиши, куёв томон нима дейишини ўйлаб минг куйишарди. Бу фожеадан бехабар, куёв томондан тўй маслаҳати билан одам келди. Бой ота минг андиша билан қизининг аҳволини баён қилиб, тўй-ни янаги ойга қолдиришни сўради. Лекин элчи бўлмиш шаддод янга тўйни келаси ҳафтага деб, элга эшиттириб қўйишганини ай-тиб, ўзининг гапида туриб олди. Қудалар у деса, бу деди, охири кўндирди. Тўй айтилган муддатида ўтказиладиган бўлди. Ўзбекона гўзал тўй 1914 йилда бўлиб ўтди. Ўша пайтлардаги урфга кўра, аравада умр йўлдошининг уйига келган келинни завжи кўтариб, ерга туширмоғи лозим эди. Қодирий эса Раҳбаройни авайлаб қўлларига олганча уйгача кўтариб келди. Келиннинг бетоблигини кўпчилик билмай қолди ҳам. Қодирий рафиқасини нафақат тўй куни, том маънода бир умр кафтларида кўтарувчи турмуш ўртоқ бўлди. Қодирийга Раҳбаройдек раъногул қиз, Раҳбаройга Қодирийдек зиёли – мирзо йигит тақдирнинг инъоми эди гўё. Иккиси Назифа, Ҳабибулла, Адиба, Аниса, Маъсуд исмли фарзандларга ота-она бўлишди. Афсуски, мудҳиш қатағон қузғуни бу оилага ҳам чанг солди... Адибдан кейин Раҳбарой ҳам кўп яшамади, 1943 йилда вафот этди.

Шаҳноза МУРОДОВА,

Халқ депутатлари туман кенгаши депутати.

Add new comment