Қайсидир оиланинг «Темир дафтар»га киритилишига хонадонда меҳнатга лаёқатсиз ногиронлиги бўлган фуқаролар ёки сурункали касалликка чалинган оила аъзоларининг мавжудлиги ҳам сабаб бўлиши мумкин. Пандемия шароитида мана шундай шароити оғирлашган оилаларга мутасаддилар алоҳида эътибор қаратишлари, уларга хайрия ёрдамлари бериш билан бирга даромад манбайи яратишлари ҳам зарур.

IMG_0065.jpg

- Айша ая – уста чевар. Халқимиз орасида унутилиб борилаётган миллий қўл-ҳунар буюмларини жуда моҳирлик билан тикади ва тўқийди. Келини Симбат, қўшни келин Гулнар ва набира қизларини ёнига олиб ҳунар ўргатади. Оиладасида ўғли ҳам келини ҳам ишсиз эди. “Ҳар бир оила тадбиркор” лойиҳаси доирасида 6 млн. сўм имтиёзли кредит олган келини Симбат 6 бош она-бола эчки олиб, парваришламоқда. Қолган гапни аянинг ўзидан сўрайсизлар, - дейди овул фуқаролар йиғини раиси Жомарт Абдираманов. Қулқудуқ овулида пандемиянинг илк кунларида рўйхатга олинган 39 та оиланинг 34 таси «Темир дафтар»дан чиқарилган. Овулда чорвачилик, мил-лий қўл-ҳунармандчилик кенг ёйилган. Кўп хонадон эгалари чорва молларини кўпайтириш, миллий буюмларни тикиш билан шуғулланади. - Овулда катта бир завод ёки тикувчилик цехи йўқки, ишга жойлашсак. Турмуш ўртоғим ҳам ўзим ҳам ишсиз эдик, яқинда чорва учун имтиёзли кредит олиб, 6 бош она-бола эчки сотиб олдик. Ҳозирда эчкиларни парваришлаяпмиз, соғиб сутини фарзандларимга ҳам беряпман, - дея суҳбатга қўшилади Симбат Сулейменова. – Қолаверса, қайнонам Айша Қайпназаровадан миллий қўл-ҳунармандчи-лик сир – асрорларини ўрганаяпман. Мана бу бау-басқурларни қайнонам кўмагида тўқиб битирдим. Юқорида таъкидланганидек, “Темир дафтар”га киритилган аҳолининг 87 фоизи бугун камбағалликдан чиқарилган. Қандай дейсиз-ми, эътиборингизни рақамларга қаратамиз. 11 та оилага имтиёзли кредит эвазига майда шохли мол берилган, 3 та оила хотин-қизлари миллий қўл-ҳунармандчилик йўналишида касбга қайта ўқитилган. Уларнинг ҳар бири чеварчилик билан шуғулланиб, бугун даромад топишмоқда. Чўпонлик овул аҳолисининг азалдан ота касби эмасми, 2 нафар ишсиз фуқаро ҳудуддаги фермер хўжаликларига тегишли отарларда чўпон, ёрдамчи чўпон бўлиб ишга қабул қилинган. Шунингдек, 3 нафар хотин-қиз қишлоқ врачлик пункти ва мактабгача таълим ташкилотида муқим иш ўрнига эга бўлди. 4 нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинган. Камбағаллик рўйхатида турган фуқароларнинг 11 нафарига бир марталик моддий ёрдам берилган.

IMG_0027_1.JPG

Дарвоқе, Зуҳра Еримбетова у энди уйдан ишхонага шошилади. Негаки, кўпдан кутган орзуси ушалди, ишли бўлди. Бу оилада 5 нафар киши истиқомат қилади. Шу кунгача уларнинг бирортаси ишламас, кичкина овулда иш йўқлигидан куни – бўйи бекор ўтиришар, рўзғордаги етишмовчиликлардан қийналган опа-укалар салга “ғижиллашиб” ҳам туришарди. Тўғри, туманнинг саховатпеша инсонлари, туман раҳбарлари ҳар гал таширифи давомида бу оилага моддий ёрдам, озиқ-овқат маҳсулотлар тўплами беришади. Лекин “Қўлдан берганга қуш тўймас!”, деганларидай, ўзи ҳалол меҳнат қилиб, маблағ топишни орзулаган бу самимий ва оқкўнгил аёл туман ҳокими, 1-сектор раҳбари Соли Хамроевга муаммосини айтиб, мурожаат қилди. Орадан 2 ой вақт ўтиб, Зуҳра Еримбетованинг мурожаати ижобий ҳал этилди. У ҚВП га кичик тиббиёт ходими сифатида ишга қабул қилинган бўлса, укаси Шинберген Еримбетов фермер хўжалигида ёрдамчи чўпон бўлиб иш бошлади. Шу тариқа чекка овулда яшовчи яна бир оила берилган кўмак ва ёрдамлардан сал бўлса-да оёққа турди. Бу оила ўзини энди "темир дафтар"дан чиқишга тайёр деб билади. ...Мақоламиз аввалида овул оқсоқоли қолган гапни Айша опадан эшитасиз деганди, аяни суҳбатга чорладик. - Мен иш йўқ, дея шикоят қиладиган ёшларни тушунмайман. Меҳнат қиламан деганга овулда иш, даромад манбаи етарли, - дейди Айша опа. – Мана кўриб турганингиздек, ўзим ҳам келинимни ёнимга олиб меҳнат қилаяпман. Унга тобора унутилаётган миллий қўл-ҳунармандчилик сирларини ўргатаяпман. Узун қиш кунлари ўтов жабдуқларини, безак берадиган бау-басқурларни тикиб, тўқиб чиқамиз. Бу маҳсулотлар харидоргир. Битта ўтов ичини жиҳозлаб, безатиб беришимиз 10-15 млн. сўм туради. 10 йилдан бери туман “Ҳунармандлар” уюшмаси аъзосиман, Тошкентда, Сармишсойда ўтказилган Халқаро фестивалларда, семинарларда иштирок этдим. Тажрибамни янада оширдим. Иш ўрганаман деган ёшларга “Ҳунармандлар” уюшмаси туман бўлимини устоз-шогирд йўналишида ҳунар ўргатиб келмоқдаман. Ҳа, “Ҳунар, ҳунардан ризқинг унар!”, дея бе-жизга айтилмайди. Ҳунарманд киши ҳеч қачон муҳтож бўлмайди, буни Айша опа оила-си мисолида сўзлаб беришга уриндик. МАЪЛУМОТ ЎРНИДА: Учқудуқ туманида 1023 та оила “Темир дафтар”га киритилган бўлиб, уларнинг 84 фоизи бугун кам-бағалликдан чиқарилган. 790 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган, шундан 81 нафари доимий ишга қабул қилинган, 709 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинган. 95 та оила 2 млрд. 315 млн. сўм кредит эвазига чорвачилик, паррандачилик, тикувчилик ва бошқа ўнлаб йўналишларда ўз бизнесини йўлга қўйишган. Яна 11 та оила 371 млн. сўм кредит ҳисобидан бугун ҳунармандчидлик билан шуғулланмоқда. Шунингдек, «Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарорда берилган имтиёзлардан фойдаланган 158 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилган.

Райҳон ҚОДИРОВА, махсус мухбиримиз.

Add new comment