Хитой астрологик календарига мувофиқ 2019 йилнинг жонивор “ҳомий“си, ўн иккинчи мучал – тўнғиз бўлади. Мунажжимлар башоратига кўра, 2019 йил яратувчанлик, бунёдкорлик ва ёрқин лаҳзалар бахш этади. Йил давомида тиришқоқлик билан меҳнат қилиш, ўз бахти учун курашмоқ истаги ошиб боради.

Тўнғиз омадсизликларни узоқлаштириб, келажакка умид билан қарашга ёрдамлашади. Кўнгилсизликлар ва муаммолар орқага чекинади. Омад, моддий бойлик ва муваффақиятларга имкониятлар эшиги очилади.

2018 йилда тақдир тақозосига таянган, ҳар қандай сабаб туфайли шубҳа-гумонларда қийналган бўлсангиз, 2019 йилда некбин тўнғиз фаровонлигингиз ҳақида астойдил қайғуради. Бу даврда қилинган барча ишларни таҳлил қилиш, келишмайдиган инсонлар билан ярашиш ва ҳар жабҳада барқарорликка эришган маъқул. Янги йил барча соҳаларга ўзгариш киритади, ихтилофларни бартараф этиб, инсонлар орасида муносабатни тиклайди.

5.jpg

Тўнғиз йили етарли даражада тинч ва муросали бўлади. Чунки ушбу ҳайвон хайрихоҳлиги ва одиллиги билан ажралиб туради. У нафақат давлат даражасида, балки ҳар бир инсон ҳаётида кескин бурилиш ясашга қодир.

2019 йилда молиявий ишлар самарали бўлади. Бундан ташқари, йил “эгаси“ саломатликни мустаҳкамлашга ва куч-қувват, кўтаринки руҳ бағишлашга ёрдам беради. Нафақат руҳий ҳолатни, балки танани мустаҳкамлаш – спорт билан шуғулланиш, сузиш, қоматни тиклашга ёрдам беради. Йил давомида саломатлигингизга алоҳида эътиборда бўлинг, чунки январь ойида сурункали касалликлар авж олиши мумкин. Нима бўлганда ҳам умидсизликка тушманг, тўн­ғиз хушчақчақ кайфият, дадил ҳаракат орқали орзу-истакларни рўёбга чиқариши бегумон.

Янги йилда инсонлар келажакка ишонч билан қарай бошлаб, янги кун шукроналиги ошиб боради. Қобилиятига ишончсизлик билан қаровчиларнинг эса шиддат билан олдинга – буюк орзулари сари интилиши  ортади.

Тўнғиз йилида шахсий ҳаёт туб ўзгаришларга бой бўлади. Турмуш қуриш истагида бўлганлар ўз бахтини топади. Қатъиятсизлик ва тортинчоқликка ўрин қолмайди, ахир ҳис-туй­ғулар бундай фазилатлардан устун-да. Йил “эгаси“ бунинг учун пойдевор яратса-да, оиланинг мустаҳкам, севги-муҳаббатнинг абадий бўлиши асосан ҳар бир мучал эгасининг ўзига боғлиқ.

Йил молиявий томондан муваффақиятли келса-да, пул осмондан ёғ­майди. Керакли маблағни топиш учун кўп меҳнат, ҳаракат қилмоқ керак.

Тўнғиз йили оила фаровонлиги ва уй ишлари учун фаол бўлишга ундайди. Уйни тартибга келтирмоқ, таъмирлаш, қурилишга киришиш самарали бўлади.

Атрофдагилар билан муносабат мустаҳкамланади, айниқса, биринчи бўлиб муроса сари қадам ташлаган кишига “ҳукмдор“ йил давомида ён босади. Хоҳ ижод, хоҳ санъатда бўлсин, ҳар қандай янгилик олқишланади.

Тўнғиз ёлғонни ёмон кўради, бир силташда рақибларни ва ёмон ниятли одамларни ҳар томонга улоқтириши мумкин. Яъни, унинг ғамхўрлигини баҳорданоқ сеза бошлаймиз. Март қуёши билан бирга ҳаётимизга моддий бонуслар ёпирилади.

Тўнғиз муаммоларнинг ноанъанавий ечимини топиш тарафдори, шунинг учун ижод аҳли ва креатив фикрловчи кишилар шон-шараф чўққисига қийналмай чиқишади.

Йил меҳнат ва вақтичоғликка бой бўлса-да, интеллектуал ҳордиқ учун вақт ажратишни унутманг. Тўнғиз билим ва савиясини оширадиганларни ёқтиради. Хуллас, янги йилда кутубхонага югуринг ва мутолаага астойдил киришинг.

Манбалар асосида Фарида НУРМУРОДОВА тайёрлади.

Фикр билдириш