Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори (704 сон, 10.11.2020 й.) билан тасдиқланган мазкур регламент туғилган боланинг ота-онаси ёки васийси (ҳомийси), тутинган ота-онаси, уларнинг ўрнини босувчи шахслар ёки уларнинг яқин қариндошларига ёхуд ота-онасидан бири ваколат берган бошқа шахсларга туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома олиш, туғилганликни қайд этиш, поликлиникага ҳисобга қўйиш, бир марталик нафақа пулини олиш, болани отаси ёки онаси ёҳуд васийси, тутинган ота-онаси доимий рўйхатда турган манзили бўйича рўйхатга қўйиш ҳамда болани давлат мактабгача таълим ташкилотига навбатга қўйиш бўйича комплекс давлат хизматлари кўрсатиш тартибини белгилайди. Унга кўра, бола туғилган жойдаги тиббиёт муассасаси ходими бола туғилганидан сўнг 1 кун ичида бола ва ота-онаси ҳақидаги маълумотларни «Туғилиш ва ўлимни, шу жумладан перинатал ўлимни электрон рўйхатга олиш» ахборот алмашинуви тизимига киритади. Маълумотлар автоматик равишда «ФҲДЁ ягона электрон архиви» ахборот тизимига юборилади. ФҲДЁ бўлими маълумотларни қабул қилиб олганидан сўнг 3 иш соати ичида кўриб чиқади ва болага туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани расмийлаштиради. Маълумотлар комплекс тартибда бошқа хизматларни кўрсатиш учун автоматик равишда Ички ишлар, Мактабгача таълим, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ахборот тизимларига юборилади. Шунга кўра: Туман (шаҳар) ички ишлар бўлими – болани 1 кун ичида тегишли манзил бўйича доимий рўйхатга қўяди; Мактабгача таълим вазирлиги – мактабгача таълимни бошқаришнинг ахборот тизимида сўровда кўрсатилган боғчага болани автоматик равишда навбатга қўяди; Соғлиқни сақлаш вазирлиги – 1 иш куни ичида она рўйхатда турган поликлиникага (рўйхатда турмаган тақдирда доимий ёки вақтинча рўйхатда турган яшаш манзилидаги поликлиникага) болани рўйхатга қўяди; Пенсия жамғармаси бўлими – фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пулини автоматик равишда расмийлаштиради. Боланинг отаси ёки онаси бола туғилгандан бошлаб 6 ой муддат ичида бир марталик нафақа пулини олиш учун Халқ банкининг исталган филиалига мурожаат қилиши мумкин (6 ойдан кейин мурожаат қилинса, бир марталик нафақани тўлаш рад этилади). Туғилганликни қайд этиш билан боғлиқ комплекс давлат хизматлари Тошкент ва Нукус шаҳарларида, 2021 йил 1 февралдан барча вилоят марказларида, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб бутун республика ҳудудида кўрсатилади. Учқудуқ туман адлия бўлими бошлиғи Эрмаматов Йигитали Шералиевич

Add new comment