Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самардорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори энергия манбаларидан фойдаланишнинг истиқбол режаларини аниқ кўрсатиб берди. Шунга кўра айни пайтда мамлакатимизда энергия манбаларидан тежаб-тергаб фойдаланиш, янги энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда ва бу борада дастлабки муваффақиятли қадамлар қўйилмоқда. Бу янгилик ва ўзгаришларни вилоятимиз мисолида ҳам кўриш мумкин.

yaki-buvayut-alternatyvni-dzherela-energiyi-dlya-domu_0.jpg

Қарорда қайта тикланувчи энергия манбаларини ишлаб чиқарувчилар, улардан фойдаланувчилар, яшаш учун мўлжалланган жойларда энергия тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган ҳолда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахсларга бир қатор имтиёзлар кўзда тутилган. Жумладан, бунда улар 5 йил муддатгача солиқнинг барча турларидан озод этилишлари, 10 йил муддатга мол-мулк солиғи ва ер солиғи, 3 йил муддатга ер солиғи тўлашдан озод этилиши белгилаб қўйилди. Булардан кўринадики, энергия тежовчи технологияларнинг жорий этилиши давлат томонидан қўллаб-қувватланиб, кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Бунга жавобан қарор ижросини тўла таъминлаш учун барча имконият, шарт-шароитлардан тўлиқ фойдаланган ҳолда энергия тежовчи технологияларни жадал турмушга татбиқ этиш ҳозирги куннинг энг муҳим вазифаларидан бири эканлигини чуқур ҳис этишимиз ва қарорда белгилаб берилган вазифаларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлашимиз лозим. Вилоятимизда ўтган давр мобайнида энергия тежовчи технологияларни турмушга жорий этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Ана шулардан бири сифатида “Ўзэнергоинспекция” Навоий ҳудудий бўлими ташаббуси билан Навоий шаҳридаги “Янги ҳаёт–2018” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатида 24 миллион сўмлик битта қуввати 1 кВтли қуёш фотоэлектрик станцияси ўрнатилганлигини айтиш мумкин. Келгусида қуёш сув иситкичларини ўрнатиш ҳам режалаштирилган. Навоий кон металлургия комбинати давлат корхонасида ҳам ана шундай қуёш фотоэлектрик станцияси ўрнатиш кўзда тутилган. Қуёш сув иситкичларини ўрнатиш юзасидан анча салмоқли ишлар амалга оширилди. Жумладан, Навоий кон металлургия комбинати давлат корхонасида 650 миллион сўмлик 896 кВт қувватга эга 115 та қуёш сув иситкичлари ўрнатилди. Навбаҳор туманида 2 та, Хатирчи туманидаги 43-умумтаълим мактабида 2 та ана шундай қуёш сув иситкичлари айни пайтда ишлаб турибди. Бу қурилмалар учун жами 675,6 миллион сўм сарфланди. Аммо улардан келадиган фойда, тежамкорлик натижасида энергия самарадорлиги ошганлигини изоҳлашга ҳожат йўқ. Келгусида амалга ошириладиган режалар янада салмоқли. 2019-2022 йиллар давомида Навоий иссиқлик электр станцияси ва Бессапан ўчириб-ёқиш пункти оралиғида 177 километр узунликдаги 500 кВ кучланиш ўлчамларида 220 кВ кучланишли электр узатиш тармоғи қурилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 79,5 миллион долларни ташкил этади. Бундан ташқари 2020–2021 йилларда давлат-хусусий шерикчилиги асосида “Масдар” компанияси билан ҳамкорликда вилоятимизда қуввати 100 МВтга тенг бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилади. Шунингдек, 2020-2023 йиллар давомида вилоятимизда давлат-хусусий шерикчилиги асосида “Масдар” компанияси билан биргаликда қуввати 400 МВтга тенг шамол электр станцияси қурилиши амалга оширилади. Худди шундай давлат-хусусий шерикчилиги асосида Саудия Арабистонининг “АКВА ПАУЭР” компанияси билан ҳамкорликда қуввати 500 МВтга тенг шамол электр станцияси қуриш мўлжалланган. 2023 йилда тугалланиши кўзда тутилган лойиҳа қиймати 500 миллион долларни ташкил этади. Энергия самарадорлигини ошириш мақсадида янги технологияларни жорий этишни давом эттириб, 2020-2023 йилларда Навоий иссиқлик электр станциясида учинчи буғ-газ қурилмасини қуриш режалаштирилган. 650 МВт қувватга эга буғ-газ қурилмаси қурилши Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги назоратида амалга оширилади ва унинг қиймати 1 миллиард 187 миллион 400 минг долларни ташкил этади. Президентимиз томонидан жорий йил “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилинди. Юртбошимизнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Маж-лисига Мурожаатномасида жорий йилнинг масъулияти, белгиланган вазифаларнинг улуғворлиги, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида обрўси ва нуфузи тобора ортиб боришида халқимизнинг янада якдил бўлиши ва жипслиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлиги қайта-қайта таъкидланди. Айниқса, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самардолрлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни кенг жорий этиш ривожланиш ва тараққиётнинг гарови эканлиги бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас. Шунинг учун ҳар биримиз электр энгергияси бебаҳо бойлигимиз эканлигини чуқур ҳис этишимиз, ундан тежаб-тергаб фойдаланишимиз лозим ва шарт. Аҳоли яшаш манзилларида электр энергиясининг бир неча соат узилиб қолиши қанчалик ташвиш уйғотиши маълум. Бундай узилишлар бўлмаслиги учун электр энергиясидан фойдаланувучи ҳар бир шахс унга бебаҳо бойлик сифатида қараши, ҳар бир киловатт электр энергиясининг беҳуда сарфланишига йўл қўймаслиги зарур. Қайта тикланувчи энергия манбалари, энергия тежовчи технологияларни жорий қилишга ўтиш давр талабига айланди. Тежамкорликсиз ривожланиш ва тараққиётга эришиб бўлмайди. Президентимиз қарори ижросини таъминлаш юзасидан белгиланган улуғвор режаларнинг амал-га оширилиши натижасида яқин келажакда вилоятимизда энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва улардан фойдаланишда улкан самарадорликка эришиш бўйича катта ютуқлар, муваффақиятлар қўлга киритилади.

Ибодулло Хўжақулов, “Ўзэнергоинспекция” Навоий ҳудудий бўлими еткачи мутахассиси.

Add new comment