Ҳозирги баъзи олимларнинг фикрига кўра, катта зилзилалар замон ва маконда анча тартибли тарзда содир бўлади. Шу сабабли ҳам бугунги кунда зилзилаларга олдиндан тайёрланиш, ундан келадиган талафотларнинг олдини олиш мумкин. Замонавий дунёда бу одатий нарсадек туюлади, аммо техника ривожланмаган даврлардачи? «Дарё» бугун ХВ асрнинг талафотли зилзиласи ҳақида ҳикоя қилади.

Италия яриморолидаги энг кучли зилзила

1456 йилнинг айнан шу кунида содир бўлган зилзиланинг маълумотлари қайта ўрганилиши натижасида, ушбу ер силкиниши Италия яриморолида содир бўлган энг кучли зилзила экани маълум бўлди. Ушбу зилзила ҳақида маълумотлар чекланган бўлсада, олимлар силкинишнинг зарарлари, характери ва тектоник ҳаракатларини ўрганишга муваффақ бўлди. Италия тарихидаги энг кучли зилзила кўлами жуда кенг бўлган, бутун Италия ҳудудининг олти фоизи ундан азият чекди. Италия ва Германиянинг кўплаб шаҳарлари вайрон бўлди. Кўплаб аҳоли пунктлари, айниқса, қирғоқ бўйида яшовчи аҳолидан ҳатто из ҳам қолмади.

1456 йилдаги сейсмик инқирозда камида иккита кучли шок бўлган бўлиб, уларнинг бири 5 декабрда, яна бири эса 25 кун ўтиб бўлган — 30 декабрда. Биринчи мейншокдан сўнг, 5—10 декабргача максимал зарар етгани ҳақида хабарлар қолдирилган. Бу ҳақда у замонда энг актуал бўлган хатлар, расмий баёнотлар, ҳисоботларда ёзиб қолдирилган.

Ойнинг қолган қисмида, иккинчи асосий шок содир бўлгунича, бир нечта билинар-билинмас силкинишлар содир бўлди. Кетма-кетлик 1457 йил бошига қадар (баъзи манбаларда майгача) давом этди ва бу кўпроқ зарар етказди.

 

Талафот

Неапол зилзиласини икки хил йўл билан тасвирлаш мумкин: халқ тили ёки қурбонлар сони билан. Биринчи вариант билан айтадиган бўлсак, Италия тарихидаги энг кучли ер силкиниши «шаҳарни илдизи билан қўпориб ташлади». Иккинчи вариантда рақамлар сўзлайди — 35 минг қурбон. 5 декабрда содир бўлган силкинишда асосий зарар кўрган ҳудудлар Наполи ва Пиана Камапана бўлди. Бутун шаҳар вайронага айланди. Кўпчиликнинг охирги сўзлари тупроқ остида айтилмай қолиб кетди...

Италян сейсмологлари ушбу давомли зилзилани иккита алоҳида силкинишга ажаратади. Биринчиси — 5 декабрдаги — 7,2 магнитудали. Иккинчиси 30 декабда содир бўлган — 6,6 магнитудали. Ўрганишлар натижасида бундан кейин ҳам кучлироқ зилзилалар содир бўлсада, ушбу силкиниш зарарлари ҳисоблаб чиқилиб, энг талафотли зилзила деб топилган.

Италия тарихидаги энг кучли зилзилалар

Юқорида сўз юритилган ер силкиниши, таъкидланганидек, яриморол тарихидаги энг кучлиси эди. Ундан сўнг Италия яна бир неча маротаба «титради».

Фото: Гоогле Пҳотос

30 июл, 1626 йил. Яна Неапол. Ушбу зилзила бу сафар 10 минглаб қурбон талаб қилди.

8 сентабр, 1905 йил. Калабрия яриморолида (Италия) Рихтер шкаласи бўйича 7,9 балли зилзила содир бўлди. Тахминан, беш минг киши ҳалок бўлди, 25 та қишлоқ деярли вайрон бўлди.

1908 йил 28 декабрда Ситсилия оролида Рихтер шкаласи бўйича 7,5 балли зилзила бўлиб, Мессина шаҳри ва яқин атрофдаги 25 та аҳоли пунктини бутунлай вайрон қилди. Турли манбаларга кўра, 80 мингдан 250 минггача одам қурбон бўлди.

1915 йил 13 январда Апеннин тоғ тизмасининг марказий қисмида, Авеззано яқинида зилзила содир бўлди. Тахминан, 1600 квадрат километр майдонга, юзлаб шаҳар ва қишлоқларга ушбу табиий офат таъсир кўрсатди. Кучли силкинишлар Адриатикадан тортиб яриморолнинг Тиррен қирғоқларига қадар бўлган ҳудудларда сезилди. Тахминан, 30 минг киши вафот этди.

1980 йил 23 ноябр. Италиянинг жанубида Рихтер шкаласи бўйича 6,8 гача бўлган етти зарбадан иборат зилзила уч минг кишининг ҳаётига зомин бўлди, 1,5 минг киши ғойиб бўлди, саккиз минг киши жароҳат олди, 200 минг киши уйсиз қолди. Зилзила Неапол ва Потентса орасидаги 26 минг квадрат километр кенгликдаги майдонни қамраб олди.

Италияда охирги икки декадада содир бўлган кучли зилзилалар ҳам йўқ эмас. Масалан, 2002 йил 31 октабрда Италиянинг марказий ва жанубий минтақаларида кучли ер силкиниши қайд қилинди. Рихтер шкаласи бўйича 5,4 балли зилзила Сан-Жулиано қишлоғидаги мактабни вайрон қилди. 29 киши ҳалок бўлди, улардан 26 таси болалар. 61 киши жароҳат олди, уч минг киши бошпанасиз қолди.

2009 йилнинг 6 апрел санасида Абруси тоғли ҳудудида 6,7 магнитудали ер қимирлаши қайд қилинди. Энг кўп зарарни Аквила шаҳри кўрган бўлса, Рим ҳам ушбу силкинишни сезди. Баъзи аҳоли пунктларида бинолар 50 фоизгача зарар кўрди. Кучли, аммо талафотсиз ўтган кам сонли зилзилалардан бири десак ҳам бўлади.

Add new comment