- Болам , чида ҳомиладорлик дард эмас ,-  Она гўшакга гапирар экан , чуқур уф тортди .

- Нима қилай , ойижон . Турсам ҳам , юрсам ҳам кўз ўнгимдан кетмаяпти . Бутун хаёлим фақат шунда бўлиб қолди.

- Болам , биз ҳам ха деса эшигингни тақиллатиб, салом бериб кириб бораверолмаймиз- ку. Айб бўлади , ахир. Ўзи борганимизга уч кун бўлмади. 
      Эрингга айт дардингни. Эр дегани шунақа вақтда хотинига яхшироқ эътибор бериши керак.

      Нодира опа шундай деди- ю , барибир қизига юраги ачиди. Қизи Шоира ҳомиладор. Ҳомиладорлиги жуда оғир кечяпти. Умуман қозон овқат ея олмаяпти. Унда,  бунда кўнгли хўл мева тусайди халос . Уч кун олдин  ҳар хил мевалардан икки яшик қилиб олиб бориб ташлашган эди. Ўшанда қизини кўриб Нодира опанинг юраги эзилиб кетди. Бояқиш Шоиранинг рангини кесакдан фарқи қолмабти. Жилмайса , милклари оппоқ бўлиб кўринади . Қудаси Ҳанифахон эса ...
     Тавба шу аёл ҳам хомиладор бўлган- ку?! Нега тушунмас экан- а ?! Келиннинг уйидагилари бекорга олиб келмагандир шунча нарсани деса бўлади- ю ?! Унинг ўрнига "Вой яхши бўлди , синглим туғилган кунининг таванига нима қиламан деб турувдим" дея меваларнинг бир яшигини олиб жўнабди. Қолганини "Қуда холангларни дуо қилинглар" деб ўртада едириб юборибди. "Хой келин , манави тўртта олма , тўрт бош узумни уйингизга обкириб қўйинг, кўнглингиз тусаса ерсиз" дейишга шунчалик кўп фаросат керакмикан- а ?!...

- Айтдим , ойижон. Айтдим. - ҳиқиллади Шоира, -улар ҳам сўраганимни олиб келадилар- у, ойижонга берадилар . Ойижон бўлса ... 
Куёвингиз "Биз ўғри томоқ бўлиб ўсмаганмиз , ана ҳамма билан е "- дейдилар у, бу нарса десам ...

- Шоира , шу айтган шафтолингни олиб борганим билан қўлингга тегмаганидан кейин ...

Нодира опа бўғилди. Деразадан келини Дилдорага кўзи тушиб овозини пасайтирди : 

- Бўпти , бир иложи топилар... 

      Нодира опа Шоира билан ҳайрлашгач , анча ўзига келолмади. Нима қилишни билмай боши қотди . Қизига "уйга кел" деса , келиш - кетиш график асосида . Йигирма кундан бир кун олдин хам жавоб йўқ . Бу ёқда ёз . Қизи таътилда . У институтидаги  ўқишида бўлгандаям бошқа гап эди . 
      Нодира опа нима қилишни билмай оғир ўйга чўмганди ...

* * * 

        Шаҳло гўшакни  қўйгач, беихтиёр ёдига бундан уч йиллар аввал қизлик уйида бўлиб ўтган  бир воқеа тушди. Ўшанда эрта баҳор эди. Ошхонада ҳандалакдек турган қовунни кўриб энди қўлига олиб кесаман деганда ойиси келиб  қолиб "тегма" деб койиган эди. "Буни аканг келинойингга олиб келган , сен ейишинг шарт эмас , аммо  Дилдора келин ойинг емаса бўлмайди" деганини эслади . Ўша куни Шоиранинг   асаби бузилиб турган эди  , аламини беайб келинойисидан олиб,  онаси кетиши билан қовунни бир ўзи тинчитиб қўйганди .
     Аммо оила аъзоларидан ҳеч ким ўша қовунни сўроқламаганини бугун  эсласа, келинойисининг сабр- у тоқатига тан беради . 

       Шоиранинг хаёли яна шафтолига кетди. Қип- қизил бўлса , муздек бўлса ... Тўйгунича еса. Нечтасига тўяркин... Ким билсин ... 
       Ич- ичидан  йиғи кела бошлади : " Лоақал бир дона бўлсайди ..." 
      Шоира ўзини у ёққа ташлади , бу ёққа ташлади. Кир ювганда ҳам , уй тозалаганда ҳам , овқат пиширганда ҳам... Фақат шафтоли ... Шафтоли...

      Шоира маставага гуруч солмоқчи бўлиб турганда, эшик қўнғироғи жиринглади .
     Ташқаридан қайнонасининг овози эшитилди :
- Ваалейкум ассалом , кираверинг , қудамгилар яхшими ? 
       Шоира ошхонадан чиқиб, қўлида тўртта патир кўтариб олган келинойиси Дилдорага кўзи тушди .
- Ҳаммалари яхши. Аммо мени бу ерга келганимни билишмайди. Мен малака оширишда эдим . Бирровга киргандим. Шоирахонда бир китобим бор эди . Зарур бўлиб қолди- а ...
     Шоира ҳеч нарсага тушунмай анграйиб турарди . Дилдора илдам келиб Шоира билан кўришди ва уни келинлик уйига етаклади : 
- Илтимос , Шоирахон , жуда шошиляптувдим , китобни олиб беринг. 

       Ичкарига киргач ,  эшикни ёпган Дилдора елкасидан сумкасини олди ва қора халтага ўралган ниманидир чиқариб камод тортмасига шошилинч жойлади . 
        Хонани шафтолининг хушбўй иси тутиб кетди...

Add new comment