СИЗ БУ ВОҚЕАНИ ЭШИТ(ЎҚИ)ГАНСИЗ.

Бу воқеа ироқлик такси ҳайдовчисининг ҳаётида рўй берди. Яхшиси, воқеани унинг ўзи сўзлаб берсин:
- Оддий кунларимдан бири эди ўша кун. Мижозларимдан бирини айтилган манзилга олиб бориб қўйдим. Машинамни ортга қайтараётганимда кўпқаватли уйдаги балконлардан бирида турган ёшгина жувоннинг менга шошиб қўл силтаётганига кўзим тушди. Аёл менга «кутиб туринг» деяётгандай ишора қиларди. Бироздан кейин ҳовлиқиб етиб келди. Уст-боши хароб, ранг-рўйи бир аҳволда. Лекин ажабланмадим. Ҳозир бутун Ироқ аҳолисининг деярли ярми шу аҳволда... 

-Мени тиланчи деб ўйламанг, - деди жувон салом бергач. –Уйда уч гўдагим очдан ўляпти!..
Унинг овозидаги дард юрагимни зирқиратиб юборди.
-Эримни босқинчи аскарлар ўлдиришган. Ҳозиргача бор-будимни сотиб кун кўриб келдим. Аммо энди қўлга илингулик ҳеч нарсам қолмади. Болаларим уч кундан буён туз тотишгани йўқ. Ўзим нима бўлсам бўларман, лекин гўдакларимнинг нон сўраб ёлборишларига чидолмаяпман. Худо йўлида, етимларимга ёрдам қилинг!.. 

Шартта чўнтагимга қўл солдим. Бир даста пулимни чангаллаганимда, шайтон ғалаён қилди: «Нима қиляпсан ўзи?! Бунақаларни энди кўришингми? Ахир бу пулларни не машаққат билан йиққансан-ку! Болаларингнинг ризқини қийиб йиққансан!»

Чинданам шундай. Машинамнинг ғилдиракларини алмаштириш учун неча ойлардан буён пул йиғаётгандим. Хотиним емоқ-ичмоғимизни озайтириш ҳисобига йиғиб берганди бу пулларни. Ҳар кеча ишдан қайтишимни хавотир билан кутиб ўтиради, емирилган ғилдираклар билан бирор ҳалокатга учрамасайди деб қўрқиб ўтиради. 
Бугун устахонага боришим керак...

Жувон ўйланиб қолганимни кўриб, йиғлаб юборди.
-Тиланчилик қилиб ўрганмаганман. Жон қардошим, нон дардида номусимни сотишга мажбур қолмайин. Имконингиз бўлса, гўдакларимнинг жонини, менинг номусимни сақлаб қолишга ёрдам беринг...

Юрагим ёниб кетди! Ёнимдаги бор пулни олдим-да, жувонга тутқаздим:
-Ҳеч қачон номусингни сотма, синглим! Бу пуллар бир кунингга ярар. Қолганини Аллоҳ беради. 
Менинг қўлимдан келгани шу...

Жувон ҳаяжондан қалтираб кетди. Кейин ингичка қўлларини кўтариб, дуо қилди:
-Аллоҳим бу яхшилигингизнинг муносиб мукофотини берсин! Сизни Ўзи ярлақасин! Ўзи қўлласин!..

Ўша куни аранг нон пули топиб, уйга қайтдим. 
-Устахонага бормадингизми? – дея хавотир билан тикилиб турган хотинимга ёлғон гапиришга мажбур бўлдим:
-Бордим. Аммо ҳозир менинг машинамга мос ғилдираклар йўқ экан. Келтиргач, ўзлари хабар беришади...

Орадан уч кун ўтди. Кечқурун уйга қайтсам, хотиним қўлимга бир парча қоғоз тутқазди.
-Ғилдиракларни ўрнатишга бораркансиз. Устахонадан хабар юборишибди, - деди суюниб. 

Анграйиб қолдим. Ахир бу қанақаси! Ҳеч қанақа устахонага бормаганман-ку!
Шошиб қоғозга қарадим. Исм-шарифим, манзилим тўғри ёзилган. Устахона манзилиям бор. 

Хотинимга сир бой бермадим, аммо эрталабгача ухлолмай чиқдим. Балки янглишишгандир? Бошқасига адаштиришгандир? 

Эртасига эрталаб айтилган манзилга бордим. Шогирд бола қўлимдаги қоғозни олди-ю, менга ҳайратланиб қаради ва ичкарига югуриб кетди. Бироздан кейин ҳаяжондан титраган овози эшитилди:
-Келди, уста! У келди!
Ҳайратим минг чандон ошиб турганида, ичкаридан тўладан келган, эллик ёшлардаги уста шошиб чиқиб келди. 
Менга бирпас тикилиб турди-да, ҳўнграб йиғлаганича бағрига босди:
-Демак, сен экансан-да! Демак, бу сен экансан! 

Ҳеч нарсага тушунмасдим. Лол эдим. Охири ўзимни қўлга олиб, устанинг қўлларидан маҳкам тутдим.
-Нималар бўляпти ўзи? Тушунтириб беринг менга, уста!
Уста қалтироқ қўллари билан кўз ёшларини артаркан, дедики:
-Мана уч кечадирки, тушимга Расулуллоҳ
 (с а в)  киряптилар. Менга дейдиларки, «Фалон манзилдаги фалончини чақиргинда, машинасининг ғилдиракларини алмаштириб бер. Фақат ундан ҳақ олма. Ҳақини мен тўлайман.
 Қиёматда шафоатимга ноил бўласан!»... Аллоҳ учун сўзла, қардошим, қандай яхшилик қилгандингки, Расулуллоҳ(с а в) нинг ўзлари сенинг мушкулингни осон қилиш ҳаракатидалар? Қандай...

Мен ортиқ устанинг сўзларини эшитмасдим. Кўз ёшларидан бўғилиб қолгандим, юрагим қинидан чиққудек потирларди:  Субуҳаналлоҳ...

Add new comment