Дийдирайди юпун олам,
Бағри тўла тутунлар.
Куз охири – онам учун
Мен излайман ўтинлар.

Хаёлимдай паришондир
Рўзғори, тақдирлари.
Қунишгандай бўлиб турар
Мунғайган тандирлари.

Йиғиштирдим шеъримни ҳам,
Тўхтатдим таронамни.
Шоирлигим бир пул менинг –
Иситмасам онамни.

Қалтирайди пайкалларда
Ғўзапоялар урён.
Шону шуҳратим бир ёну
Қадоқ қўллари бир ён.

Арзир бу он жамлаб келсам
Дунёда бор тафтларни –
Илитмоқ-чун шу табаррук,
Шу мўътабар кафтларни.

Бор ҳаётим, кечган умрим
Кераксиз сармоядай.
Сездим ногоҳ: бармоқлари
Худди ғўзапоядай.

Завқу шавққа ошно дилни
Ғам-ташвишга ўрайман.
Дўсту ёрдан онамга деб
Пулмас, ўтин сўрайман.

Мен демасман: молу мулкинг
Бутун бергил, эй дунё.
Онам учун бир боғгина
Ўтин бергил, эй дунё.

Ёқаётган хас-хашаги
Ўкинчларимга ўхшар.
Ўтинлари тутаб ётган
Ўтинчларимга ўхшар.

Куз титрайди боғда, барглар
Худди менинг баргимдай.
Қумғонлари, ўчоқлари
Куйиб кетган бағримдай.

Кўзимда ёш, узр айтиб
Тагларида юрарман.
Отаёдгор ёнғоқлардан
Мен шох-шабба сўрайман.

Худони ҳам пайғамбарни
Ҳар лаҳза ёдлар қилган.
Супра ёзиб мавлудлару
Мушкулкушодлар қилган.

Болам дея куйиб-ёнган,
Тутуним бўлган онам.
Тирикликнинг тандирига
Ўтиним бўлган онам.

Эсдан чиққан бобомни ҳам
Тушларимда кўрарман.
Бу тонг бобо чинорлардан
Сизга ўтин сўрарман.

Кечир мени, момо тутим,
Тупроқ билан тенгдирман.
Саҳар чоғи қарсиллаган
Сенмас, асли мендирман.

Одамзотнинг умри ҳам бир
Дарахт экан – сездим мен:
Укам эккан хурмоларни
Йиғлаб-йиғлаб кесдим мен.

Бу дунёдан мева тугмай
Кетган ниҳолим – укам,
Ўтин бўлиб онам уйин
Иситмоқдадир бу дам.

Инсон жисми надир асли,
Надир ному нишони?
Чўғмас, гўё лахча-лахча
Ёнар кўнглим фиғони.

Фарзанд гарчи ҳаёт гули,
Мева яхши, боғ яхши.
Меҳрсиз ўн ўғилдан лек
Бир бесамар шох яхши.

Мен ҳам ўғил бўлдимми деб,
Тентирайман ҳовлида.
Бир чўпчалик қадрим йўқдир
Заҳматларин олдида.

Надир менинг топган бари
Илму иззатим, онам?
Менинг буюк ибратим ҳам
Буюк ҳикматим онам.

Гарчи охир кул бўлмоқдир
Ҳар жисмнинг қисмати.
Илитмоқдир, иситмоқдир
Инсонийлик ҳикмати.

Бандаси гар тирикдир то,
Магар тўқ, магар очдир,
Ёнмас экан, куймас экан –
Кераксиз бир ёғочдир.

Тирикликнинг кўйида гар
Гоҳ ўтмиз, гоҳ тутунмиз.
Мангу сўнмас оловдир Вақт –
Биз барчамиз ўтинмиз.

Инсон яшар кўп азобу
Уқубат бор дунёда.
Инсондир у – токи меҳру
Оқибат бор дунёда.

Гарчи ошу нон деб гоҳо
Бир-бировдан тонгаймиз.
Эзгуликнинг йўлида лек
Ўтин бўлсак – ёнгаймиз.

Майли доим юрак-бағри
Бутун бўлинг, ёронлар.
Ҳеч бўлмаса, онангиз-чун
Ўтин бўлинг, ёронлар.

  Сирожиддин САЙЙИД, Ўзбекистон халқ шоири

Add new comment