15 декабрь куни “Учқудуқ” маданият уйида халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгашининг навбатдан ташқари йигирманчи сессияси бўлиб ўтди. Маданият уйи фойесида сессия иши доирасида тумандаги ишлаб чиқариш корхоналари ва тадбиркорларнинг кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис сенат аъзоси З. Тулекова, Навоий вилоят ҳокими ўринбосари К.Хасанов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳудудий бошқармалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ф. Муҳитдинов, туман кенгаши депутатлари, туман ҳокими ўринбосарлари, сектор раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бошлиқлари, тегишли ташкилот, корхона ва муассасалар раҳбарлари, сиёсий партиялар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Сессияни туман кенгаши депутати А.Рўзиқулов олиб борди.

photo_2020-12-21_14-32-34.jpg

Мажлис давомида Учқудуқ туманини 2020 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар сарҳисоби ҳамда 2021 йилдаги устувор вазифалар юзасидан Учқудуқ тумани ҳокими Хамроев Соли Фармонович аҳолига мурожаат қилди. Янги Ўзбекистонимиз янги ўн йилликка қадам қўйди. Ҳурматли Президентимиз Ш.М.Мирзиёев олдимизга янги ўзгаришларни амалга ошириш бўйича улкан вазифаларни белгилаб бермоқда. Албатта, биз келгуси йил учун амалий режалар тузар эканмиз, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровон-лигини ошириш, фойдаланилмаётган имкониятларимиз ва захираларимиздан самарали фойдаланишга доир йўналишларни аниқ-равшан белгилаб олишимиз зарур. Ҳудудлар иқтисодиётини ривожлантириш бўйича ҳукумат томонидан туманларнинг “ўсиш нуқталари” драйвер йўналишлари белгилаб берилган. Учқудуқ тумани драйвер нуқтаси ҳудуд географиясидан келиб чиқиб кишлоқ хўжалиги ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўналишида ўсиш нуқталари белгилаб олинган. Туманда 2021 йилда барча мақсадли дастурларни амалга ошириш натижасида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 101,9 фоизга, халқ истъемоли моллари ишлаб чиқариш ҳажмини 101,5 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 106,3 фоизга, қурилиш - пудрат ишларини 101,5 фоизга, чакана савдо айланмаси 101,5 фоизга, асосий капиталга киритиладиган инвестицялар ҳажмини 115,4 фоизга, жами хизматлар ҳажмини 102,7 фоизга оширишни режалаштирилган. Туманда 2021 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини ташкил этиш этиш дастурига кўра, саноат, қишлок хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва бошқа йўналишдаги янги йирик ва кичик лойиҳаларни амалга ошириш, мавжудларини кенгайтириш ҳисобига 1 563 та доимий иш ўрни яратилади. Бунда, инвестицион лойиҳалар ва ижтимоий инфратузилма ҳисобига 701 та, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига 862 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилмоқда. Туманда 3-7 ёшли болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш ишларини 10 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил қилиш орқали қамров даражасини 98, 0 фоизга етказиш режалаштирилган. Бундан ташқари, туманда 2020-2021 ўқув йилида умумтаълим мактабини битираётган 449 нафар битирувчининг 55,0 фоизини олий таълим муассасаларига ўқишга киришини таъминлаш халқ таълими бўлими ва шу тизимдаги умумтаълим мактабларининг асосий вазифаси этиб белгиланади. Шунингдек, сессияда Навоий вилоят ҳокими ўринбосари К.Хасанов, Шимолий кон бошқармаси директори Я.Шакаров сўзга чиқиб, ҳурматли Президентимиз томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида 2021 йилда хизматлар кўрсатиш соҳасини 5 баробарга ошириш бўйича вазифалар белгилаб берилди. Учқудуқ туманида бу борада имкониятлар етарли бўлган бир пайтда ҳозирда аҳолига хизмат кўрсатиш сифати ва сони талаб даражасида эмаслигини таъкидладилар. Кун тартибида муҳокама қилинган масала юзасидан халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгаши депутатлари Ш.Муродова, Ш.Тилавов, М.Абдикаримов, Р.Кодирова, Г.Алланова музокаларда сўзга чиқиб, сайловчилар томонидан билдирилаётган муаммоли масалаларга тўхталиб ўтдилар. Жумладан, Учқудуқ шаҳар Бўстон кўчаси 16 - уй олдида болалар майдончаси қурилиши ўз ҳолига ташлаб қўйилган бу эса аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётгани, туман марказида режалаштирилган 5 та болалар ўйингоҳини қурилиши қачон якунига етказилиши, туман тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли поликлиникасига қарийб, 600 млн. сўм маблағ сарфланиб харид қилинган ПЦР лабораторияси қачон тўлиқ ишга туширилиши сингари муаммоли масалалар ўртага ташланди. Депутатлар томонидан билдирилган асосли эътирозларга соҳа мусаддилари тегишлича жавоб қайтардилар. Халқ депутатлари Учқудуқ туман Кенгашининг навбатдан ташқари йигирманчи сессияси кун тартибида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди ва ижрога қаратилди.

Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

Add new comment