Янги йилнинг яқинлашуви билан болажонларда ажиб бир кайфият туғилади. “Албатта совға оламан”. Айниқса бундай интизорлик ўз яқинларидан йироқда яшаётган меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари учун муҳимроқ. Шимолий кон бошқармасига қарашли 2-тиббиёт санитария қисми кўнгилли ходимлари дам олиш кунлари Томди “Болалар шаҳарчаси” да бўлишиб, бу ерда тарбияланаётган учқудуқлик болажонлар ҳолидан хабар олишди.

- Бу ерга келишдан олдин уларнинг эҳтиёжларини ўргандик, - дейди 2-ТСҚ бош шифокори Эркин Нормуродов. – Бугун улар эҳтиёж сезаётган буюмларни аниқладик ва болажонларнинг онлайн дарс қилишлари учун телевизор, бўш вақтларида ҳунар ўрганишларига асқотадиган электрпеч совға қилдик. Кўнгилли бўлиб келган тиббиёт ходимлари кийим - кечак ва ўқув қуролларига эҳтиёжи бор бўлган болаларни савдо мажмуасига олиб чиқиб, улар танлаганини харид қилиб, совға сифатида тақдим этишди. Аслида бу ерда тарбияланаётган болалар учун меҳрдан кўра каттароқ қувонч топилмайди. Аммо истаймизми йўқми болаларда мақтаниш одати кучлилик қилади. Улар энди йил бўйи олган совғаларини кийганда ё кўрганда: “Менга учқудуқлик акам, холам, тоғам... олиб берган” дейишади хурсанд бўлиб. Зеро, муборак битикларда ҳам бир кемтик бир кўнгилни хурсанд қилиш, Каъбани обод қилиш билан баробар дейилган.

Лайло КАРИМОВА, ШКБ ахборот хизмати раҳбари.

Add new comment