Миллат генофондини сақлашни ва жамиятни тараққий этишини истаган ҳар қандай давлат гиёҳвандликка қарши аёвсиз кураш олиб бориши шарт.

Ана шу боисдан мамлакатимизда гиёҳвандликка қарши кураш борасидаги ишлар бир зум ҳам сусайтирилмайди ва тўхтатилмайди. Ҳар йили икки босқичда “Қорадори” тезкор-профилактик тадбири ўтказилиб, қанчадан-қанча инсонларнинг умрига зомин бўлиши мумкин бўлган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишини олди олинмоқда.

Айни кунларда “Қорадори” тезкор-профилактик тадбири расман тугаган бўлсада, гиёҳвандлик ва гиёҳфурушликка қарши кураш узлуксиз давом этмоқда.

Учқудуқ тумани ички ишлар бўлими томонидан олиб борилган тезкор профилактик чора-тадбирлар натижасида  учқудуқлик икки нафар фуқаро “Дўстлик” маҳалласидаги  истироҳат боғида  заҳри қотил савдоси билан шуғулланаётган вақтида қўлга олинди. Иккита гугурт қутисига жойланган “марихуана” гиёҳвандлик воситасини 1 500 000 сўмга сотишга уринган “оғуфуруш ҳамтовоқ”лардан  7,023 грамм “марихуна” гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинди.

Гиёҳфурушликка қўл урган  С.Р. ва Ч.В ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 273-моддаси 3 - “б” қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Азиз юртдошлар! Гиёҳвандлик бу иллатдир, уни кундалик ҳаётингизга кириб келишига асло йўл қўйманг.

Акмал ЭРГАШОВ,

Учқудуқ тумани ИИБ бошлиғининг

ҲПМ бўйича ўринбосари капитан.    

Add new comment