Туркиянинг TAV Airports Holding компанияси Ўзбекистон аэропортларини модернизация қилишда ва Тошкентда янги аэропорт қуриш лойиҳасида иштирок этади. Бу ҳақда Anadolu агентлигига таяниб, Spot хабар берди.

Фото: «Дарё»

«Саккизта мамлакатдаги 15 аэропортни бошқаришимизга ёрдам берадиган ноу-хаумизга таяниб, Ўзбекистондаги аэропортларни ривожлантириш ва модернизация қилиш устида иш олиб борамиз. Шунингдек, янги технологияларни жорий этиш ва инсон ресурсларини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик қиламиз», — деган TAV Airports директори Сани Шенер.

Транспорт вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, 27 январь куни транспорт вазири вазифасини бажарувчи Илҳом Маҳкамов TAV Airports Holding президенти Сани Шенер билан Ўзбекистон аэропортларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Учрашувда TAV Airports Holding президенти Сани Шенер Тошкент халқаро аэропорти ва ҳудудий аэропортларни ривожлантириш масаласида ҳамкорликда лойиҳаларини амалга оширишга тайёр эканини билдирган.

Аввалроқ Ўзбекистондаги мавжуд аэропортларни «пакет принципи» (зарар билан ишлаётган ҳаво портларини фойда келтираётганлари билан шерикликка бериш) асосида шерикликка бериш бошланиши хабар берилган эди.

Шавкат Мирзиёев 2020 йил 25 май куни транспорт соҳасининг барқарор ишлашини таъминлаш ва изчил ривожлантириш масалалари бўйича ўтказган йиғилишда аэропортларни модернизация қилиш, Андижон, Бухоро, Урганч ва Қарши халқаро аэропортларини давлат-хусусий шерикликка бериш бўйича тендер эълон қилиниши белгиланганди.

Add new comment