Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 1999 йилда Малайзияда аниқланган Nipah (NiV) вируси сабабли юзага келиши мумкин бўлган пандемия хавфи ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда The Guardian’га таяниб «Korrespondent.net» хабар берди.

Фото: Unsplash

NiV жуда тез тарқалади, вирус оқибатидан ўлим даражаси 40—75 фоизни ташкил қилиши мумкин. Касаллик симптомларсиз кечиши ёки ўлимга олиб борадиган энцефалитни келтириб чиқариши мумкин. Мазкур касалликнинг давоси ҳали топилмаган.

Вирус Нипах дарёси бўйида яшовчи чўчқабоқар фермерлар орасида аниқланган ва шу ном билан аталган. Ёввойи табиатда унинг ташувчилари — Жанубий Хитой, Жануби-шарқий Осиё, Янги Гвинея ва Австралияда кенг тарқалган қўлқанотлилар туркумига кирувчи мевахўр учар тулкилардир. Бундан ташқари, вирус Африкадаги худди шу турдаги қўлқанотлиларда ҳам аниқланган. Шуниси эътиборлики, ҳайвонларнинг ўзи касалланмайди.

Инфекцияни одамлар касал чўчқалар орқали, шунингдек, танасида вирус мавжуд қўлқанотлилар теккан мевалар (биринчи навбатда, хурмо, янги хурмо ва хурмо шарбати)ни истеъмол қилиш натижасида юқтиргани аниқланган.

NiV’нинг олдини олиш учун ЖССТ хурмо ва бошқа янги озиқ-овқат маҳсулотларини мевахўр қўлқанотлилардан сақлашни тавсия қилади. Янги йиғилган хурмо шарбатини қайнатиш, меваларни истеъмолдан олдин яхшилаб тозалаш керак.

Вируснинг одамдан одамга юқиш хавфини камайтириш учун ЖССТ NiV билан касалланган одамлардан узоқ юриш, қўлларни мунтазам ювиш ва шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланишни тавсия қилади.

Add new comment