Никоҳ қайд этилганлиги, никоҳда турмаслиги ёки ажралганлиги тўғрисидаги маълумотномани онлайн олиш мумкин, деб хабар бермоқда Ягона интерактив давлат хизматлари портали.

“Ҳар ойда минглаб юртдошларимиздан ушбу маълумотнома сўралади. Энди уни олиш учун ФҲДЁ бўлимларида навбат кутишлар ортда қолди. Ушбу хизмат Ягона порталда ҳам кўрсатилади ва сизни вақтни беҳуда сарфлашдан қутқаради”, - дейилади маълумотда.

Қайд этилишича, ариза берувчи Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтиб, маълумотнома тўлдиради. Сўнг, белгиланган миқдордаги тўловни амалга оширади. Сўровнома ФҲДЁ органига юборилади.

ФҲДЁ органи QR-код қўйилган маълумотномани расмийлаштиради ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юборади.

Агар сўровномада сўралаётган маълумотлар ФҲДЁ органида мавжуд бўлмаса, у тегишли равишда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш архивларига юборилади ва бу ҳақда аризачи хабардор қилинади.

Хизмат 3 иш кунида кўрсатилади. Тўлов миқдори - Ягона портал орқали мурожаат қилинганида базавий ҳисоблаш миқдорининг 4,5 фоизи.

Add new comment