ИНСОН умри улкан орзу-мақсадлардан, қувонч ва ташвишлардан, машаққатли меҳнатдан турли имтиҳонлардан иборат. Ҳаётнинг оқ ва қора рангларига, яхши ва ёмон йўлларига ҳар биримиз дуч келамиз. Бу қоронғу йўллардан узоқлашгимиз, ёмонлик соя солган маконлардан чиқиб кетгимиз келади. Аммо ҳаётнинг шундай кутилмаган зарбалари борки, бошингга тушган адолатсизлик кулфатини енгишга ҳеч ким, ҳеч нарса ёрдам беролмайди. Бу ғаддор дунёнинг ўйинлари кўп…
Ихтиёр Умаров нима сабабдан озодликдан маҳрум қилинди, у етарли тажриба ва билимга эга бўлган кучли ҳуқуқшунослардан бири эди-ку.
Бухоро ва Навоий вилоят адлия бошқармаларида етакчи маслаҳатчи, бош маслаҳатчи, адлия бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, Навоий вилояти ҳокимлиги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар гуруҳи раҳбари, кўп йиллар Учқудуқ тумани ҳокими вазифаларида ишлаган, Қизилқум бағридаги шаҳар қиёфасини буткул ўзгартиришга, улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширишга ва халқ розилигини олишга улгурган ташаббускор раҳбар Ихтиёр Умаровнинг жиноят иши кўпчиликни қизиқтириши табиий.
Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят судининг 2009 йил 16 ноябрдаги ҳукми билан, И.Умаровнинг айби тасдиқланмаган, ҳеч қандай асос, тасдиғи бўлмаган жиноят иши бўлсада ва суд процессида қатнашган 6 нафар адвокат бирор айби тасдиқланмагани учун, қатъий оқловни талаб қилишига қарамай, Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан 10 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди.
Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди кассация инстанциясининг 2012 йил 24 июлдаги ажрими билан юқоридаги ҳукм ўзгаришсиз қолдирилди… Адолатсизлик устига адолатсизлик!
Суд ишини ажнабийлар кўрмаганку
Бир айбсиз шахсга асоссиз туҳматлар билан адолатсиз ҳукм ўқилиши, бир-икки йил эмас, роппа-роса ўн ярим йил озодликдан маҳрум қилиниши тўғрисида жазо тайинлаш мумкинми, деган саволга узоқ йиллар ҳеч ким жавоб бермади. Нега суд асоссиз ҳолатларга тўғри ҳуқуқий баҳо бера олмади, ёки баҳо беришни истамади? Энг алам қиладиган томони, суд ишини четдан келган Иванов ёки Гдлянлар эмас, Мустақил Ўзбекистон судьялари кўргани. Ахир биз ҳеч кимга қарам эмас эдик-ку. Ёки адолатли ҳуқуқий демократик давлат қураяпмиз деган шиорлар қуруқ сафсатамиди?
Хўш, Учқудуқ тумани ҳокими Ихтиёр Умаровнинг 10 йилу 6 ой панжара ортига ўтиришига “асос” бўлган жазонинг жиноят тафсилоти қандай эди?
Судда аниқланишича, “жабрланувчи” уч нафар фуқародан бир кунда яъни 2008 йилнинг 22 декабрь санаси қўйилган ва “пора берганмиз” дейилган аризалар 2009 йилнинг апрель ойида ёздириб олиниб, уларни олдинги сана билан рўйхатга олиш имконини топмасдан, жиноят ишига тикиб қўйиш ва шу асосда ҳоким И.Умаровга нисбатан жиноят иши қўзғатишни уддалаб, аризалари ёздириб олинган шахсларни эса жиноий жавобгарликдан озод қилиш қарорини чиқаришга эришишган.
Лекин таажжубланарлиси, ҳоким Ихтиёр Умаров “ўта оғир” жиноятни содир қилиб, 2009 йилнинг 8 апрелига қадар ишлаб келган. Терговга чақирилмаган ёки айб қўйилмаган.
Олий суд Раёсатининг 2020 йил 3 июлдаги қарорида мазкур аризалар қандай қилиб жиноят ишига тикилгани, нима учун аризалар рўйхатга олинмагани ва ижрога қаратилмагани хусусидаги кўрсатмаси кассация судида объектив ва қонуний тарзда кўриб чиқилди.
Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди кассация инстанциясининг 2020 йил 17 декабрдаги ажримига асосан, А.Давлетов, Т.Ахметов ва Н.Қониртаевлардан олинган аризаларни ҳеч қандай далилларга асосланмаган номақбул далил деб эътироф этди.
Биринчи инстанция суди И.Умаровни бошқалар билан тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, ўзларига ишониб топширилган ва ихтиёрларида бўлган ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш, мансабни суиистеъмол қилиш ва жуда кўп миқдорда пора олиш жиноятларини содир қилган деган “ёрлиқ”ларни ёпиштириб, жазо тайинлаган. Озодликка чиққач, ўз ҳақлигини, айбсизлигини исботлаш учун И.Умаров салкам олти йил курашди. Биринчи инстанция суди қонуний баҳо беришни истамаган барча далиллар, ҳужжатлар “тилга” кирди…
2020 йил декабрь ойининг 17 куни жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди кассация инстанциясининг ажрими вазиятга адолатли ва ҳуқуқий баҳо берди. Қуруқ тахмин ва фаразлар, номақбул далилларга асосланиб, исботи, далили бўлмаган жиноят иши бўйича айблов ҳукми чиқарган биринчи инстанция суди йўл қўйган хатоларга барҳам берилди.

Тил билмаган гувоҳларнинг имзоси кимнинг буюртмаси эди?
Биринчи инстанция ва кассация судида ишни кўришда дастлабки тергов ҳаракатлари жиноят процессуал кодекси талабларига риоя қилинмасдан, бир томонлама олиб борилганлиги, ўзбек тилини яхши билмайдиган бошқа миллат вакиллари бўлган 40 дан ортиқ гувоҳлар таржимонсиз тергов қилиниб, уларнинг имзолари олингани, гувоҳлар судда ҳеч нарсани тушунмасдан, сўроқ баёнини ўқимасдан имзолаб бергани ҳақида кўрсатмалар берган.
Натижада суд таржимон таклиф этиб, гувоҳларни сўроқ қилганда, 44 нафар гувоҳдан 40 нафари “бундай кўрсатма бермаганман”, “мен қозоқ тилида ўқиганман нима ёзилганини тушунмадим”, “протоколни ўқиганим йўқ”, “терговчи сўроқ баённомасини ўқитмасдан қўл қўйдириб олди”, деб биринчи терговда ёзилган кўрсатмаларини умуман инкор қилгани билан ўз тасдиғини топди.
Тергов органи фуқаролар С.Ортиқов, Б.Одилов, З.Шарипова, С.Алданазаров ва У.Холовларга, шунингдек, аксарият гувоҳларга нисбатан руҳий босим ўтказиш, жавобгар қилиш билан қўрқитиш, алдаш орқали кўрсатмаларни ўзи хоҳлаган тарзда олганлиги кейинги инстанция судида маълум бўлди. Энг ачинарлиси, кассация судида сўралган 19 нафар гувоҳнинг бирортаси ҳам “ҳоким тамагирлик қилди, ёки пул олди” деб кўрсатма бермагани, аксинча терговчи томонидан ёзилган кўрсатмаларни бутунлай инкор қилгани, бироқ биринчи инстанция суди бу ҳолатларга умуман эътибор қаратмагани ва айбловни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилгани, буларнинг барчаси кўрсатмаларни чўпонлар эмас, балки тергов органи Жиноят-процессуал кодексининг 88-моддаси 2-қисми 2-банди талабларини бузган ҳолда киритганидан далолат беради.
Тергов органи ҳокимни айбдор қилиш учун бир нечта сохта эпизодлар ҳам ўйлаб топган. Чунончи, “Жузқудуқ” ширкат хўжалиги раиси А.Даулетовдан ёздириб олинган биргина кўрсатма асосида унга ва У.Холовга моддий жавобгар шахс ҳисобланмасаларда, жиноят кодексининг 167-моддаси билан айб қўйилган. Ваҳоланки А.Даулетов биринчи инстанция судида бу ҳақда ҳеч қандай кўрсатма бермаган бўлсада, суд уларни ушбу айб эпизоди бўйича асоссиз айбли, деб топган.
Фуқаровий даъвогарлар Ш.Жунисов ва Е.Турешовлар судда аудитор хулосаси йўқлигини, ширкат хўжаликларига ҳеч қандай зарар етмаганини, бухгалтерия ҳужжатларида ҳам камомад кўринмагани учун даъво йўқлигини маълум қилиб кўрсатма берганини ҳам суд инобатга олмаган. Судда сўралган терговчи мазкур ҳолат юзасидан “120 бош қўйнинг талон-торож қилинганлиги ревизияда тасдиқланмаганди, муддати етмаганлиги боис қўшимча текшириш тайинламагандим… бу менинг айбим” дея тан олиши кишини янада таажжублантиради.
Тергов органи исботи бўлмаган, ҳеч қандай ҳужжат билан тасдиқланмаган ва ўйлаб топилган тахмин асосида бошқа тизим ходимларининг фаолиятидан ҳам камчилик ахтариб “топгани”, суд эса иш ҳолатларини синчковлик билан, ҳар томонлама тўла ва холисона текшириб чиқмасдан уларни ушбу жиноятни содир этган, деб айблов ҳукми чиқаргани, шунингдек, тергов органи қайси йўл билан бўлмасин, туман ҳокими фаолиятини ширкат хўжаликлари фаолиятига боғламоқчи бўлганини, дастлабки терговда хато ва камчиликларга         йўл қўйганлигини терговчи Ф.Усмонов тан олди.
Ва ниҳоят сохта жиноят “тарихи”нинг сири очилди. Терговчидан тортиб, аудиторлик ташкилоти судда аудиторлик хулосаси ваколати бўлмаган, аудитор ёрдамчиси томонидан терговчининг топшириғи билан, вилоят прокуратурасида ўтириб ёзилганини айтиш, хулосаларни ноқонуний тайёрланган деб топишни сўрашнинг ўзи тубанликка мисол.
 Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди кассация инстанциясининг 2020 йил 17 декабрдаги ажрими билан мазкур аудиторлик текширувлари хулосалари номақбул далил деб эътироф этилди.
Инсон тақдири билан боғлиқ бундай катта хатога йўл қўйган судья жаноблари бунга расмий жавоб бермаса ҳам, ҳеч бўлмаса виждони олдида жавоб бериши керак, деб ўйлаймиз.
Ҳақиқат букилади, эгилади, лекин синмайди…
Олий суд Раёсатининг 2020 йил 3 июлдаги қарори билан И.Умаровга нисбатан чиқарилган кассация инстанциясининг ҳамда Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг ажрими бекор қилиниб, жиноят иши қайтадан кассация инстанциясида кўриш учун юборилди.
Чунки амалдаги қонунларимизда шахсга айблов эълон қилишга фақат объектив далиллар мажмуигина асос бўлиши мумкинлиги, бунда, далиллар доирасини пора берувчи ва у билан боғлиқ шахсларнинг кўрсатмалари ҳамда айбига иқрорлик кўрсатмалар билан чегаралаб қўймасдан, шахсни айблаш учун пора предметининг олиниши, қонунлар билан белгиланган тартибда почта-телеграф ва электрон жўнатмалари, аудио ёки видеоёзувлар, телефон ёки бошқа мосламалар орқали амалга оширилган сўзлашувлар аниқланиши каби аниқ мезонлар билан асослантириш шартлиги кўрсатилган бўлишига қарамасдан, И.Умаровга тергов органи томонидан тўпланган далилларнинг қонунийлиги судда текширилмаганлиги, ҳукмда судланувчининг айби айнан қайси объектив далиллар билан исботланганлиги асослантирилмаганлиги, кўрсатмалардаги қарама-қаршиликлар бартараф этилмаганлиги, иш ҳолатлари тўлиқ текширилмасдан унинг айби “исботланганлиги” тўғрисида барвақт хулосага келингани, юқори инстанция судлари томонидан И.Умаровнинг келтирган важларига етарлича ҳуқуқий баҳо берилмаганлиги аён бўлди.
Судлов ҳайъати иш бўйича барча фикрларни тинглаб, шикоятда ва судда келтирилган важларни жиноят иши ҳужжатлари билан бирга таҳлил қилиб, жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят судининг 2009 йил 16 ноябрдаги ҳукмининг И.Умаровга оид қисмини бекор қилди. Ихтиёр Умаров Жиноят кодексининг мазкур моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этмаганлиги учун айбсиз, деб топилди ва оқланди.
Инсон қадр-қиммати, шаъни ҳақида жуда кўп гапирамиз. Ноҳақ судланган, айбсиз айбдорларнинг оқланганлиги ҳақида мақолалар бериш билан адолат қарор топганини кўз-кўз қиламиз. Аммо нима учун адолатсизликка йўл қўяётган катта-кичик мансабдорлар, айниқса ҳуқуқ тартибот идоралари ходимларининг йўл қўйган хатоси учун мулзам бўлганини, ҳеч бўлмаса маъмурий жазога тортилганини, озгина бўлса ҳам ҳушёр тортганини билмаймиз, кўрмаймиз? Нима учун?!
Тўғри, инсон учун ҳақлигини исботлашдан, оқланишдан, юзи ёруғ бўлиб яшашдан ортиқ бахт йўқ. Аммо улар йўқотган йиллар армони, саломатлик, қадр-қиммат, шаън ва ишончлар ўз ўрнига тушармикан?

Маруса ҲОСИЛОВА, Журналист.

Add new comment