Халқимиз “Саёқ юрган таёқ ейди” , дея бежиз айтишмаган. Яна “Шармандага шаҳар кенг” иборасини ҳам гоҳи-гоҳида бўлса-да, эшитиб қоламиз. Қуйида  суд жараёни тафсилотлари билан танишар экансиз, бу ибораларнинг нақадар топиб айтилганига амин бўласиз.

Бир нафар фарзанднинг онаси оиласидан ажрашган 29 ёшли Маҳлиё Искандарова (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) 2018 йил  20 май куни соат 22-00 да танишлари – бир нафар фарзанднинг онаси, оиласидан ажрашган 23 ёшли Манзура Қўлдошева ва 25 ёшли турмушга чиқмаган Шаҳло Саидова билан вояга етмаган Ў.Шоқосимовани ўзларига нисбатан иғво ва бўҳтон гапларни тарқатганини баҳона қилиб, ҳеч қандай сабабларсиз, уйидан судраб олиб чиқишади...

21_0.jpg

УНГА НИСБАТАН АДОВАТИМ БЎЛМАГАН

М.Искандарова, судланувчи:

-Ўғилой Шоқосимовани танишим Шаҳло орқали 2018 йил май ойи бошидан бери танийман. 20 май соат 21:10 ларда Зарафшон шаҳрида айланиб юрганимда Шаҳло қўнғироқ қилиб, бизни “фоҳиша”, деб ҳар хил гапларни гапириб юрган Ўғилойнинг қаердалигини аниқлаганини айтди. Сўнг уни 22:00 ларда Манзура ва Шаҳло билан иғво гаплар тарқатгани учун Зарафшон шаҳар дала-ҳовли жамиятида  бўлган дачадан олиб чиқиб, йўловчи “МАТИЗ”да Томди тумани “Роҳат” аҳоли яшаш пункти яқинига олиб бордик. Ўғилой жуда маст ҳолатда эди. Уни ерга ётқизиб, ҳақорат қилиб, устидаги кийимларини йиртиб, яланғоч қилдик. Баданининг турли жойларига тепиб урдик. Бу ҳолатни  Манзура телефонига видеога олди. Ўғилой билан олдиндан адоватимиз бўлмаган. Ўша куни ғирт маст эканидан фойдаландик. Қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман. Ўғилой ва унинг онасидан кечирим сўраб ярашдим. Унга етказилган моддий ва маънавий зарарларни қоплаб бердик.

Судланувчилар Маҳлиё Искандарова, Манзура Қўлдошева, Шаҳло Саидованинг айби судда айбларига тўлиқ иқрорлик билдириб берган кўрсатмаларидан ташқари, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари билан ўз тасдиғини топди. Уларнинг ҳар бири  Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 277 – модда, 2-қисми “б”, “г”, “д” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбли деб топилди. 1 йилу 6 ой муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.

Жаҳонгир КАРИМОВ,

жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси.

Фикр билдириш