Жорий йил муҳтарам Президентимиз томонидан “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон қилинди. Бу йилги Давлат дастури лойиҳаси 253 та банддан иборат бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга тақдим этган мурожаатномасида белгилаб берилган асосий ғоя ва таклифлари ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича “Ҳаракатлар стратегияси”да белгиланган асосий вазифаларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилди ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Хўш, 2019 йил Давлат дастури лойиҳасида ҳаётимизни яхшилаш учун қандай муҳим режалар ўрин олган? 253 та банддан иборат ушбу ҳужжатнинг айримларига тўхталамиз.

НОГИРОН ФАРЗАНДНИНГ ОНАСИГА ИЖТИМОИЙ НАФАҚА ТЎЛАНАДИ

25.jpg

Амалдаги қонунчиликка кўра, ногирон фарзанди бор оналарнинг болаларга қараб ўтирган йиллари меҳнат стажига ўтади. Лекин ушбу меҳнат стажини қўлга киритиш учун ҳам камида 7 йил ишлаган бўлиши керак. Бу йилги Давлат дастури лойиҳасида болаликдан ногиронлиги бўлган фарзандларнинг оналарига улар пенсия тайинлаш учун зарур иш стажи, яъни 7 йил иш стажи бўлмаган тақдирда ҳам ижтимоий нафақа тайинлаш назарда тутилган.

ЕТИМНИНГ БОШИНИ СИЛАГАНЛАР...

24_0.jpg

Патронат, яъни болани оила тарбиясига бериш тизимини кенгайтириш ҳисобига тўлиқ давлат таъминотидаги болалар сонини камайтиришнинг самарали механизмини яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Таъкидланишича, патронатга берилган болалар учун нафақа миқдори энг кам иш ҳақининг 8 баравари қилиб белгиланади. Амалдаги тартибга кўра, ҳозирда ушбу нафақалар энг кам иш ҳақининг 3 баробарини ташкил этади.

БИР НЕЧТА ЖОЙГА ҲУЖЖАТ ТОПШИРИШ МУМКИН

Мазкур ҳужжат лойиҳасида бу йил амалга оширилиши лозим бўлган вазифалардан бири – мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олишни кенгайтиришдан иборат. Шу мақсадда ёшларга бир вақтнинг ўзида бир нечта олий ўқув юртига ҳужжат топшириш имкониятини бериш ражалаштирилган.

ТАВСИЯНОМА ФАҚАТ ҲАРБИЙ ОЛИЙГОҲЛАРГА ЎТАДИ

26.jpg

Давлат дастури лойиҳасига асосан, ҳарбий тавсияномалар учун имтиёзларни бекор қилиш режалаштирилмоқда. Ҳужжат лойиҳасида ҳарбий хизматни ўтаган абитуриентларга тегишли ўқув йили учун тасдиқланадиган олий таълим муассасаларига қабул квоталари доирасида алоҳида квоталар ажратиш ва тест синовларини ўтказиш режаси ҳам бор. Агар ушбу тартиб йўлга қўйилса, абитуриентларга ҳарбий хизматни ўтаганлар “халақит” бермайди. Улар учун ОТМдан алоҳида қабул ўринлари ажратилади. Ва ушбу ажратилган ўринлар учун ҳарбий хизматни ўтаганлар ўзаро тест синовларида беллашишади. Шунингдек, ҳарбий қисм командирининг тавсияномаси фақат ҳарбий олийгоҳлар учун имтиёзга эга бўлиши назарда тутилмоқда.

Мавлюда ЭШНАЗАРОВА,

туман прокуратураси катта нозири.

Фикр билдириш