Шимолий кон бошқармаси 1- сонли автокорхона бош диспетчери Ботир Мирзоев "Бухорога ҳам саёҳат, ҳам зиёрат” велосаёҳатини уюштиришни кўпдан ният қиларди.

Навбатдаги меҳнат таътилида бу саёҳатни режалаштирган Ботир аканинг қарийб, уч кунлик йўли Қизилқум чўллари орқали ўтди. Учқудуқ-Зарафшон- Зафаробод йўллари текис варавон бўлса-да, қарши томондан эсиб турган шамол ҳаракатланишни бир оз қийинлаштирди. Шунинг учун баъзи жойларда тезлик соатига 20-30 километрдан ҳам кам бўлди. Аммо бу қийинчиликлар қаҳрамонимизга чўт эмас. Негаки, учқудуқлик Ботир Мирзоев ана шундай кунларни узоқ 1982 йилдан буён кутади.

–Талабалик йилларимдан велосипед билан саёҳатга чиқишни орзу қилардим. Аммо шу кунгача бунинг иложи топилмади. Юртимизда ички туризмни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор туфайли мен бугун бехатар саёҳатга чиқдим. Ниятим бутун ислом дунёси келиб кўришга муштоқ "Етти пир” номи билан машҳур азиз авлиёларнинг руҳи покларини зиёрат қилиш. Улардан руҳий мадад олиш. –дейди -қаҳрамонимиз Б.Мирзоев.

Шимолий кон бошқармаси ходими Ботир ака Учқудуқдан Бухоро вилоятидаги зиёратгоҳларгача қарийб 600 км. масофани энг яқин дастёри велосипеди билан босиб ўтмоқда.

Қаҳрамонимиз билан телефон орқали боғланганимизда у юртимиздаги тинчлик-осойишталик, ҳар бир гўшадаги ободликдан мамнунлигини изҳор этди. Энг муҳим жиҳат, Бухоройи шарифда тарих билан юзлашиб, халқимизнинг асрлар оша яшаб келаётган маданияти ва қадриятларига гувоҳ бўлиб, етти пир — Абдухолиқ Ғиждувоний, Муҳаммад Ориф Ревгарий, Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол ва Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуалари моҳиятидаги умумбашарийлик, боқийлик сирларини қайта кашф этаётганлигини билдирди.

Саёҳатингиз мазмунли, сафарингиз бехатар бўлсин, деймиз Ботир ака Мирзоевга.

Лайло КАРИМОВА, "Орион” телестудияси раҳбари.

Фикр билдириш