Мусиқа оламига кириб келаётган мурғак болалар учун Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчилари биринчи устоз бўлиш билан бирга ибрат, намуна ҳам бўладилар. БМСМ ўқитувчиларининг билими, дарс олиб бориш услуби, методикаси ва асосийси ижро маҳоратини ривожлантириш мақсадида «Йилнинг энг яхши болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси ва концертмейстери» республика танлови ўтказилмоқда.

placeholder_article_sport_1_0.jpg

Куни кеча мазкур танловнинг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Беллашувнинг биринчи шарти менинг педагогик фаолиятим деб номланди. Унда иштирокчилар ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда машғулотларда қўллаган дарс услубларию, ишланмаларининг тақдимотини ўтказишди. Буюк мутафаккир, педагог, композитор ва маданият арбоблари ҳаёти ва ижоди асосида тузилган саволларга иккинчи шартда жавоб берган бўлсалар, учинчи шартда эса дарс машғулотларида ўз билим ва иқтидорини синовдан ўтказдилар.

Муросасиз кечган баҳсларда туманимиздаги Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси Сожида Ғиёсова фахрли иккинчи ўринни эгаллаб, иккинчи даражали диплом билан тақдирланди.

Маданият вазирлиги томонидан бу йил илк маротаба ўтказилаётган «Йилнинг энг яхши болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси ва концертмейстери» танловини ўтказишдан мақсад таълим муассасаларида фаолият юритаётган илғор, ташаббускор ва ижодкор педагогик жамоани аниқлаш ҳамда иштирокчиларнинг изланишларини эътироф этиш ва рағбатлантиришдан иборат бўлди.

Танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган Сожида Ғиёсовага омад ҳамроҳ бўлсин!.

Райҳон ЎРАЛОВА, тумандаги Болалар мусиқа ва санъат мактаби ЎИБДЎ.

Суратда: «Йилнинг энг яхши болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси ва концертмейстери» танлови вилоят босқичи ғолиби Сожида Ғиёсова.

Фикр билдириш