28_2.jpg

Баҳорнинг илк кунини ўз ҳаёт йўлини улуғ зафарлар билан безаган, мунис байтлар соҳибаси, ҳассос шоира Зулфияхоним таваллуди билан қарши оламиз. Жорий йилда ҳам мисраларида табиийлик, нафосат ва фидоийлик уфуриб турган шоира таваллудининг 104 йиллиги туманимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда.

Жумладан,  сана муносабати билан туман мактабгача таълим муассасасига қарашли 1-сонли “Каптарча” МТМда “Зулфияхоним издошлари” кўрик-танлови бўлиб ўтди. Мазкур танловни муассасада фаолият юритаётган “Зумрадойлар тўгараги” раҳбари Сарвиноз Саломова ташкил этди.

Кўрик-танловда жажжи Зумрадойлар ўзларини таништириш билан бирга атоқли шоира, меҳр-муҳаббат ва садоқат тимсоли Зулфия ижодидан намуналар ёд айтдилар. Моҳир қўллар, пазандалик ва эркин мавзу шартларида ўзаро баҳслашдилар.

“Оилада қизлар тарбияси” мавзусидаги саҳна кўринишида иштирок этган қизлар тўгаракда олган билим ва кўникмаларини намойиш этдилар.

“Мустақиллик” МФЙ хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис Ч. Ўтабова, туман МТМ бошланғич хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Очилова, психолог З.Юлдашевалар иштирокчиларнинг чиқишларини баҳолаб бордилар.

Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, Моҳинур Насуллаева “Энг латофатли”, Мафтуна Илҳомова “Энг пазанда қиз”, Шаҳзода Абдураҳмонова “Энг ораста қиз”, Насиба Ғаффорова “Энг иболи қиз”, Кумуш Ҳамидова “Энг сариштали қиз”, Заҳро Эргашова “Энг билимли қиз” номинацияларида тақдирландилар.

Кўрик-танловнинг “Зулфияхоним издоши” бош совринига Фарангиз Ачилбаева эгалик қилди.

Дилрабо КОМИЛОВА,

“Каптарча” МТМ маънавий-маърифий ишлар бўйича масъул.

 

Фикр билдириш