1.jpg

2.jpg

 

Уйқудаги гўзал тақдири

Мен яшаётган маскан  Қизилқум кенгликларида жойлашган. Бир сония  ўтмай изларни кўмиб кетадиган қумликлар баъзи бир ерларда қирларга туташ. Мана шу қирликлар орасида инсонни ҳайратга солгувчи табиат мўъжизаси борки, кўрган кишининг ақли шошади. Фақат тошлардан иборат мана бу қирликлар орасида "Уйқудаги гўзал” номи билан машҳур бир тош ҳам бор... Бу ҳақдаги афсонани қўшни момодан эшитганман.

Бедор ота3.JPG

Бир бой кишининг уч нафар қизи бор экан. Қизларининг чиройига, ҳаттоки ўз туққан онаси ҳам термилиб, тўймас экан. Улар шу даражада соҳибжамол бўлишса-да, отаси доим қизларидан нолир экан.

 - Менга ўғил керак, биттагина ўғил туғиб беролмадинг, сен! – дея хотинини калтаклар экан.

 Қизлар ота-онасига меҳрибон, ақлли бўлиб улғайишибди. Кунлардан бир куни бой дўстиникида уюштирилган зиёфатдан келиб, қизларининг дилини вайрон қилибди.

 - Мен сизларни деб, элда бош кўтаролмай қолдим! Ҳамма дўстларимнинг ўғиллари бор, улар отасига суянч бўлишган. Сизлар-чи? Сизлар менга фақат кулфат келтирасизлар!...

 Бу гаплардан қизларнинг дили вайрон бўлибди.

 - Отажон, айтинг, қайси ўғилдан кам жойимиз бор? Айбимиз бойнинг қизлари бўлганимизми? Қўшнимизнинг бир неча йилдан буён фарзанди йўқ, лекин уларнинг бирон марта баланд овозда гаплашаётганини эшитмаганмиз? Сиз онамни доим хўрлайсиз. Худога шак келтирманг, бизнинг ҳам уволимиз бор! – дея йиғлабди катта қизи.

 Шунда ота:

 - Кўзимдан йўқол ҳамманг, менга ўнта қиздан битта ўғил афзал! – деб бақирибди.

 Бу гапларни эшитган она бир бурчакда эзилиб йиғлабди. Кунлар  ойларга, ойлар  эса йилларга уланиб, вақт ўтаверибди. Бой қизларига умуман кун бермай қўйибди. Онаси бу дарддан адойи тамом бўлибди. Охири, дарди оғирлашиб, ётиб қолибди. Отанинг бағритошлигидан эзилиб кетган қизлар онасига термилиб, ранглари сарғайибди... Шунда улар:

 "Эй, қодир эгам! Бизни қандай яратган бўлсанг, яна шундай қайтариб ол! Аммо отамизга ҳар сафар бизни эслатувчи нишона қолдирки,  ҳар кўрганда эзилиб, ҳеч бир малҳам дардига даво бўлолмасин!” – деб нола қилибди.

 Отаси дўстлари билан овга чиққан кун онаси фоний дунёни тарк этибди. Энди қизлар нафас чиқаришга ҳам қўрқиб қолишибди. Ўша кунларда бойнинг бир ақлли, зукко дўсти унга шундай маслаҳат солибди.

 - Қизларингни бўйи чўзилиб қолди. Уларни бундай қийноққа солмагин. Менинг битта-ю битта ўғлим бор. Бироқ у, на менга на онасига ўхшади. Тарбияси бузуқ. Сенинг қизларингни кўриб, унинг олдида булар фариштанинг ўзгинаси-ку, деб турибман. Қани энди ўғлим эс-ҳушли бўлганида, битта қизингни ўзим келин қилардим...

 Бу гаплар бойнинг у қулоғидан кириб, бунисидан чиқиб кетибди. Кўп ўтмай, бой уйланибди. Бундан унинг қизлари баттар изтиробга тушибди.

 "Аллоҳ, нега бизни бунчалар қийнадинг? Гуноҳимиз, сариштали, фариштали қиз бўлганимизми?” – дея қизлар дардлашиб, тошлар орасидан сизиб чиқаётган булоқ бўйида кир ювишга тутинибди. Шунда қаттиқ шамол эсиб, сингиллар опанинг бағрига сингиб кетибди. Опа вужудига жо бўлган, бир тану бир жонга айланган гўзал қизлар тошга айланибди...

 Ота қизларининг тошга айланганини кўриб, оҳ-фиғон чекибди. Уларнинг олдига бориб тиз чўкиб йиғлабди, бироқ энди кеч экан...

 Шу тариқа бойнинг бойликлари унинг ҳеч бир кунига ярамабди. У сўққабош бир телба инсонга айланибди. Оқибатда хору зор бўлиб, бандаликни бажо келтирибди...

 Бу бир синоатми ёки афсонами, билмаймиз, аммо "Уйқудаги гўзал” тоши ҳозирги кунда ҳам Учқудуқ яқинидаги "Бедор ота” зиёратгоҳи ҳудудида бор.  Табиат мўъжизаси билан тошлар шундай шаклга кирганки, томоша қилган кишига худди уйқудаги гўзал қизни эслатади.   Афсоналарда айтилишича, бой ота  ҳали-ҳануз бедор тунни тонгга уларкан. Шу боис  зиёратгоҳ халқ тилида  «Бедор ота», дея аталади!