Ҳар қандай ишни бошлашдан аввал Аллоҳнинг розилигини ўйла.

Акс ҳолда қилган ишларингнинг ҳаммаси беҳуда бўлиб зое кетади.

Маҳмуд Аз-Замахшарий.

Тарих – инсониятнинг ҳаёт китоби. У аждодлар ва авлодлар учун мозий ҳамда келажакни боғловчи кўприк, ҳикмат ва ибораларга тўла туганмас хазина ҳамдир. Буюк адиб Абдулла Қодирийнинг «Мозийга қайтиб иш кўрмак хайрлидир» деган сўзларида улкан ҳаёт ҳақиқати бор.

Жиракудук.jpg

ЖИРАҚУДУҚ  ТОШЎРМОНИ

Ўттиз миллион гектар майдонни эгаллаб ётган Қизилқум кенгликлари ўрнида бундан бир неча миллион йиллар илгари Тетис денгизи мавжланиб турган, деган тахминлар мавжуд. Негаки, ҳозир ҳам Мингбулоқ овули атрофида  тош қотган чиғаноқлар, акула тишлари ва суяклари, ҳатто ўрдакбурун  динозаврнинг тошга айланган суякларини учратиш мумкин.

Мингбулоқ овулидан 30 километр узоқликда жойлашган «Жирақудуқ» ( ўзбек тилида «жира – жилға» маъносини билдиради)  дарасидаги бундан 95-100 миллион йил аввал мавжуд бўлган «Тош ўрмон» , деб аталувчи ноёб геологик, полеонтологик, тарихий ва табиий объект дунё олимларини ҳамон ўзига жалб қилмоқда. Калифорниялик палеонтолог олим, профессор Жеймс Дэвид Арчибальд раҳбарлигидаги Ўзбекистон, Россия, Буюк Британия, Америка ва Канада давлатлари ҳамкорлигида фаолият юритган (ЎРБАК) Халқаро экспедиция саъй-ҳаракатлари билан  Қизилқум табиатининг бундай ноёб мўъжизаси тўғрисида кўпчилик хабардор бўлди.

Бу мўъжиза Тетис денгизи қирғоқлари ва унга келиб тушган метеоритлар билан боғлиқ деган тахминлар бор. Айтишларича, коинотдан ерга метеоритларнинг қулаши натижасида денгиз суви парчаланиб, бу ерлар юз йиллар давомида қуёш нуридан панада – чанг ва тўзон гирдобида қолади. Натижада барча физик жинслар кимёвий тарзда қоришиб денгиз атрофидаги ўрмонзорлар, сувда ва қуриқликда яшаган ҳайвонлар ўзга бир шаклга, яъни тошга айланади…

Ҳақиқатдан ҳам «Тошўрмон» ҳудудида бўлган киши тарихий-табиий манзарани: тош қотган чиғаноқлар, акула тишлари ва скелети суяклари, дарахт таналари, ҳаттоки, ўрдакбурун диназаврнинг тошга айланган болдир суякларини ҳам кўриш мумкин. Буларнинг барчаси Қизилқум ҳудуди қачонлардир океаннинг бир бўлаги бўлганлигидан далолат беради.

Дарҳақиқат, бу ўлканинг тарихи узоқ-узоқларга бориб тақалади. Қоя тошларга битилган расмлар,  тошга айланган дарахтлар, тош қотган  ўрдакбурун диназаврлар мозийдан садо бериб турибди.