Дунёда ҳеч бир нарса сабабсиз пайдо бўлмайди ва беному нишон йўқолиб кетмайди. Ҳар нарсанинг пайдо бўлиши ёки йўқолиб кетиш тарихи бор. Биз макон этган Қизилқум кенгликлари, олимларнинг эътироф этишича Тетис денгизи эгаллаган майдонда бўлган. Ҳозирда бизни қуршаб турган қир, дашт адирлар, чўллар денгиз қуриши, табиат, иқлим ўзгариши натижасида юзага келган.

Олис ва якин йиллар.jpg

Маълумки, бундан  2,5 минг йил илгари Шарқ билан Ғарбни боғлаган савдо йўлига асос солинган. Илмий манбаларда у «Буюк Ипак йўли» деб юритилади. Бу савдо йўли қадимги Хитойнинг Даньхуан шаҳридан асосий: жанубий ҳамда шимолий қисмларга ажралган. Унинг шимолий қисми Ўрта Осиё ҳудудидан ўтган. (Манбалардан олинди.)

Бу савдо йўлининг аксарият қисми бепоён чўлу саҳроларга тўғри келарди. Ер ости сувларининг кўмилиб кетиши ва қуриб қолиши туфайли сув танқислиги муаммоси йўловчиларни доим қийнаб келган.

Айниқса, жазирама ойларда бу муаммо жуда оғирлашган. Чўллардаги қор ва ёмғир чучук сувидан фойдаланишга бўлган интилиш, ер остидан қудуқ қазиб сув чиқариш аждодларимизни сардоба ва қудуқ сингари иншоотларни барпо этишга ундаган.

У ёки бу сабабларга кўра Қизилқумдаги  қудуқлар ва уларнинг жойлашуви ҳақидаги маълумотлар манбаларда учрамайди. Аммо, Бохантау қояларига чизилган ҳайвонлар, туялар ҳамда одам – қуш сурати бу атрофда инсонлар минглаб йиллар муқаддам истиқомат қилганидан далолат.

УЧТА ҚУДУҚ БЎЛГАНМИ?

Томдибулок.jpg

Хўш, бугун биз истиқомат қилаётган Учқудуққа кираверишдаги рамзий учта қудуқ аслида бўлганми?  Ёки бўлмаса у шунчаки рамзий маънони англатадими, деган савол кўпчиликни қизиқтирса, ажаб эмас.

-Учқудуқ учта қудуқдан бошланган, - дея ҳикоя қилади «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Абдулла ота Керуенбаев. – Отарбай балхи уруғининг бийи Майдабек Балқараев уч нафар ўғли учун учта қудуқ қазиб сув чиқарган. Ўғилларининг уччаласи ҳам мол чорвачилиги билан шуғулланишган. Ўзининг отарида икки мингдан ортиқ қўй-эчки, от-туяси бўлган экан. Катта ўғли Дуйсенбай Балқараевнинг эса мингдан ортиқ моли бўлган.

АЙТИМБУЛОҚ

Инсон қаерда бўлмасин, энг аввало ўзига яшаш учун қулай макон излайди.  Ота-боболаримизнинг ҳаёт кечириши, чорвачилик билан шуғулланиши учун қулай бўлган ўтмишдаги энг қадимги маскан – Айтим овулидир.

Эски номи Айтимбулоқ бўлган бу масканда  қосбармақ балхи уруғидан бўлган Айтим исмли киши  қариндош-уруғларию, фарзандлари билан  яшаган экан. Улар асосан чорвачилик билан шуғулланишган. Болалиги Айтимда ўтган қарияларнинг айтишича, авваллари бу ерлар ниҳоятда чиройли бўлиб,  булоқдан сизиб чиқаётган сув мўл-кўл бўлган экан. Бу ерда яшаган аҳоли чорвачиликдан ташқари қовун-тарвуз ҳам етиштирган эканлар.

1956 йилда геологлар томонидан бу ерларда олтин кони заҳиралари излаб топилгандан сўнг, аҳоли ҳозирги Жузқудуқ овулига кўчирилган. 

Айтимбулоқнинг суви ҳозир ҳам Қошқар ота зиёратгоҳидан кам миқдорда бўлсада сизиб чиқяпти.