Бугунги кунда ҳаётимизни оммавий-ахборот воситаларисиз тасаввур этиш қийин. Кундалик турмушимизда, иш фаолиятимизда янгиликлар,  ахборот оқими шунчалик каттаки, улар орқали дунёда рўй бераётган воқеалардан хабардор бўламиз. Муносабат билдирамиз, бевосита иштирок этамиз. Бу борада Учқудуқ туман ҳокимлиги муассислигида чоп этилаётган “Учқудуқ” газетасининг ҳам ўрни бор.

 Газета “Достық – Дружба” номи билан 1989 йилнинг декабрь ойида биринчи бор нашр юзини кўрди. Аввалига қозоқ ва рус тилларида чоп этилган газета 1999 йилдан бошлаб, ўзбек, қозоқ ва рус тилларида чиқа бошлади. Газета биринчи муҳаррири Молдабек Сейтназаров, турли йилларда Баянбек Ақниязов, Роза Алдашева, Озода Эргашева, Ширин Каримбаевалар газетага муҳаррирлик қилишган.

2007 йил 16 апрелидан Райҳон Қодирова таҳририятни бошқариб келмоқда.

 Учқудуқ туман ҳокимининг 2004 йил 12 декабрдаги  330-к сонли қарори билан газетага “Учқудуқ” номи берилган.

 Аввалига йилида икки, уч марта кейинчалик ойида бир  марта чоп этилган газета бугунги кунга келиб ҳафталик нашрга айлантирилди.

 Туман ҳокими Хамроев  Соли Фармонович, Шимолий кон бошқармаси директори, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Энг яхши ихтирочи” йўналишида олтин медаль соҳиби  Золотарёв Юрий Петровичнинг саъй-ҳаракатлари ва қўллаб-қувватлаши натижасида “Учқудуқ” газетаси 7800 нусхага етказилди.

 Ҳа, бир кунда нурли остона – “Учқудуқ” газетаси таҳририятига муаллим, шифокор, муҳандису ҳуқуқшунос, тадбиркору ҳунарманд,  фермеру чорвадор, уй бекасию, тикувчи жамики касб соҳибу соҳибалари ташриф буюради. Биз касб тақозоси билан уларнинг ҳар бирлари билан мулоқот қиламиз.

 Таҳририят ижодий ходимлари 2015 йилда “Учқудуқ  - Қизқилқум жавоҳири” китоб альбомни, 2017 йилда “Учқудуқ саҳродаги бўстон” альманахининг биринчи жилдини, 2018 йилда эса ушбу альманахнинг иккинчи жилдини  ўзбек, қозоқ ва рус тилларида  нашр эттирди.

 Газета саҳифаларида  Нурланнинг онаси, Тимурнинг  бувиси, Екатеринанинг волидаи муҳтарамаси бўлиб сиз азизлардан кўмак сўрадик. Болажонларнинг ташвишли кунларида чин дилдан қайғурадиган инсофли, диёнатли инсонлар талайгина экан, улар дарров ёрдам қўлини чўзди. Бугун болажонлар соғликларини тиклаш учун шифо масканлари эшигини қоқмоқда. Биз бўлиб, сиз бўлиб уларга ҳамдард, ҳамфикр бўлиб яна далда бераяпмиз!

 Ана шундай бу даргоҳда яхшилик бўй чўзади! Бу даргоҳнинг кўйлаги адолат ва камтарлик нурига йўғрилган. Бу даргоҳда фақат ширин сўз ва эзгулик қуёши порлайди! Истагимиз, нурли остона осмонида эзгулик ва самимият юлдузи ҳар қачон чароғон бўлсин!

“Учқудуқ” газетаси таҳририяти.

Газета Навоий вилояти матбуот ва ахборот бошқармасида № 07-009 рақами билан 2011 йил 9 сентябрда рўхатдан ўтган.

Бош муҳаррир: Қодирова Райҳон Уразовна

Саҳифаловчи: Арибаев Сейтжан Турмаганбетович

Веб-сайт бўйича масъул: Буркитбаева Мулдир Кулбековна

Газета ҳафтада бир марта чиқади. Индекс рақами: 4512

Муассис: Учқудуқ туман ҳокимлиги

Босмахона манзили: Зарафшон шаҳри  “QIZILQUM ZAR MEDIA” МЧЖ босмахонаси, адади 7500 нусха. А3 форматида.