Саришта хона. Ота ва ўғил чиройли қилиб ясатилган дастурхон атрофида чой ичиб ўтиришибди. Хонага аста йўталиб келин кириб келди. Сал аввал дамлаб келган чойни совиб қолмаганлигини текшириш учун кафти билан чойнакни ушлаб кўра бошлади .

- Чой энди маромига келди, ўтиринг ўзингиз ҳам ичиб олинг. 
       Қайнотанинг гапидан келин секин стулга ўтирди. Гапиринг дегандек эрига имо қилди.   
           Аёлнинг эри бироз тараддудланиб қолди. Гапни нимадан бошлашни билмай каловланди. Каловланганча хам борда. Ахир отанинг салобати унча - мунча одамни довдиратиб қўяди. Қаттиққўл, бир сўзлилигини устига анчагина захар ҳам .Икки йил бўлди . Розия буви оламдан ўтганидан сўнг анча тундлашиб қолган. Ўзи бўладими, салкам 50 йиллик ёстиқдошидан ажралиш. Бу айтишгагина осон . Шундан бери бўш вақтлари уззукун хонасида қамалиб , китоб ўқиганлари ўқиган. 

- Ота , эртага набирангиз Робия келади биласиз, - гапини бошлади ўғил. 
        
       Ота бу янгилик эмас деган маънода ўтирган ўрнида бир қўзғалиб олди. 

- Мана тўй ўтганига ҳам 2 хафта бўлди . Эртага таомилга кўра йўқлаб келишмоқчи эканлар. - довдираб давом этди ўғил, - кўпчилик бўлиб борамиз , тахминан ўттиз киши атрофида -деб айттириб юборишибди. 

- Гапни чўзма, индаллосини айт, нима дардинг бор?- отани овози зардали эшитилди. 

- Йўқ , хамма нарса етарли- бадтар чайналди ўғил.

- Отажон,-деди гапга қўшилмаса бўлмаслигини сезган келин - шу десангиз эртага набирангиз келганда, сизлар билан кўришганида , таомилга кўра бирор бир совға беришингиз керак -да , шунга манови зиракни сиз тақиб қўйсангиз. 
       Келин халатининг чўнтагидан бежирим идишга жойланган тилла зиракни чиқариб столни устига қўйди. Ўртага жимлик чўкди. Отанинг авзойидан бу гаплар унга ёқмаганини билиш қийин эмасди...
  
        Келин секин чойни янгилаш баҳонасида чойнакни олиб хонадан сирғалиб чиқди. Бир оз ўтиб кирганида хонада ҳеч ким йўқ, қўйган зиракли қутича қандай қўйилган бўлса , шундоқлигича столни устида турарди. 
       Келин аста хўрсинди ва қутичани қайта чўнтагига солиб яна ташқарига йўналди...

Эртаси куни ... 

   Зиёфат авжида. Мехмонларнинг мамнунлиги улар жойлашган хонадан келаётган овоздан билиниб турарди.
Ниҳоят бир гуруҳ янги оила аъзолари етовида Робияни "юз кўрди" қилиш учун ҳовли сахнига олиб чиқишди. 
Ўғил бошчилигидаги оила аъзолари отани чақиришга ботина олмай секин Робияни қарши ола бошлашди. Ўғил отасининг хонасига умид билан тикилар экан ,салом бериб яқинлашган қизига пешвоз чиқа бошлади.
... Робия отаси ва онаси , акаси ва синглиси билан кўришди . Нигоҳлари билан бобосини ахтара бошлади . Бу орада отаси ва акаси уни бўйнига тилла занжир , қулоғига тилла зирак ( кечаги) ва бармоғига тилла узук тақиш билан андармон бўлиб туришганида , отанинг "Болам" деган салобатли овози эшитилди. Робия ялт этиб отага юзланди. Бир оз тараддудланди ва "бобожон" деб отанинг ёнига аста бошини эгиб бора бошлади . Ота набирасини бошини қўллари билан аста кўтарди, пешонасидан ўпди ва секин салобатли овози билан гапира бошлади:
- Болам, борган жойингда туп қўйиб , палак ёзгин. Берган тарбиямиз билан доимо бизларни юзларимизни ёруғ қилгин. Болам мен ҳам сенга бир совға бермоқчи эдим. 
Ҳамма таажуубда отага қаради. Ота ўзининг хонасига қараб ишора қилди .
- Олиб чиқ, Нодир.
Эшикда отанинг набираси Нодир кўринди. Қўлида каттагина қути. Унинг оғирлиги Нодирнинг қадам ташлашидан билиниб турарди. Нодир қутини олиб келди ва уларга яқин турган столни устига қўйди. Ота секин бориб қутини очди. Атрофдагилар бир қалқиб кетгандек бўлдилар. Қутида... Тартиб билан жойланган Қуръони Карим ва шайх Мухаммад Содиқ Мухаммад Юсуф ҳазратларининг " Ҳадис ва ҳаёт " китобларининг тўпламлари турарди. 
- Болам , мен сенга ушбу китобларни чин дилдан илиндим. Ўйлайманки,- ота сўзини тугатолмади. Бағрига отилган набираси , унинг кўзларидан дувиллаб тўкилган ёшлар бунга моънелик қилди. 
Отаси..., Онаси..., Ака, синглиси билан кўришиб ҳам йиғламаганди Робия. Шунча тилла тақинчоқлар билан сийлашганида кўнгли бузилмаганди уни.

  Бобоси ... Бобоси йиғлатди уни.. 
Баъзан кўз ёшлар сендан сўрамай келар экан.

Add new comment