Давлат тест маркази ходимлари иштирокида вилоят аҳолиси, ёшлар, битирувчилар ва уларнинг ота-оналари билан очиқ мулоқот ташкил этилмоқда.

 Шундай очиқ мулоқотлардан бири Давлат тест маркази вакили З.Шакаров ва Навоий вилояти бўлими бошлиғи Н.Бекниёзов ҳамда бош мутахассис Ф.Ходжабаевлар томонидан жорий йилнинг 28-январь куни Учқудуқ тумани мусиқа мактабининг фаоллар залида ташкил этилди. Очиқ мулоқотда туман халқ таълими бўлими мудири ўринбосари, АКТ бўлими ходими ҳамда ҳудудга яқин мактабларнинг директор ўринбосарлари, фан ўқитувчилари ва битирувчи синф ўқувчилари иштирок этишди (Жами 218 нафар: 189 нафар битирувчилар ва 29 нафар фан ўқитувчилари).
 

  Ўтказилган очиқ мулоқотда Давлат тест маркази вакили З.Шакаров сўзга чиқиб йиғилганларга тест синовларини ўтказишда коррупциянинг олдини олиш борасида давлатимиз томонидан олиб борилаётган ишлар, юртимиздаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб истисно тариқасида 2020-2021-ўқув йили учун олий таълим муассасаларига талабалар қабул қилишда яратилган имкониятлар ва ўзгартиришлар, 2021-2022-ўқув йили учун ўтказилиши режалаштирилган кириш тест синовларидаги янгиликлар ва Давлат тест маркази томонидан ўтказилаётган тадбирлар ҳамда келгусида амалга оширилиши белгиланган ишлар тўғрисида тўхталиб ўтди.

 Бундан ташқари Давлат тест маркази Навоий вилояти бўлими бошлиғи Н.Бекниёзов йиғилганларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-йил 29-декабрдаги Олий мажлисга қилган мурожаатномасида айтиб ўтилган устувор вазифалар, олий таълим муассасаларига қабул параметрлари 2016-йилга нисбатан

 2,5 баробарга ошганлиги, ёшларимизни олий таълим билан қамраб олиш даражаси

 9 фоиздан 25 фоизга етганлиги, эҳтиёжманд оилаларнинг қизлари учун грантлар сони икки баробарга оширилиши, аъло баҳога ўқиётган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қизлари учун стипендиялар ташкил этилиши ҳамда ёшлар учун яратилаётган қатор имкониятлар ва имтиёзлар тўғрисида гапириб ўтди.

 Очиқ мулоқот давомида Н.Бекниёзов Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлигининг тавсияномасига эга бўлган хотин-қизлар учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича умумий белгиланган давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларига нисбатан қўшимча тўрт фоизли давлат гранти ажратилиши, вилоятнинг олис чўл туманларида камида уч йилдан буён истиқомат қилаётган абитуриентлар учун Навоий, Бухоро ва Самарқанд вилоятларидаги олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш учун қўшимча давлат гранти ажратилиши ҳамда Давлат тест маркази фаолиятига доир бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг мазмун-моҳиятлари тўғрисида тушунчалар берди.

Давлат тест маркази Навоий вилояти бўлими бош мутахассиси Ф.Ходжабаев иштирокчиларга олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш учун абитуриентлар томонидан рўйхатдан ўтиш тартиб-қоидалари, умумтаълим фанларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизими ва 2021-2022-ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари форматидаги диагностик тест синовлари ҳамда Давлат тест маркази томонидан 2021-йил январь ойидан бошлаб талабгорлар ва уларнинг ота-оналарига қулайлик яратиш мақсадида Чет тилини билиш ва эгаллаш даражасини аниқлаш тест синовларини вилоятларда ўтказиш йўлга қўйилганлиги тўғрисида тўхталиб ўтди.

 Бўлиб ўтган очиқ мулоқот давомида иштирок этган барча қатнашчилар тест жарёнлари билан боғлиқ масалаларда ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.
 

Add new comment