Кема ҳалокатидан фақат бир кишигина омон қолди. Уммон тўлқинлари уни кимсасиз оролга олиб бориб ташлади. У титраб-қақшаб Худога ёлворди, қутқаришини сўради.
Одам ҳар куни уфқларга узоқ тикилиб ўтирар, бирор қора кўринармикан деб умид қиларди. Ниҳоят бу ишдан зерикди. Тунаш ва йиртқичлардан ҳимояланиш учун турли шох-шаббалардан бир бошпана қурди. Орадан кунлар ўтди. Бир куни кечгача озиқ-овқат қидириб юрди. Анча-мунча егулик топиб, ҳориб-толиб қайтиб келди. Не кўз билан кўрсинки... Уйи ёниб, бир уюм кулга айланибди. Бу ҳолдан унинг юраги ғазаб ва аламга тўлди:
– Эй Худо, менда нима қасдинг бор!? – деб ўкраб юборди.
Эртаси куни тонгда уни соҳилга яқинлашаётган кема товуши уйғотиб юборди. Кема бу ерга уни қутқариш учун келаётганди.
– Бу ерда эканимни қайдан билдинглар? – деб сўради у ҳайратланиб қутқарувчилардан.
– Ахир кеча ўт ёқиб ишора бердинг-ку! – дейишди кемадагилар.

 

Add new comment