Буюк давлат арбоби, ўрта асрлар ислоҳотчиси, саркарда, адолат учун толмас курашчи, бобокалонимиз Амир Темур даврида илм-фан, маданият ва таълим мислсиз даражада юксалган эди.

       Зеро, сиёсий майдонга қадам қўйганда, у эндигина 24 ёшда бўлган. Мамлакат пароканда, маҳаллий-сиёсий кучлар ўртасидаги ўзаро қарама-қаршиликлар авж олган, Чингизхон авлодлари Мовароуннаҳрга тез-тез босқин уюштириб турарди. Жамиятда озодликка ва тараққиётга бўлган интилишларни ўзида мужассам этган халоскор доҳий зарур эди. Амир Темур ана шундай йўлбошчи сифатида тарих саҳнасига чиқди.

1370 йилда Балхда бўлиб ўтган қурултойда улуғ амир деб эълон қилинган Амир Темур, тарқоқликни бартараф этиб, ўлкаларни ягона давлатга бирлаштирди. Амударё билан Сирдарё оралиғи, Фарғона ва Шош вилоятлари, Марказий Осиё давлатлари, Ҳинд ва Гангадан Зарафшонгача, Тянь-Шандан то Босфоргача улкан салтанат барпо этди.

        Тарих Амир Темурни македониялик Искандар, Доро I, Юлий Цезар каби йирик саркардалар билан бир қаторга қўяди.

«Куч – адолатдадир» шиори соҳибқирон давлати ҳудудида ахлоқий ва маънавий мезонга айланган эди. Улкан ва бепоён мамлакатнинг пойтахти рутбасини олган Самарқанд курраи заминда энг гўзал шаҳар сифатида чирой очди. Ўрта Шарқ ва Марказий Осиёнинг энг яхши меъморлари тўпланган ушбу кентда жаҳон меъморчилигида янги йўналиш – Шарқона услуб пайдо бўлди.

Амир Темур, шунингдек, мамлакатда маънавиятнинг қўллаб-қувватланиши, юксалиши ва ўтмиш даврларнинг олий анъаналари тикланиши учун шарт-шароит яратди. Темурийлар сулоласи вакилларининг маънавият ва маданиятга алоҳида эътибори туфайли ХIV-ХVI асрларда юксак илмий ва ижодий ютуқларга эришилди.

Машҳур немис тарихчиси Ф. Шлоссер соҳибқирон ҳақида «Темурнинг давлатни бошқаришдаги донишмандлигига, унинг ахлоқи ва сиёсий принципларига қойил қолиш керак», деб ёзган эди.

Ҳеч қайси бир давлат сардорига бунчалар ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилмаган. Ҳеч бир Султон ўзининг адолати, халқпарварлиги билан бунчалар ном қолдирмаган эди. Ҳатто унинг ўзи ҳам: «Мен икки вазиримга (Маҳмуд Шаҳоб Хуросоний ва Насриддин Маҳмуд ал-Аромийга) доимо мени кузатиб туришини ва агар адолатсизлик қилсам дарҳол тўхтатишини, кимнингдир ёлғон сўзларига ишонсам ёки бегона кимсанинг йўлидан фойдаланадиган бўлсам, дарҳол мени огоҳлантиришларини таъкидлаб қўйдим»деган эди.

Н. Шомийнинг «Зафарнома» асарида эса Темурнинг қуйидаги ўгити келтирилади: «Ҳар ким нимани билса, бехавотир бизнинг арз – иззатгоҳимизга етказсин, ҳар нарсаки, мамлакат ислоҳи, унга алоқадор ва мазлумлар бошидан уларни даф этиш унга боғлиқ бўлса, у ҳақда бизга етказишда бепарволик қилмасин, эътиқод ва тўла ишонч билан очиқ кўрсатсин. Ростини айтсин, хушомад қилмасин, чунки менга тўғрилик ёқади.»

Соҳибқироннинг ушбу ўгитлари ҳозирга қадар ҳам ўз кучини йўқотмаган. Зеро, буюкларнинг ўзи ҳам, сўзи ҳам ҳамиша барҳаётдир.

       СОҲИБҚИРОННИНГ ОДИЛОНА СИЁСАТИ

Юртимизда миллий давлатчиликни шакллантириш, фарзандларнинг билим олиши ва касб-ҳунар эгаллаши учун барча шарт-шароитларни яратиш, ёшларни жисмонан, ақлан ва маънан юксалтириш борасидаги барча ислоҳотлар Амир Темур бобомизнинг дунёқараши ва тутумларига моҳиятан уйғун.

Улуғ аждодимиз ўз тузукларида "...амр этдимки, кимки бирон саҳрони обод қилса ёки кориз қурса, ё бирон боғ кўкартирса, ёхуд бирон хароб бўлиб ётган ерни обод қилса, биринчи йили ундан ҳеч нима олмасинлар, иккинчи йили раият ўз розилиги билан берганини олсинлар, учинчи йили (олиқ-солиқ) қонун-қоидасига мувофиқ хирож йиғсинлар", деб ёзади. Бугун мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳити яратилиб, тадбиркорларга кенг имтиёзлар берилаётгани соҳибқирон бобомиз тутуми авлодлари томонидан ҳаётга жорий этилаётганининг ёрқин ифодасидир. 

Халққа доим меҳр-мурувватли бўлган Амир Темур адолат ва ҳақиқат учун курашган, салтанатни ҳам ана шу мустаҳкам асосга қурган. 

Амир Темур даврида фуқародан бирининг уй-иморати бузилиб, тузатишга қурби етмаса, дарҳол керакли ускуналар етказилиб, ёрдам берилган. Ҳозирда кам таъминланган оилаларга, тиббий кўмакка муҳтож инсонларга, шунингдек,  “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган оилаларга  кўмак кўрсатиш кенг йўлга қўйилган. Бу билан қанчадан-қанча рўзғорлар бутланиб, халқимиз турмуш маданияти, дунёқараши ва диди юксалмоқда. 

Бу борадаги ислоҳотлар  “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш” йилида янада кенгаймоқда. Соғлом ва мустаҳкам оила қуриш, меҳнат билан турмушини обод этиш, фарзандларининг ёруғ келажагини таъминлаш учқудуқликларнинг олий мақсадига айланган. 

         АМИР ТЕМУР – БУЮК САРКАРДА

Соҳибқирон Амир Темур буюк саркарда сифатида, энг аввало, ўз армиясининг интизомига ниҳоятда эътибор берган. Зеро, интизомсиз қўшиннинг ғалабасига ишониб бўлмаслиги, тартиб-интизом, жанговар руҳиятнинг аҳамияти нечоғли муҳимлигини тўғри англаган. Унинг бой мероси бўлган «Темур тузуклари»да ўқиймиз:

«...мен билан иттифоқи бузилган тоифадаги бошқа амирларни ҳам бирма-бир ҳоли жойга чорлаб, ҳар қайсиси билан алоҳида гаплашдим. Булардан мол-дунёга ҳирс қўйган очкўз ва таъмагирларига мол-ашё ваъда қилдим, мансаб-мартабага, мамлакатларни бошқаришга кўз тиккан амалпарастларга қўлга киритган мамлакатлар, вилоятлардан бирининг ҳокимлигини бердим». 

Бундан ташқари, сипоҳийларни ҳам озиқ-овқат, кийим-кечак билан таъминлаб, ширин сўз, очиқ юз билан уларнинг ишончини қозонганини, бир хизматини ўн баробар қилиб тақдирлаб, дилларини хушнуд айлаганини таъкидлайди.

Зотан, лашкарлардан кўнгли тинчиган Темур ҳар қандай жангга илдам ва ишонч билан кириша олган. Лашкарларининг кам ёки кўплигига қараб, унинг тузилмасини доим такомиллаштириб, жанг санъатининг янги тамойилларини ишлаб чиқишни ҳеч қачон кечиктирмасликни ёдда тутган ва буни барча жангларининг муваффақияти деб билган. Жанг санъатининг марказида лашкарларнинг интизоми, руҳий тетиклиги, қурол-аслаҳани ишлатиш маҳорати ва қийин вазиятларда ўта тезлик билан тадбирларни қўллай олиш, лашкарбошиларга нисбатан ишонч ҳамда мустақил қарорлар қабул қилишга изн бериш тактикасини ҳам кенг қўллаган.

Соҳибқирон лашкарларнинг кўплиги ёки қурол-аслаҳасининг мукаммаллиги, ёрдам кучларининг ҳозирлиги билан бир вақтда, жанггоҳнинг географик муҳити, рельефи ва иқлимига ҳам катта эътибор берган. Темурнинг жанг санъати доимо ўзгарувчан ва мукаммал бўлганлигидан ғанимнинг бир тўхтамга кела олмаслиги, унинг тактикасини тезда илғаб ололмаслиги ҳам душманнинг мағлубиятига сабаб бўлган.

– Буюк саркарда бобокалонимизнинг ҳаёти, ҳарбий-сиёсий фаолияти, жанговар санъати, ватанпарварлик, халқпарварлик, мардлик ва жасорат фазилатлари биз авлодларда доим ҳавас ва ҳайрат уйғотади, – дейди Ички ишлар вазирлиги Академияси 3-босқич курсанти, “Зулфия” номидаги Давлат мукофоти соҳиби Дилноза Камолова. – Биз Соҳибқирон Амир Темур бобомизга муносиб авлод бўлишга, мард, юртни чин дилдан суядиган инсон бўлишга интиламиз.

 

 

Add new comment