“Қизилқумгеология” акциядорлик жамияти директори вазифасини бажарувчи Шокириддин Искандаров билан жамиятда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар, ходимлар турмуш тарзи ва соҳадаги ўзгаришлар хусусида суҳбатлашдик.

– Шокириддин Ибрагимович, касб байрамингиз муборак бўлсин!

- Раҳмат!

– Биламиз, геология соҳасида бир умр меҳнат қилиб келаяпсиз. Раҳбарлик борасида ҳам тажрибангиз катта. Одатга кўра раҳбарлар билан ўтказиладиган суҳбатларда эркин фикр, мулоҳазалардан кўра кўпроқ рақамлар тилга олинади. Агар рози бўлсангиз, суҳбатимиз давомида рақамлар билан хулоса ва сабоқлар ҳақида ҳам фикрлашсак.

– Маъқул. Аслида, ҳар бир инсоннинг, айниқса, раҳбарнинг кўнглида тугиб юрган гаплари, ҳар бир йил, ҳатто ҳар бир кун натижасидан хулосаси бўлади. Бугун ана шу фикрларни баён этишга қулай фурсат пайдо бўлди, деб биламан.

Кейинги пайтларда соҳада сезиларли ислоҳотлар амалга оширилаяпти. Бу янгиланишларни сиз нималарда кўраяпсиз?

- Биринчидан, ходимларимиз кайфиятида. Илгари улар билан тўғридан-тўғри мулоқотда бўлганимда фақат шикоят ва ариза келиб тушарди, ҳозир эса мурожаатларнинг кўп қисми таклиф ва мулоҳазалардан, ташаккурномалардан иборат.

Иккинчидан, моддий-техник базамизнинг янги, замон талабларига жавоб берадиган техника ва ускуналар билан бойитилаётганида. Ўтган йилнинг ўзида 7 дона махсус техника, 2 дона вагон уй ҳарид қилинди. Жорий йилнинг бугунги давригача қарийб 45 км. олис Зарафшондан қатнаб ишлайдиган ходимларимизга хизмат қиладиган битта 26 ўринли “ISUZU” русумли автобус ва “UZXCMG – GR180” маркали йўл текислагич махсус техникаси сотиб олинди.

Учинчидан, бизнинг геология қидирув хизматимизга талаб кўпайгинида. Масалан ўтган 2020-йилда 2019 йилга нисбатан 40 та лойиҳага кўп буюртма олдик. Ўзингизга маълум ҳар бир буюртма бизнинг фаолиятимиз ва ўз навбатида моддий имкониятимиз кафолати. Шунингдек, Қизилқумда очилган ва очилаётган кон ходимларининг бандлигини ҳамда фаровонлигини ҳам мустаҳкамлайди. 

Шокириддин Ибрагимович, тараққиётнинг салмоғи табиийки, инвестиция ва инновацион технологияларга боғлиқ. Шу жиҳатдан жамиятда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар ҳудуднинг (Навоий вилояти-таҳ.) иқтисодий муҳитида нечоғли янгилик ярата олаяпти?

- Қизилқум маъданларга бой замин. Унинг бағрида олтин маъданлари салмоғи ҳам кам эмас. Бугун Ўзбекистон олтин қазиб олиш борасида дунёда етакчилик қилмоқда. Олтин конлари ва ундан олинган қимматбаҳо маъданларни қайта ишлайдиган заводлар фаолиятини мунтазам таъминлаб бориш бизнинг фаолиятимизга бевосита боғлиқ. Президентимиз ташаббуси билан “Қизилқумгеология” Давлат унитар корхонаси акциядорлик жамиятига айлантирилди. Нима учун? Чунки, соҳа фаолиятига инвесторлар иштирокини жалб этиш учун. Бу оқилона қарор. Буни қарангки, корхонамиз акциядорлик жамиятига ўтказилгандан кейин ходимларимизда меҳнат ва мулкка бўлган муносабат ижобий томонга ўзгарди. Уларнинг халқаро миқёсда ишлаши, андозани хорижга қараб олиши, бугун ва эртанги кунни ҳам халқаро бозор талабидан келиб чиқиб кўра билишига имконият яратди. Шунингдек, хорижлик ишбилармонларнинг жамиятимиз иқтисодига тўғридан-тўғри инвестициялар киритишга кенг йўл очди. Масалан, 2020 йилда 16 дона турли автотранспорт машинаси, шундан 9 таси жамиятимиз ҳисобидан сотиб олинди. 4 дона бурғилаш жиҳозлари, 1 тадан  жами 4 дона тош кесиш, лаборатория, темирчилик ускуналари ва қуёш батареяси, 31 дона компьютер жамланмаси ва жиҳозлари ҳамда 2 донадан вагон-уй ва тиркама, 1 дона контейнер ташийдиган ярим тиркама сотиб олдик. Биласизми, илгари ер ости қимматли маъданлардан намуналар олиш имкониятимиз бир ярим минг метрдан ошмасди. Ўтган йили харид қилган замонавий “MAKINA S-21” русумли бурғулаш ускунаси бу имкониятимизни анча оширди. Эндиликда геологларимиз 2 минг метрдан ортиқ чуқурликдаги маъданлардан намуналар оламиз. Албатта бу замонавий техника ва жиҳозларнинг харид қилиниши ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Аввало Муҳтарам Президентимизнинг геология соҳасига қаратаётган эътибори ҳамда Давлат геология қўмитаси раҳбарияти томонидан амалга оширилаётган ишлар самарасидир.  

Энди рақамларга эътибор беринг. Ўтган 2020 йилда Навоий кон-металлургия комбинатидан 54 та лойиҳа, бюджет ташкилотларидан эса 13 та лойиҳа бўйича буюртма олдик. Бу кўрсатгич икки йил аввал анча паст рақамни ташкил этарди. Мазкур лойиҳалар тўлиқ ишга туширилса, яна юзлаб, эҳтимол минглаб янги иш ўринлари яратилади. Улар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлигига хизмат қилади.

Ана шу рақамларнинг ўзи “Қизилқумгеология” акциядорлик жамиятининг иқтисодиётимиздаги ўрнини кўрсатиб турибди.

-  Корхона иқтисодининг мустаҳкамланиши ва барқарорлиги, аввало, мамлакат иқтисодиётининг, аҳоли реал даромадларининг ўсишига, жойларда қурилиш-бунёдкорлик ишлари кўлами кенгайишига, замонавий турмуш тарзи қарор топишига замин яратади…

- Албатта, бугун юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, қурилиш-бунёдкорлик ишларидан кўзланган пировард мақсад ҳам шу – ҳаётимизни ўзгартириш, шаҳар ва қўрғонларимизда бирдек замонавий шарт-шароит яратиш, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига эришиш.

Президентимизнинг ҳеч бир чиқиши йўқки, унда давлат органлари раҳбарларининг халқимизга хизмат қилишдек энг муҳим вазифаси эслатилмаса. Ҳеч бир маърузаси йўқки, унда одамларга муносиб турмуш шароити яратиш мақсади асосий ўринга қўйилмаса. Халқимиз эртага ёки яқин келажакда эмас, бугун бахтли яшаши керак, деган қатъий талаб, мақсад-муддао ҳам ана шу даъватлар хулосасидир.

Гапни жамиятимизда амалга оширилган, ҳар жиҳатдан замонавий, деган талабга жавоб берадиган қурилиш-бунёдкорлик ишларидан бошлай қолайлик.

Икки йил аввал қарийб харобага айланган “Дауғизтау” дала геология қидирув экспедициясининг маъмурий биноси янгитдан қад ростлади. Экспедицияга қарашли лаборатория, ётоқхона, омборхона ва шу каби барча бинолар тўлиқ таъмирланиб, улар замонавий жиҳозлар билан таъминланди.

Бу каби ободонлаштириш ишларини “Кокпатас” дала геология қидирув экспедициясида ҳам кўриш мумкин. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, бу ишлар нега қилинди? Аввало, ходимларимизнинг кайфиятини кўтариш учун. Кайфияти кўтаринки инсонда ҳаётга ташналик ошади. Ҳаётга ташна инсон эса, доимо интилади. Интилиш эса, бу тараққиёт гаровидир. Халқимиз: “Обод жойда барака бўлади” деб бекорга  айтмаган,

Гап одамларга муносиб турмуш шароити яратиш ҳақида борар экан, сиз одамларга муносиб турмуш шароитини яратиш, деганда нимани тушунасиз?

- Мен раҳбарман. Корхонамизда 1 минг 80 нафар ходим ишлайди. Аввало ходимларимга муносиб меҳнат шароитини яратиб беришим керак. Улар уйида ҳам, ишхонасида ҳам оғринмасдан яшасин ва ишласин. Сир эмас, биз Қизилқум кенгликларида қазишма ишларини олиб борамиз. Чўлнинг табиати анча инжиқ: ёзи жазирамали, қиши изғиринли. Геологларимиз ҳафталаб Қизилқум чўлининг анча ичкарисида дала шароитида иш олиб боришади. Уларнинг саломатлигини ҳимоялаш ва имкониятларини ошириш учун  2020 йили 32 дона телевизор, 30 дона совутгич, 85 дона кондиционер, 416 дона ошхона жиҳозлари ва бошқа ишда фойдаланиладиган маиший техникалар сотиб олдик. Бундан ташқари 54 нафар ходимимиз “Чотқол” соғломлаштириш марказида саломатликларини тиклаб қайтишди. “Қизилқумгеология” акциядорлик жамияти тизимидаги барча экспедицияларда ишловчи ходимларга 1 минг 185 маротаба ижтимоий кўмаклар берилди.

- Президентимиз ташаббуси билан бошланган ғоят эзгу ташаббус - “Одамлар бугун бахтли яшаши керак” деган талабларини алоҳида қайд этиш лозим. Айнан мана шу ташаббус самарасида олис ҳудудларда яшовчи геологларнинг йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларига ечим топилмоқда. Жумладан, геологларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида Давлат геология қўмитаси ташаббуси билан Зарафшон шаҳрига яқин ҳудудда қад ростлаган “Геологлар” маҳалласини олайлик. Бундан “Қизилқумгеология” акциядорлик жамияти ходимлари ҳам хурсанд бўлишгани аниқ. Шундай эмасми?

- Тўғри таъкидладингиз, бу геологларимиз турмуш даражасини оширишга қаратилган тарихий дастур бўлди. Унинг самараси улароқ, 64 нафар геолог уйли бўлди. Айни пайтда улар оила аъзолари билан шу уйларда яшашмоқда, орзулар қилишмоқда. Энг муҳими, эртанги куни бугунгидан ҳам обод бўлишига ишонишмоқда.

Эътиборингизни бир нарсага қаратмоқчиман: “Геологлар” маҳалласининг барпо этилиши нафақат геологларимизни хурсанд этди, балки кўзни ҳам қувонтирди. Чунки, бир йил аввал бу маскан очиқ майдон, ҳеч бир коммуникация тизими йўқ ҳудуд эди.  Бугун эса, обод маконга айланди. Ходимларимизнинг ишга келиб кетишлари учун хизмат автобуси қатнови ташкил этилди. Коммуникация тизими барпо этилиб, болалар қийқириғи билан тўлди.

- Жамиятни иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш учун нималарга эътибор қаратаяпсиз?

- Энг аввало, фаолиятимизга инвесторларни жалб этишга эътибор қаратаяпмиз. Чунки, соҳа тараққий этишида инвестиция муҳим аҳамиятга эга. Иккинчидан,  корхона  моддий-техник базаси янги технологиялар билан тўлдирилмоқда. Ва ниҳоят кадрлар сиёсатини ислоҳ қилиш ҳам асосий вазифаларимиздан бирига айланган. Аслида, энг самарали инвестиция кадр билан боғлиқ инвестициядир. Шунинг учун ёш кадрлар билан ишлаш асосий вазифамизга киради масалан, бизда ҳар бир ёш кадр тажрибали мутахассисга бириктирилган. Бу ўз навбатида тажриба ўзлаштириш билан бир қаторда устозни қадрлашдек маданиятни шакллантиради.

Бизда юртимизнинг турли ҳудудларидан келган ёшлар ишлашади. Улар билан бир неча марта учрашувлар ўтказдик. Ана шу тадбирлар чоғида йигит-қизларнинг фикри, ғоя ва ташаббусларини тинглаб, уларнинг кенг дунёқараш ва тафаккурга эга эканлигига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бундай шижоатли ёшларни қўллаб-қувватласак, руҳлантира олсак, улар билан катта ишларни амалга ошириш мумкин.

– Шокириддин Ибрагимович, самимий суҳбат учун ташаккур билдирган ҳолда яқиндагина касб байрамларини нишонлаган геологларга тилакларингизни билмоқчи эдик…

– Геолог бўлиб яшаш – бахт, геология соҳасида ишлаш – масъулият. Геологман, дейиш фахр. Ниятим – барчамиз шу улуғ юртга, шу фаровон, тинч ҳаётга, шу буюк элга муносиб бўлишга интилиб яшайлик!.

 

Суҳбатни Мансур ҲУСАНОВ ёзиб олди.

 

ГЕОЛОГЛАР МЕҲНАТИ УЛУҒЛАНДИ

 

         Учқудуқ туманида Ўзбекистон Республикаси геология соҳаси ходимлари кунига бағишланган байрам тантанаси кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.

Тадбир “Қизилқумгеология” акциядорлик жамиятига қарашли Кокпатас дала геология қидирув экспедициясида турли спорт мусобақалари, фахрий геологлар билан учрашувлар ҳамда турли маданий тадбирлар ташкиллаштириш билан бошланди.

Байрамнинг асосий тадбирлари туман марказидаги “GOLDEN CITY” базмгоҳида бўлиб ўтди. Унда “Қизилқумгеология” акциядорлик жамияти ва Кокпатас дала геология қидирув экспедицияси ходимлари, геология соҳаси фахрийлари ҳамда туман жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Дастлаб, “Қизилқумгеология” акциядорлик жамияти директори Шокириддин Искандаров геология соҳасида меҳнат қилаётган ходимларни ҳамда тадбир меҳмонларини байрам билан табриклади.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг геология соҳасини тиклаш ва ривожлантиришга оид қабул қилган қатор ҳужжатлари ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни кенгайтиришда дастуриламал бўлмоқда. Юртимиз ҳудудида фойдали қазилмаларни излаб топиш ва уларни ўрганиш жуда катта масъулиятни талаб этади. Сабаби, геология соҳаси ходимлари ўз уйларидан узоқда, тоғ-у тошларда, чўлларда, изланишлар олиб борадилар. Ушбу соҳага бутун  куч-ғайратини, ақл-заковатини сарф қилаётган, умрини бахшида этаётган геологлар билан қанчалик фахрлансак арзийди.

Ўзбекистонда янги геология тизими яратилмоқда, дейиш мумкин. Уни ривожлантиришдан мақсад — табиий  ресурсларни халқимиз манфаатига  йўналтириш, иш жойлари ташкил этиб,  халқ фаровонлигига ҳисса қўшиш энг муҳим вазифаларимиздан.

Шунингдек, тадбирда  Кокпатас дала геология қидирув экспедицияси раҳбари Ҳаким Абдурасулов соҳа  ходимларини байрам билан муборакбод этди.

- Қизилқум маъданларга бой замин, - деди ўз табригида Ҳ.Абдурасулов. - Бугун Ўзбекистон олтин қазиб олиш борасида дунёда етакчилик қилмоқда. Олтин конлари ва ундан олинган қимматбаҳо маъданларни қайта ишлайдиган заводлар фаолиятини мунтазам таъминлаб бориш бизнинг фаолиятимизга бевосита боғлиқ. Иқтисодиётнинг муҳим бўғини — саноатни ривожлантириш учун фойдали қазилма захираларини аниқлаш, янги конларни ўзлаштириш биз геология соҳаси ходимларининг устувор вазифаси саналади. Сизларга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга фаровонлик, тўкин-сочинлик, файзу барака тилайман.

Шу куни Кокпатас дала геология қидирув экспедициясида меҳнат қилаётган бир гуруҳ ходимларга,  соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшган меҳнат фахрийларига ҳурмат кўрсатиб “Қизилқумгеология” акциядорлик жамияти раҳбариятининг фахрий ёрлиқлари ва қимматбаҳо совғалари топширилди.

-Аввало, бугунги байрамга таклиф этганингиз учун раҳмат, - дейди меҳнат фахрийси Венира Хасанова. - Геология соҳасида “қайта ҳаёт” бошланди. Қабул қилинган  қатор ҳужжатлар самарасида бир замонлар ўз холига ташлаб қўйилган соҳа бугун моддий-техник жиҳатдан анча бойиди. Буни экспедицияга замонавий бурғулаш ва лаборатория ускуналари олиб келинганлигида, биноларнинг тўлиқ таъмирдан чиқарилганлигида кўриш мумкин.

Тадбирда тумандаги  “Учқудуқ” ва “Қизилқум” маданият уйи  қошида фаолият кўрсатаётган санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.

 

 

“Қизилқумгеология” акциядорлик жамияти матбуот хизмати.

 

Add new comment