Имом Бухорийнинг исмлари, насаблари ва туғилишлари
Имом Бухорийнинг тўлиқ исмлари Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абул Ҳасан Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Бардизба Жўъфий Бухорийдир.
У Бухорода таваллуд топди. Отаси шайх Исмоил ибн Иброҳим аҳли ҳадислардан бўлиб, бир оз тижорат ишлари билан ҳам шуғулланган.
Имом Бухорий ёшлигида отадан етим қолдилар ва акалари Аҳмад билан оналарининг тарбиясида ўсдилар.
Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ёшлик вақтларида кўзлари ожиз бўлиб қолади. Бир куни оналари тушларида Иброҳим алайҳиссаломни кўрадилар. Иброҳим алайҳиссалом оналарига: “Сенинг кўп дуо қилганинг ва йиғиларингдан кейин Аллоҳ таоло болангнинг кўзини қайтариб берди”, – дейдилар. Тонг отгандан кейин, қарасалар Аллоҳ болаларининг кўз нурини қайтариб берган экан.
Ҳадис илмини ўрганишлари ва ёдлаш қобилиятлари:
Имом Бухорий мактабда ўн ёшлик вақтларида ҳадис ёдлашга қунт билан киришдилар. Мактабни тугатганларидан кейин, Имом Дохилий ва ундан бошқалар билан бирга юрдилар. Имом Дохилий бир куни инсонларга ҳадис ўқиб бераётиб:
“Суфён Абу Зубайрдан ривоят қилади. У Иброҳимдан ривоят қилади”, – дейди.
Имом Бухорий: “Абу Зубайр Иброҳимдан ривоят қилмаган”, – дейдилар. Шунда Имом Дохилий Имом Бухорийни жеркиб берадилар. Имом Бухорий бўлса: “Аслга қайтинг”, – дейдилар. У зот уйига кириб, ёзиб олган нарсаларига қарайдилар. сўнгра қайтиб чиқиб: “Эй бола бўлмаса қанақа!” – дейди. Имом Бухорий: “Зубайр ибн Адий Иброҳимдан ривоят қилган”, – дейдилар. Имом Бухорийдан қаламни олиб, китобдаги хатони тузатадилар ва Имом Бухорийга: “Тўғри айтдинг”, – дейдилар.
Имом Бухорий ўз ҳаётлари давомида кўп маротаба ва том маънода сермаҳсул сафарларда бўлдилар. У киши замоналарида қарийб барча исломий мамалакатларга, баъзи бирларига эса бир неча маротабадан сафар қилдилар.
“Мен Сурия, Миср ва Арабистон ярим оролларини икки марта зиёрат қилдим, деб ёзадилар имом Бухорий. Бир неча марта Басрада бўлдим, олти йил Ҳижозда (ҳозирги Саудия Арабистонида) яшадим, Куфа ва Бағдод шаҳарларида неча марта бўлганимни эслай олмайман”.
Бухорий 20 ёшидаёқ бир неча китоблар муаллифи сифатида машҳур бўлди. Алломанинг “Ал-адаб ал-муфрад” («Адаб дурдоналари»), “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ”дан ташқари яна йигирмага яқин китоблари бўлиб, кўплари бизгача етиб келмаган.
Аллоҳ таоло имом Бухорийга ўткир заковат, кучли ҳофиза ва ҳар бир ишни пухта бажариш қобилиятини берган эди. Ушбу илоҳий неъматларнинг аломатлари у кишининг гўдаклик чоғлариданоқ кўзга ташлана бошлаган эди. Ўн бир ёшли бола бўлатуриб, устозлари Дохилийнинг хатосини тузатганлари ҳам бунга далил.
Имом Бухорий ўз ватани Бухорога қайтгач, бир мунча вақт толиби илмларга ҳадисдан дарс берган. 871 йили вафот этгач, Самарқанд яқинидаги Хартанг қишлоғида дафн этилган.
Мақола “Олтин силсила” китоби ва бошқа манбалардан фойдаланилган ҳолда тайёрланди.
Add new comment