Илмий кузатиш ва тадқиқотлар натижасида инсон ўз ҳаёти давомида оладиган барча маълумотнинг етмиш фоизини беш ёшгача бўлган даврда олиб улгуриши аниқланган. Ҳақиқатдан ҳам бу даврда инсон боласи дунёни англайди, ўз она тилини ўзлаштиради, ота-она, оила, маҳалла, Ватанга меҳри уйғонади, умр давомида оладиган билимларга замин ҳозирлайди. Бунда, энг аввало, оила асосий роль ўйнаса, мактабгача таълим муассасасининг ҳиссаси ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этади.

Мактабгача таълим тизими ходимларини қўллаб қувватлаш, уларнинг истеъдодини юзага чиқариш мақсадида қатор танлов ва тадбирлар ташкиллаштирилиши белгилаб берилган. Худди шундай тадбирлардан бири яқинда республикамиз бўйлаб ўтказилган "Йилнинг энг яхши тарбиячиси-2023" касбий кўрик танловидир. Мактабгача таълим ташкилотларида фаолият юритаётган юқори малакали тарбиячиларни аниқлаш ва рағбатлантириш, уларнинг педагогик маҳорати ва ижодий қобилиятларини ривожлантириш, илғор тажрибаларини оммалаштиришни мақсад қилган танловда туманимиздаги педагог тарбиячилар ҳам фаол иштирок этди.

Ушбу кўрик-танловнинг мамлакат босқичи 6 та йўналишда ўтказилиб, юз нафардан ортиқ талабгор ўзаро баҳслашдилар. Вилоят шаънини муносиб ҳимоя қилган туманимиздаги 2-сонли ДМТТ тарбиячиси Дилрабо Ғаниева "Энг яхши ижодкор-ихтирочи тарбиячи" номинациясида фахрли 3-ўринни қўлга киритди. Дилрабонинг таълим ва тарбия жараёнининг сифатини оширишга хизмат қиладиган янгиликлари, яратган ижодий ишлари, кўргазмали қуроллари ва дидактик материалари ишчи гуруҳ аъзолари томонидан юқори баҳоланди. Изланувчан ва интилувчан тарбиячимизнинг шарафли касбига ривож тилаб қоламиз. Ютуқлари бардавом бўлсин!. 

Add new comment