Устозларнинг меҳнати, шогирдларига илмни тушунтириб етказишдаги заҳмати, бу йўлда чеккан беҳисоб машаққатини таърифлашга сўз етмайди. Бу йўлда олинган билимнинг қадри эса, ҳеч нарса билан ўлчанмайди. 

Ҳа, халқимизда қийналиб эришилган ҳар нарсанинг мазаси тотли бўлиши айтилади. Бугун Учқудуқ саноат техникумида фаолият юритиб келаётган Облақулбой ака Хушваков ҳам ўз соҳасининг билимдони, кўплаб шогирдларнинг севимли устози. У фан доктори даражасига эришиш йўлида кўплаб билим ва тажрибаларга эга бўлган соҳа билимдони.

 1959 йилда Самарқанд вилояти Пахтачи туманида туғилган Облоқулобой ака бугун нафақа ёшида бўлсада, ўз билими ва тажрибасини учқудуқлик ёшларга улашиб, уларни етук ва малакали кадрлар этиб тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Физика-математика фанлари бўйича фан доктори, кимё саноати машина ва ускуналари мутахассислиги бўйича доцент даражаларига эга бўлган устознинг ютуқлари талайгина. 

46 йилдан бери шу соҳада фаолият юритаётган фан доктори 26 йилдан бери шогирдлари билан билимларини бўлишиб келмоқда. Дунёнинг турли минтақаларида чоп этилган 180 га яқин илмий мақолалар, 10 дан зиёд ўқув-услубий қўлланмалар ва 1 та ихтиро муаллифи бўлган устознинг ўрганса арзигулик билимлари бисёр!

Туманимизда Облоқул акадек ўз касбининг пири, фанининг билимдонлари саноқли, шунданми улар алоҳида ҳурматга, алоҳида эътирофга муносиблар назаримизда. 

Ҳа, устоз деганда, ҳар қайси инсон кўнглида чуқур ҳурмат-эҳтиром ва чексиз миннатдорлик туйғулари, шу билан бирга, ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб ва адо қилиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси пайдо бўлади. Инсон, аввало, унга билим ва маърифат дунёси сари йўл очиб берган, унинг қалбига юксак инсоний фазилатлар ҳиссини сингдириш йўлида заҳмат чеккан устоз ва мураббийларига нисбатан кўнглида ҳамиша миннатдорлик туйғуси билан яшайди. Бугун биз ҳам сиздек устозларга бераётган таълимингиз учун туман ёшлари номидан ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.

Add new comment